Меню
Қашқадарё
ҚАТТОЛ ТУЗУМ КУНДАСИГА БОШ ҚЎЙИБ ЁЗИЛГАН КИТОБ
Сараланган сатрлар
Кўп раҳбарлардан қайси китобни ўқиганини сўрасангиз, одатда Марсель Брионнинг "Менким, Соҳибқирон - жаҳонгир Темур" деган асарини айтишади. Балки бунга айтилаётган китобнинг эртакмонанд, ҳеч бир қийинчиликсиз ўқилиши сабабдир. Бир лекини шуки, бугун раҳбарларимизни мук тушиб мутолаага берилишга ундаётган китоб аслида ҳеч қандай Марсель Брион қаламига мансуб эмас, нима дейсиз?! Тўғри, француз ёзувчиси Амир Темурга бағишлаб китоб ёзган, бироқ бу каби эмас. Тил билгич ва Брионнинг китоби билан оригиналидан танишган кишиларнинг эътирофича, таржимонлар ўзларидан тўқиб китобни роса "семиртирган" экан. Хуллас, буёғи анча мулоҳаза талаб қилади.
Биз қуйида буюк бобокалонимиз ҳақидаги тўқиб-бичилмаган асар ҳақида айтмоқчимиз. У ҳам бўлса 1968 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси академиги бўлиб ишлаган Иброҳим Мўминов томонидан ёзма манбалар асосида ёзилган "Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли" номли рисоласидир.
Энди ўйланг, 1968 йилда собиқ иттифоқ айни кучга тўлган, қиличи қайралган, Амир Темур каби саркардалар босқинчи, жаллод сифатида уқтириб-ўқитиб турилган бир замонда, Европа фалсафасидаги мураккаб мавзу - Гегель диалектикасининг рационал мағзи мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган аллақандай олим дабдурустдан Ўрта Осиёни мўғуллардан озод қилган, мустақил ва кучли давлат барпо этган Соҳибқиронни мақтаб турса...
Табиийки, бу жасоратни миллат зиёлилари олқиш билан кутиб олган бир чоғда коммунистик мафкура хизматкорлари Иброҳим Мўминовни Темур фаолиятини идеаллаштириш, унга ғайриилмий ёндашиш, сиёсий-ғоявий хатога йўл қўйишда айблашади. Бу ишга Москвадаги илмий-текшириш институтлари раҳбарлари, тарихчилар, ҳатто КПСС марказий комитетидаги баъзи раҳбар ходимлар ҳам жалб этилади. Натижада тез орада марказий ва маҳаллий нашрлар орқали Темур фаолиятига бағишланган рисолани қоралаш кампанияси бошланиб кетади. Москвадан Ўзбекистон раҳбариятига бу масала юзасидан чора кўриш лозимлиги айтилади. Айтишларича, ўша вақтда мамлакатга раҳбарлик қилган Шароф Рашидов олим бошига ёғилиши мумкин кулфатларнинг олдини олган экан...
Университетда ўқиб юрганимизда, ўқитувчилардан бири "Хўш, нега Иброҳим Мўминов Амир Темур ҳақида қўрқмай ёзди, чунки улар қариндош эди" мазмунида фикр айтганди. Тўғрику-я, бироқ мамлакат раҳбари билан таниш-билиш бўлган одам бошига ғалва орттирмай, тинчгина, маза қилиб яшаса ҳам бўларди, бироқ бу илмга нисбатан хиёнат саналарди.
Ана шундай иғво, туҳматлар Иброҳим Мўминовга оғир ботади. Унинг қалби ноҳақ гапларни, шахсий мақсадларини ҳақиқатдан, ўз халқи маънавий манфаатларидан устун кўрувчи шахслар қарашини қабул қила олмайди. Натижада олим 1974 йилда узоқ давом этмаган хасталик боис вафот этади.
Соҳибқирон ҳақида қаттол тузум кундасига бошини қўйиб китоб ёзган олимнинг ушбу рисоласини ўқиб чиқинг. Янги маълумотлар, билимларга эга бўласиз. Ҳар ҳолда олим ҳеч бир маълумотни, юқорида айтилган "таржимон"лар янглиғ, ўзидан қўшмаган, ўйлаб топмаган. Манбалар, тарихий ҳужжатларга таянган, илмий ҳақиқатни миллатни уйғотиш умидида очиқлаган...
