Меню
Қашқадарё
АТРОФ-МУҲИТ МУҲОФАЗАСИ ВА ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ ТАЛАБ ДАРАЖАСИДА ЭМАС
Хусусан, ҳудудлар, айниқса, қишлоқ жойларида ичимлик суви муаммоси, атроф табиий муҳит муҳофазаси масалаларида қабул қилинган ҳужжатлар ижроси бўйича давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг масъулиятини ошириш ҳамда шу мақсадга ажратилган ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлаш йўналишида Экоҳаракат вакиллари экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси билан ҳамкорликда ишлаши, аҳолининг экологик маданиятини оширишда ташаббускор бўлиши ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Аҳамиятлиси, бу йўналишдаги долзарб муаммолар ечими ҳамда уларнинг моҳияти очиб берилди.
Мазкур масалаларни вилоят мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, биргина чиқиндиларни бошқариш масалалари талаб даражасида эмаслиги кўпчиликка маълум. Вилоятдаги мавжуд 16 та маиший чиқиндиларни сақлаш полигонлари ҳолати соҳага тааллуқли қонун ва фармонлар талабларига деярли жавоб бермайди. Уларнинг атрофи ўралмаган, санитария тармоқлари, маиший хоналар ва машиналарни ювиш жойлари мавжуд эмас, электр энергия ва сув билан таъминланмаган.
Ана шу жиҳатлар ҳисобга олиниб, жорий йил охирига қадар Қарши туманида йиллик қуввати 180 минг тонна маиший чиқиндиларни йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш лойиҳасини якунлаш ва тегишли қувватларни ишга тушириш белгиланган. Айни пайтда ушбу лойиҳа ташаббускори сифатида Қарши шаҳридаги "Қашқадарё эко-транс" МЧЖ томонидан Ғузор туманининг Бўстон массивида умумий майдони 30 гектарлик маиший чиқиндилар полигони ташкил этилмоқда. Лойиҳани амалга ошириш учун Хитойнинг "Beston (Henan) Machinery Co.Ltd" компаниясидан маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш ускуналарини олиб келиш бўйича умумий қиймати 4,4 миллион долларга тенг шартнома имзоланди. Банк кредити ва ташаббускорнинг ўз маблағи ҳисобидан қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
Ҳозирги вақтда бу соҳада кўрилаётган чоралар чиқиндилар билан бирга, қимматли модда ва материалларнинг йўқ бўлиб кетишига йўл қўймаслик, атроф-муҳит саноат ва маиший чиқиндилар билан ифлосланишининг олдини олиш, қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш, зарарсизлантириш муаммоларини ҳал этишга йўналтирилмоқда.
Галдаги энг муҳим масала - аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарур. Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди, бунга ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш орқали эришиш мумкин.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, бугунги кунда Экоҳаракат вилоят ҳудудий бўлинмаси қошида "Ишонч телефони" мунтазам равишда ишлаб турибди. Жорий йилда мазкур "Ишонч телефони"га фуқароларимиздан экологик ҳуқуқбузарликлар бўйича 50 дан зиёд мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларни ўрганиш мақсадида экологик рейдлар, жамоатчилик эшитувлари ўтказиб келинмоқда. Яқин кунларда ҳудудий бўлинма ҳузурида "Жамоатчилик қабулхонаси"ни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Эндиликда эса Президентимиз маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш, айниқса, қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, шунингдек, оқова сувларни тозалаш иншоотларини ва канализация тармоқларини реконструкция қилиш бўйича мутасадди ташкилот ва корхоналар, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан биргаликда тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, амалга ошириш чораларини кўраяпмиз.
Носир ҲАЛИМОВ,
Ўзбекистон экологик ҳаракати
вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари