Меню
Қашқадарё
АТЛЕТЛАРИМИЗДАН МЕДАЛЛАР ШОДАСИ
Ҳар иккала мусобақада вилоятимиз терма жамоаси аъзолари ҳам муносиб иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритди.
Хусусан, очиқ турнирнинг 10 километр масофага спортча юриш баҳсларида ўғил болалар ўртасида терма жамоамиз аъзоси Азимжон Номозов иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, худди шу йўналишда қизлар ўртасида ўтказилган баҳсда биринчи ва иккинчи ўринлар вилоятимиз вакиллари - Зуҳра Қаҳрамонова ҳамда Ситора Қаҳҳорова томонидан банд этилди.
Шунингдек, 100 метрга ҳамда 200 метрга югуриш баҳсларида вилоят терма жамоаси аъзоси Жалолиддин Ҳамроқулов биринчи ўринни эгаллаб, иккита юқори даражали медални қўлга киритди.
Катта ёшлилар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати баҳслари ҳам жамоамиз аъзолари учун янада муваффақиятли кечди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, мусобақа низомига кўра, мамлакат чемпионати баҳсларида 15 ёшдан катта спортчилар иштирок этади. Шунга кўра, 1996-1998 йилларда туғилганлар ўртасида ўтказилган очиқ турнирда иштирок этган спортчилар Ўзбекистон чемпионатида ҳам қатнашиш имкониятига эга бўлишди.
Эътиборлиси, Ўзбекистон чемпионатида ҳам Жалолиддин Ҳамроқулов 100 ва 200 метр масофага югуриш баҳсларида биринчиликни ҳеч кимга бермади. У икки кун ичида ўтказилган иккита турнирда жами 4 маротаба шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Шунингдек, Қарши давлат университети талабаси Мирсаид Бухоров 3 километрга тўсиқлар оша югуриш ҳамда 5 километрга югуриш баҳсларида рақибларини сезиларли фарқ билан ортда қолдириб, ҳар иккала йўналиш бўйича чемпионликни расмийлаштириб қўйди.
Шунингдек, 10 километр масофага спортча юриш баҳсларида Расулбек Дилмуродов ҳамда Асилбек Зокиров 2- ва 3-ўринларни эгаллаган бўлса, қизлар ўртасида Паризода Набиева биринчи, Нозанин Аҳмаджонова эса иккинчи ўринни қўлга киритди.
1500 метрга югуриш баҳсида мутлақ ғолиблик Кўпайсин Худоёровга насиб этган бўлса, 400 ва 110 метрга тўсиқлар оша югуриш баҳсларида яна бир вакилимиз Раҳмонжон Итолмосов иккинчи ҳамда учинчи ўринларни эгаллади.
Умумий ҳисобда спортчиларимиз иккита турнирдан 16 та медаль билан қайтди. Шундан 9 таси 1-даражали, 5 таси 2-даражали ҳамда 2 таси 3-даражали медаллардир.
Олим БОҚИЕВ,
Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси вилоят бўлими ижрочи директори