Меню

Қашқадарё

13.12.2018 2092

ҚАТЪИЙ НАРХИ 87 МИНГ 500 СЎМ БЎЛГАН 1 ҚОП УНГА 40 МИНГ СЎМНИ КИМ "МИНДИРАЯПТИ"?

Бошқа муқобили йўқ экан, ўз-ўзидан аёнки, бундай маҳсулотлар арзон ва сифатли бўлиши керак. Бироқ бугун вилоятда мутлақо тескариси: уннинг нархи қиммат, нисбатан арзонроқлари эса сифатсиз, қозоқ уни қўшмаса, тандир нонни ушламайди, манти, сомсаю пишириққа-ку мутлақо ишлатиб бўлмайди.

Хўш, бунинг сабаблари нимада? Ун нархи нега кескин ошди ўзи?

Аҳолининг аксар қисми газ, электр, сув каби коммунал тўловлар, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кўтарилганига ҳамоҳанг ун нархидаги ўзгаришга ҳам табиий равишда кўн(ик)аётган бўлса, ун сотувчилар маҳсулот нархи эркинлаштирилгани қимматчиликка сабаб бўлаётгани, қўшни давлатдан ун келмаётганини рўкач қилишаётир.

Бу гаплар қанчалик асосли, қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.

Маълумки, шу йилнинг сентябригача 1 килограмм буғдой уни 935 сўм эди. Шунга кўра, 50 килолик 1 қоп уннинг улгуржи баҳоси 46 минг 750 сўмга тенг бўларди. Бироқ ўшанда ҳам қопи 50-60 минг сўмлик унни топиб бўлмасди. Сабаби, аҳоли эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган арзон ун қинғир йўллар билан фақат олғир "тадбиркор"лар тегирмонини юргизар, улар эса уннинг ҳақиқий эгалари - эҳтиёжмандларга маҳсулот устига икки баравар баҳо қўйиб, пуллашарди. Ғалати, ғирром вазият юзага келганди.

Қолаверса, айтишларича, ҳар қопи 46 минг сўмлик бу арзон ун дон ишлаб чиқарувчи корхоналар зарар билан ишлашига, давлат бюджетидан миллиардлаб маблағ сарфланишига ҳам сабаб бўлган экан.

Шу каби омиллар ҳисобга олиниб, сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган қарорга келинди: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги "Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан 1 килограмм 1-навли буғдой унини улгуржи сотиш нархи 1400 сўм этиб белгиланди.

Кўриниб турибдики, қарор талабидан келиб чиқсак, бугунги кунда 50 кило ҳажмдаги бир қоп уннинг улгуржи баҳоси 70 минг сўм бўлади. Яна бир қатъий талабга кўра, қўлдан-қўлдан ўтиб, чакана сотилганда ҳам маҳсулотнинг 1 килограмми 1750 сўмдан, 50 килолик қопдагиси эса 87 минг 500 сўмдан ошмаслиги шарт.

Унга янги нарх белгиланаркан, Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси мутасаддилари 1 қоп 50 килолик 1-нав ун аввал чайқовчилар томонидан 85 минг сўм атрофида сотилгани, амалдаги ўзгаришдан кейин ҳар қоп унга кўпи билан 2 минг 500, килосига 50 сўмдан "миниши"ни маълум қилишган, янги тартиб натижасида донни қайта ишловчи корхоналар учун том маънода бозор механизмлари таъминланиши, давлат бюджетидан аҳолини арзон ун билан таъминлаш учун сарфланаётган ва аслида айрим устомон "тадбиркор"лар "бизнес"ини авж олдирган миллиардлаб маблағ ҳавога совурилмаслиги, чунки уннинг улгуржи ва чакана нархлари ўртасидаги фарқ катта эмаслигини маълум қилишганди.

Афсуски, улар айтганидек бўлмади. Маҳсулотнинг давлат белгилаган нархи билан қўлдаги баҳоси ўртасида кескин фарқ ҳали-ҳануз сақланиб турибди. Бу орада эса маҳаллий уннинг мақбуллаштирилган баҳоси ортидан қозоқ уни йўқ жойдан 190 минг сўмгача кўтарилиб кетди.

Тўғри, маҳаллаларда 87 минг сўмлик ун рўйхат бўйича тарқатилаяпти, аммо бу аҳоли эҳтиёжини тўла-тўкис қондира олмаяптики, бирор марта арзон ун олмаган кишилар ҳақли тарзда эътироз билдиришмоқда. Аҳоли тўлиқ қамраб олинмаётганини биргина Қарши шаҳрининг ўнлаб нуқталаридаги "ун бозор"ларида гуллаётган савдо мисолида кўрса бўлади.

Мисол учун, "Умида" чойхонаси томондаги, Қарши шаҳар 2-сонли ички ишлар бўлими рўпарасидаги шохобчада бир қоп ун 125 минг сўмдан сотилаяпти. "Қорақалпоқники, сифати яхши", дейди сотувчи. Сифатини билмадигу, бироқ нархи унча-мунча одамни "чақиши" тайин. Гўё нима хаёл қилаётганингизни уққандай:

- Мана, Тошкент унидан 25 килолигини олинг, 70 минг сўм, - гапида давом этади у.

Демак, бунинг 50 килоси оз эмас, нақ 140 минг сўмга тушади. Қозоқ уни билан деярли баравар. