Меню

Қашқадарё

30.03.2022 1499

АТРОФ-МУҲИТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ –

бугуннинг муҳим масаласи

   

Илмий анжуман

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида “Ўзбекистонда табиий ресурслардан фойдаланиш ва қайта ишлаш жараёнида атроф-муҳит ифлосланиши муаммолари ва ечимлари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Анжуманни институт ректори О.Базаров кириш сўзи билан очди ва бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятининг асосий масаласи бўлган экология муаммоси, мамлакатимизда атроф-муҳитни асраб-авайлашга қаратилган давлат сиёсатининг моҳияти ҳақида сўз юритди.

Республика илмий-амалий анжуманида атмосфера ҳавоси, сув ва тупроқ ресурслари ифлосланишининг олдини олиш, йил сайин ошиб бораётган қаттиқ маиший ва саноат чиқиндилари, уларни қайта ишлаш, атмосфера ҳавосига чиқариладиган чиқинди газларнинг зарарини камайтириш бўйича таклифлар билдирилди, - дейди институт илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ғ.Узоқов. – Бундан ташқари,  “яшил ҳудуд”ларни кенгайтириш каби долзарб масалаларнинг илмий-амалий ечимини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилаётган тадқиқот ишлари муҳокама этилди.

Анжуман видеомулоқот тарзида ҳам ташкил этилди. Унда Тошкент давлат техника университети, Самарқанд ветеринария медицинаси институти, Қарши давлат университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қошидаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий тадқиқот институтининг олимлари ва изланувчилари, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ етакчи мутахассислари фаол иштирок этишди.

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ бош муҳандисининг илм-фан бўйича ўринбосари, профессор А.Ҳасановнинг “Кон-металлургия саноати техноген чиқиндиларини қайта ишлаш технологиясини яратиш ва атроф-муҳитга таъсирини камайтириш” мавзусидаги маърузаси анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

А.МУРОДОВ

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!