Меню

Қашқадарё

16.04.2016 2046

АТРОФ-МУҲИТ МУҲОФАЗАСИ

Аввало айтиш керакки, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон    Республикаси Конституциясида фуқароларнинг қулай экологик муҳитда яшаш, табиий ресурсларга, улардан оқилона фойдаланишга бўлган ҳуқуқлари ўз ифодасини топган. Шунингдек, Бош қомусимизда табиий ресурслар давлат муҳофазасида эканлиги кафолатланиб, фуқароларнинг атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш борасидаги мажбуриятлари белгилаб қўйилди. Бу эса экологик қонунчиликнинг янада ривожланиши учун таянч нуқтага   айланди.

Умуман, бугунги кунда республикамизда аҳоли саломатлиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш соҳасида 30 дан ортиқ муҳим қонунлар ҳамда 150 га яқин қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Экологик қонунчилигимиздаги "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида"ги, "Чиқиндилар тўғрисида"ги, "Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги, "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги, "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги, "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги ҳамда бошқа қонунлар инсон ва    табиат ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берганлиги билан аҳамиятлидир. 

2013 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Экологик назорат тўғрисида"ги Қонуни аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атроф муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда жамоатчилик иштирокини кучайтириш ва жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигини кенгайтиришнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди. 2015 йил 8 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишга доир Намунавий низомларни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори қабул қилиниб, унга асосан "Жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Намунавий низом" ва "Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори тўғрисидаги Намунавий низом"  тасдиқланди. Эндиликда экологик назоратнинг жамоатчи инспектори институти жорий этилиб, ушбу тизимни шакллантириш ҳуқуқи фуқароларнинг ўзини ўзи   бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларга берилганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

    Жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартиби, жамоатчилик экологик назорати субъектлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ҳамда  экологик назоратнинг жамоатчи инспектори фаолиятини ташкил қилиш тартиби, унинг вазифаси, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи ушбу низомлар жойларда табиат муҳофазасига доир қонунларнинг бузилиши, атроф муҳит мусаффолигига салбий таъсир этувчи ҳаракатларнинг олдини олиш ва бартараф этишда катта аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Ўзбекистонда миллий экологик қонунчиликни ривожлантириш билан бир қаторда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги  халқаро ва давлатлараро шартномалар, битимларга қўшилиш, уларни имзолаш борасида ҳам тизимли ҳамда изчил ишлар  амалга оширилмоқда. Ҳукуматимиз томонидан экология соҳасида қатор халқаро битимлар ва конвенциялар имзоланганлиги фикримизнинг далилидир.

Эндиги вазифа табиатни муҳофаза қилишга қаратилган қонунчилик тизимини янада ривожлантириш борасидаги ишларни изчил давом эттиришдир. Бунда асосий эътиборни табиий ресурс ва табиатни асраш бўйича нормалар ўртасидаги номувофиқликни бартараф этишга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида фуқаролар ҳамда хўжалик юритувчи субъект ва давлат манфаатлари ўртасидаги келишмовчиликларни суд орқали ҳал этиш механизмларини кучайтиришга, табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар бўйича мажбуриятлари доирасида уйғунлаштиришни таъминлашга қаратиш даркор.

Ислом ХУШВАҚТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзоси.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!