Меню

Қашқадарё

20.10.2020 1483

ҚАТЪИЙ ВА МУНТАЗАМ ЧОРАЛАР ЗАРУР

21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни

Бугуннинг гапи

МУАММО.  Ҳар йили 21 октябрь санаси яқинлашаркан, деярли барча оммавий ахборот воситалари орқали кундалик ҳаётимизда учрайдиган кўплаб имло хатолари, ажнабий ёзувларни танқид қилишга киришиб кетилади. Ва... шу билан мавзу яна бир йилга ёпилади ва ҳеч ким эътибор қаратмайди. Ора-орада тилшунослар, зиёлиларнинг у-бу чиқишларини ҳисобга олмаса, тилимизни ҳурмат қилиш бўйича айтарли жиддий муносабатни, юксак даражадаги рағбатни кўрмаймиз, кўрмасдик.

Бугун давлат тили нуфузини юксалтириш бўйича катта ишлар қилинаяпти, махсус қонун ҳужжатлари қабул қилинди, тил масалалари билан шуғулланадиган департамент иш бошлади, ҳокимларнинг айни жабҳа бўйича ўринбосарлари фаолият кўрсатаяпти, бироқ натижа буткул ўзга ўзанга бурилиб кетгани йўқ-да. Тўғри, бунга маълум вақт керак, бироқ 30 йилда бажарилмаган иш қисқа вақтда уддалаб ташланишига ишончимиз сустлашишига бир қатор сабаблар бор.

Мисол учун, ажнабий ном қўйгани учун бирор субъект мутасаддиларига нисбатан тегишли чора кўрилгани ҳақида эшитмадик. Бу борадаги мониторинг, ўрганишлар тавсиявий характердан нарига ўтмаяпти.

Биламиз, тадбиркор давлат рўйхатидан ўтиш жараёнида корхонаси учун 3-4 хил номни таклиф этади. Рўйхатдан ўтказувчилар эса базадан кўрсатилган номларда бошқа корхона бор-йўқлигини текширишдан нарига ўтмайди. Корхона номи давлат тилидами-йўқми, тайинли маъноси борми, бор эмасми, тўғриси, улар учун бир тийин. Шунинг учун маъносини ҳатто хорижликлар ҳам айтиб бера олмайдиган атамалар урчиб кетган. Буниси-ку майли, "Ҳамид Карзай" номли фермер хўжалиги борлигига нима дейсиз. Афғонистоннинг собиқ раҳбари исм-шарифини вилоят деҳқонларига қўйиб берган рўйхатбонлар аллақандай "плаза-млаза" дегич номларни жон деб ҳужжатга тиркашганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади.

САБАБ.  Хўш, ажнабий номларга нега бунча ўчмиз ўзи? 80 минг сўзлик луғатимиздан наҳотки кўнгилга ўтирадиган ном топилмаса?

Кузатишларимизга кўра, бунинг дастлабки боиси, машҳур брендлар номидан фойдаланишга уриниш, мустақил изланиш, фикрлаш даражасининг ҳаминқадарлигидир.

Дейлик, парда тайёрлаб сотадиган тадбиркор корхонасига ном қўймоқчи. Интернетга кирса, дунёга машҳур пардачилар номлари тиқилиб ётибди. Улардан бирини танлаб, уялмай-нетмай ўзлаштириб олаверади. Вақти келиб ўша бренд эгалари юртимизда шу номда маҳсулот бозорга чиқарилаётганидан хабар топса, судга беришлари, каттагина пул ундириб олишларини хаёлларига ҳам келтиришмайди. Германиянинг "Nivea" компанияси Қашқадарёда "Niveau" номи остида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар фирмасини судда ютиб чиққанига ҳали унча кўп бўлмади.

Яна бир сабаб шуки, хорижий ном қўйилса, харидорлар эътиборини тортади, деб ўйлашади. Аслида харидор учун бренд номидан кўра маҳсулотнинг сифати ва нархи муҳим. Сифатсиз маҳсулот тақдим қилиб, мингта машҳур бренд ёки шунга менгзаш ном қўйиб олмайсизми, бир алданган харидор қайтиб бу ерга қадамини босмайди.

