Меню

Қашқадарё

30.08.2018 1941

ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИ ХОТИРАСИ МУЗЕЙИ ОЧИЛДИ

Бу ҳақда Қарши давлат университети тузилмасида ташкил қилинган Қатағон қурбонлари хотираси музейи кўргазмаларида сўз боради. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, куни кеча ушбу музейнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тарихчи олимлар, музей мутахассислари, кенг жамоатчилик иштирокида ўтган тадбирда советларнинг юртимиздаги қатағон сиёсати тарихимизнинг ўрганилмаган даври экани, қатағонга учраган халқимизнинг  аянчли ҳаёти, фожиали тақдири барчани мозийдан хулоса чиқариб яшашга ундаши таъкидланди.

Қайд этиш лозим, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тегишли кўрсатмалари билан республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган ушбу музейларда "Совет давлати қатағон сиёсатининг бошланиши (1926-1936)", 1937-1938 йиллардаги  "Катта қирғин" оқибатлари, "1940-1950 йилларда Ўзбекистон жанубида амалга оширилган сиёсий қатағонлар", "1980 йиллардаги қатағон. "Пахта иши" кампанияси" ўз аксини топмоқда.

Музей маълумотларида акс этишича, биргина "пахта иши" кампанияси пайтида юртимизда 25 минг кишига нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, улар расмий суд ёки тергов-суриштирув ҳаракатлари ўтказилмасдан қамалган, 4 минг 500 киши жиноий жавобгарликка тортилиб, 3 минг 600 кишига турли даражадаги жазо чоралари қўлланган. Қатағон даҳшатларидан кексалар, болалар, ҳомиладор аёллар ҳам четда қолмаган. Фото ва видео материаллар, қўлёзмалар, тарихий хариталар, китоблар, суратлар яқин тарихимизнинг аёвсиз кунлари ҳақида яққол тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.  

- Музей фаолияти шу замин, шу юрт тинчлиги учун жонларини аямай курашган ватандошларимиз номларини абадийлаштиришга қаратилган, - дейди Қарши давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори Дилнавоз Раҳматова. - Ўтган вақт ичида музейга шўро ҳукумати даврида қатағонга учраган юртдошларимизнинг фотосуратлари ва улар ҳақида маълумотлар (таржимаи ҳол, ҳужжатлари) ҳамда буюмлар қабул қилинди, мазкур жараён давом эттирилмоқда.

Маълумот учун, музей Қарши шаҳридаги Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ зиёратгоҳида жойлашган.

Б.САЙФИЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!