* * *
Шарафуддин Али Яздийнинг қуйидаги маълумотларини ҳам ғоят қимматли деб ҳисоблаш лозим. Унинг айтишича, Темур бош девонида "Манзумаи турк" асари тузилган, ушбу асар ёзилаётганда унинг парчаларини Темур неча марталаб ўқиб чиққан; баъзи жойларини тузатган, таҳрир этган, қўшимча далиллар зарур бўлиб қолганда ўша воқеа содир бўлган ерларга махсус одамлар юбориб аниқлаттирган; воқеаларнинг доимо тўғри, хронологик тартибда ҳамда тарихий ҳақиқатга мос равишда ёритилишини талаб қилган.
* * *
Қашқадарё воҳасининг ҳокими Амир Ҳожи Барлос 1360-1361 йилларда Мўғулистон ҳоқони Тўғлиқ Темур қўшинларининг Мовароуннаҳрга, жумладан, Қашқадарё воҳасига бостириб киришидан қўрқиб Амударёнинг нариги соҳилига, Хуросонга қараб қочади. Темур ҳам Амир Ҳожи Барлосга ҳамроҳ бўлиб боради. Бироқ Темур юз берган вазиятни ҳисобга олиб, шу ҳолда қочиб кетилаверса ўз Ватанининг душман қўшинлари томонидан топталишини кўз ўнгига келтиради. Шу сабабли тоғаси Ҳожи Барлосга, сизнинг Хуросонга қараб йўл олишингиз, менинг эса вилоятни вайронгарликдан қутқазиб қолиш учун Шаҳрисабзга қайтишим маъқулдир ва давлатни идора қилишни сақлаб қолмоқлик мақсадида мўғул хони хизматига кирганим фойдалидир, дейди. Шу ўринда Яздий Темурнинг мана бу сўзларини ҳам келтиради: "Бошлиқсиз мамлакат жони суғуриб олинган танага ўхшайди. Жонсиз тана унинг ҳалокати билан баравардир".
* * *
Тарихий адабиётларда "сарбадор" сўзи "бош дорга" деб аниқ талқин этилмасдан тушунтирилади. Бу адабиётларда ёзилишича, сарбадорлар "агар ғалаба қозонсак, халқни мўғул зулмидан озод қилган бўламиз, бордию ғалабага эриша олмасак, унда дорга осилиш учун тайёрмиз, негаки азоб-уқубатларга ортиқ бардош бериш мумкин эмас", дер эмишлар.
Бизнинг тушунишимизча, сарбадорлар халқни мўғул зулмига қарши курашишга чақирганлар, халққа мурожаат қилиб: дорга осилганларга қаранг, бошни юқори кўтариб, зулмга, дорга қарши қўзғалинг, зулм-азоб, хўрлик кишанида яшагандан кўра ўлганимиз яхшироқ, деб хитоб қилганлар.
Тарихчиларимиз умуман Мовароуннаҳрда, хусусан, Самарқандда сарбадорлар ҳаракатини ҳар томонлама ва чуқур ўрганишлари лозим. Сарбадорлар ҳаракати тарихда ёрқин саҳифаларга эга бўлиб, унинг илдизи халқ ҳаётига, XIV асрнинг иккинчи ярми Мовароуннаҳр социал-иқтисодий ва сиёсий ҳаётига боғланиб кетганди.
* * *
Яздий "Зафарнома"сининг эндигина янгидан бунёд этилган Боилкан шаҳрида Темур томонидан ҳижрий 806 йилда чақирилган олим-фузалолар кенгаши ҳақидаги маълумоти диққатга сазовордир. Кенгашда Темур нутқ сўзлаган. У ўз нутқида бундай деган: "Фан ва диннинг машҳур кишилари ўз маслаҳатлари билан подшоҳларга ёрдам бериб келганлар. Сизлар эса менга нисбатан бундай қилмаяпсизлар. Менинг мақсадим мамлакатда адолат ўрнатиш, тартиб ва тинчликни мустаҳкамлаш, фуқаронинг турмушини яхшилаш, қурилишни кучайтириш, давлатимизни ривожлантиришдир. Сизлар бу ишларни амалга оширишда менга ўз маслаҳатларингиз билан кўмаклашишингиз керак. Мамлакатнинг аҳволи, девоннинг суиистеъмол қилинганлиги ва қилинаётганлиги, оддий одамларнинг жойлардаги ҳокимлар томонидан қисиб қўйилиши каби ҳоллар ҳаммадан кўра сизларга аёндир. Шулар ҳақида маълумот берсангизлар, бу каби адолатсиз ишларни бартараф этувчи ҳамда шариат ва қонунларга мувофиқ чора-тадбирларни айтсангизлар яхши бўлурди. Агар олдин бизнинг диққат-эътиборимизда ўзга мамлакатларни ишғол қилиш учун бўлган ҳарбий юришлар турган бўлса, эндиликда мамлакатда хотиржамлик ўрнатишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш бош вазифамиздир. Бу олижаноб ишда менга ёрдам беришларингизни илтимос қиламан".
