Меню
Қашқадарё
Қатор мамлакатларда террорчилик ташкилоти дея тан олинган тузилма аъзоси олимпия чемпиони бўлди
Эронлик Жавад Форуғи Токио олимпиадасида ўқ отиш спорти бўйича олтин медалга эга чиққач, можаролар гирдобига тушиб қолди. Спортчи АҚШ ва қатор мамлакатларда террорчилик ташкилоти дея тан олинган Ислом инқилоби соқчилари корпуси аъзоси ҳисобланади.
Форуғи нафақат пневматик тўппончадан ўқ отиш бўйича чемпион бўлди, балки 244,8 балл тўплаб, вьетнамлик Хоанг Суан Вин ўрнатган олимпия рекордини ҳам янгилади. Аммо, унинг муваффақияти навбатдаги можарони келтириб чиқарди. Кўринишидан 41 ёшли эронлик спортчи АҚШ, Исроил, Саудия Арабистони ва Баҳрайн ҳукуматлари террорчилик ташкилоти деб тан олган Ислом инқилоби соқчилари корпуси таркибида туради.
Форуғининг ғалабаси унга рақиб бўлган бир қатор спортчиларда, жумладан, эронликка ютқазиб қўйган кореялик мерган Чин Жонда ҳам савол пайдо қилди: "Қандай қилиб террорчи Олимпия ўйинларида ғалаба қозониши мумкин? Бу бемаънилик!"
Жамоатчилик билдирган норозиликка изоҳ берган Халқаро Олимпиа қўмитаси халқаро нормаларга мос тушадиган спортчи, агар уни ўз мамлакати танлаган бўлса, мусобақаларда қатнашиши мумкин, дея баён қилган. Ташкилотчилар эса беллашувларда ҳарбий хизматчи ҳисобланган кўплаб спортчилар қатнашаётгани, касби уларнинг иштироки учун тўсиқ бўла олмаслигини маълум қилган.