Меню
Қашқадарё
АТРОФ-МУҲИТ МУҲОФАЗАСИ УЧУН БАРЧА МАСЪУЛ
Ўзбекистон Экологик ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамда вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгаши Аграр ва сув хўжалиги ҳамда экология масалалари бўйича доимий комиссия аъзолари, йирик саноат корхоналарининг эколог мутахассислари, қўмита ходимлари, фаол ёшлар иштирок этишди.
Тадбирда табиатни, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун барча бирдек масъул экани ҳақида мулоҳаза юритилиб, жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган энг муҳим экологик муаммолар тўғрисида фикрлашилди. Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик вазиятни соғломлаштириш, ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим-тарбия тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган тадбирлар, вилоятимиз марказида экологик хавфсизлик, соғлом ҳаёт муҳитини таъминлаш ҳамда ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари самарадорлиги муҳокама қилинди.
- Бугун дунёнинг кўплаб ҳудудларида одамлар ифлос ҳаводан нафас олаяпти, ичишга яроқсиз сувни истеъмол қилишга мажбур бўлаяпти, - деди Қарши давлат университети профессори Туроб Тиловов. – Биз эса шундай жаннатмонанд юртда яшаяпмиз. Бироқ озгина бепарволик, лоқайдлик атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўпинча эсдан чиқарамиз. Албатта, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш учун ҳар бир фуқаро бирдай масъул бўлиши, ўзини табиат, она замин олдида бурчли санаши лозим.
Давра суҳбатида чиқиндини қайта ишлаш, йирик саноат корхоналарида экологик назорат ишларини янада кучайтириш, жойларда аҳоли ўртасида тарғибот тадбирларининг доимий ўтказилишини таъминлаш борасидаги муҳим вазифалар ҳақида ҳам фикрлашилди.
Х.АБДУЛЛАЕВА