* * *
Темур ёзишмаларига мувофиқ, вақти-вақти билан сўроқпурсиш, ревизия ва текшириш - тафтиш, тергов қилиш - таҳқиқ ўтказиб турилган. Ўз амалини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, доимий ичкилик, маиший бузуқлик кабилар оғир гуноҳ ҳисобланиб, қаттиқ жазоланган. Яздийнинг ёзишича, суиистеъмол қилиш Темур авлодларига тааллуқли бўлган вақтда ҳам, улар тегишли жазоларини олганлар. Чунончи, ўғли Мироншоҳ, невараси амирзода Пирмуҳаммад халқ олдида қаттиқ жазога тортилганликлари тўғрисида манбаларда ёзилган. Темур давлатининг обрўси, шарафи, манфаати соҳасида ғоят қаттиққўл эди: у бундай пайтларда ўзини ҳам, ўғил ва невараларини ҳам, қариндош-уруғларини ҳам, ҳарбий бошлиқларни ҳам аямас эди.
* * *
Темурнинг солиқлар ҳақидаги қоидаси жуда ҳам муҳим аҳамиятга эгадир: "Солиқ йиғишда халқни оғир аҳволга солишдан ёки ўлкани қашшоқликка тушириб қўйишдан эҳтиёт бўлиш зарур. Негаки, халқни хонавайрон қилиш давлат хазинасининг камбағаллашишига олиб келади, хазинанинг беқувватлиги ҳарбий кучларнинг тарқоқланишига, бу эса, ўз навбатида, ҳокимиятнинг кучсизланишига олиб келади".
* * *
Ўрта Осиё тарихининг билимдони, бутун дунёга таниқли шарқшунос олим, академик В.В.Бартольд: "Темур гўё Самарқанддан бошқа ҳамма ерда вайронгарчилик билан шуғулланган, деган фикр муболағали; у Кобул водийси ва Муған чўли каби Самарқанддан узоқ бўлган жойларда улкан суғориш ишлари олиб борди", деган тарихий жиҳатдан ғоят қимматли фикрни айтган эди.
* * *
"Яхши подшоҳ, - дерди у, - подшолик қилиш учун ҳеч қачон етарли вақтга эга бўлмайди, шунинг учун биз қудратли Аллоҳ бизга муқаддас қарз сифатида топшириб қўйган фуқаро фойдасига ишлашга мажбурмиз. Бу ҳамиша менинг асосий машғулотим бўлиб қолади; негаки қиёмат куни фақирлар этагимдан тортиб, мендан қасос олишни талаб этишларини истамайман".
* * *
Ҳожи Абдурашид тахаллуси билан дарвеш сифатида Бухорога кириб келган, Бухоро масжидларининг бирида имомлик қилган, кейинчалик эса Пешт университетининг шарқ тиллари ва адабиёти профессори Герман Вамбери "Бухоро тарихи" китобининг XI бобида Темур ҳақида ёзади: "Темур Осиёнинг ҳамма қисмидан ҳадсиз-ҳисобсиз хазина ва бойлик йиғди, лекин уларни хасис одамлар каби сақламади. Буни, биринчидан, унинг саройининг бой ва ҳашаматлилиги, иккинчидан эса ҳам ўз резиденциясини, ҳам ўз шаҳрини безаб турувчи ғоят улкан ва муҳташам бинолар қурдиргани исботлайди. Шунинг учун ҳам Темурни Чингизхон билан бир қаторга қўйиб, уни ёвуз, ўзбошимча, мустабид ҳоким деб атовчиларнинг фикрлари икки томонлама хатодир. У, аввало, ўзининг ғолибона қуролини замонасининг одатига кўра ишга солган осиёлик ҳоким эди. Унинг душманлари таъкидлаган қабиҳ ишлари ва вайронгарчиликлари ҳам, ҳатто бирор жиноят учун олинган ўч эди, холос. Тўғри, бу ўч жуда қаттиқ, лекин шу билан бирга адолатли эди".
НАСРИДДИН тайёрлади.