Қолаверса, бизда тақлид деган ёмон одат бор. Мисол учун, қурилиш соҳасида "Murod buildings" деган корхона машҳур бўла борса, тез орада ҳар жойда "Эшмат buildings", "Тошмат buildings"лар кўпайиб қолади. Ҳеч бири шуни, дейлик, "Холмат қурилиш" деб номлаш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Чекка бир қишлоқда бирови дўконча очиб, тепасига "korzinka.uz" деб ёзиб қўйибди. Пойтахтда шу номда машҳур супермаркетлар тармоғи борлигини биламиз, у ердаги хизматлар ҳақида ҳам эшитганмиз. Уларнинг бирортасини учратиш мумкин бўлмаган қишлоқдаги дўкончани кўриб эса фақат кулиш ва дўкондорнинг савиясига ачиниш мумкин, холос. Ҳавас қилиш яхши, лекин зўраки тақлиднинг кимга кераги бор?!

Энди бир тасаввур қилинг: ўша "korzinka.uz"дагилар қай бир тасодиф билан чекка қишлоқдаги, ўзларининг номини қўйиб олган дўкончани кўриб қолишди. Нима қилишади, деб ўйлайсиз? Кулишади, брендини шарманда қилаётгани, ўз номидан фойдаланаётгани учун дўкондорга яхшигина дакки бериб қўйишлари ҳам турган гап. Энди буни каттароқ миқёсда олиб кўринг: чет элликлар юртимизга келиб, ўзларида машҳур бўлган номларни кўришдию, номдан бошқа ҳеч нарсани: на тайинли хизмат, на сифатли маҳсулотни учратишмади. Яъни бу номлар аслида сохта, алдов эканини сезиб қолишди. Улар нима қилишади? Ўз мамлакатига бориб, савиямизни муҳокама қилишмайдими? Бизга шу керакми? 

ЕЧИМ. Биламиз, ҳар қандай тил ички ва ташқи манбалар асосида ривожланиб, шаклланиб боради. Аммо ўзлашган сўзлар ўзбек адабий тилининг илмий қонун-қоидаларига мос тарзда ишлатилиши ва қўлланишини унутмаслик керак. Шуниси ҳам борки, халқаро сўзлашувда барчага тушунарли сўзларнинг қандайдир вариантларини ўйлаб топиш, излаб вақт ўтказишдан маъно йўқ. "Стоматология" деса ҳаммага тушунарлими, уни "Тиш даволаш маскани" деб қайта номлаш кераксиз иш. Оддий сўзлашувда бировдан тиш дўхтирга эмас, "Тиш даволаш масканига бораман" деган гапни эшитганмисиз? Шундай экан, қайта номланадиган жойлар ва номлаш учун таклиф қилинаётган сўзларда бунга эътибор қаратилиши керак.

Карантин шароитида ниқоб тақмаганлар жаримага тортилиши қатъий белгиланиб, бунга амалда эришилдими, демак, тил масаласида ҳам юқори натижаларга эришса бўлади. Давлат тилини менсимаяптими, марҳамат, жаримани тўлаб қўйсин! Тилни билмайдими, ўргансин!

Корхона номини рўйхатга тиркагичлар ҳокимнинг тил масалаларига жавобгар ўринбосаридан маслаҳат сўрасин. Унинг тавсиясисиз ҳар кимга хоҳлаган номини қўйиб олаверишига рухсат берилмасин.

Баннер чиқарувчилар одатда хорижий атамаларга ўч компьютерчилардан иборат. Ана шундай субъектлар битта тилчини ишга қабул қилиб, хатоларини, ўзбек тили қоидаларига риоя этилишини текшириб бориши керак. Майли, унинг ҳақи реклама берувчилар ҳисобидан қопласин, изласа, имкон топилади.

Ҳаётда онага миқёс бериладиган сўзлар кам. "Она Ватан" деймиз, "Она тили" деймиз. Она, Ватан қанчалик муқаддас бўлса, тил ҳам барчамиз учун шунчалар қадрли, азиз. Шундай экан, уни хорламайлик, топтамайлик! Ҳар нарсанинг ҳам уволи бўлади...

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!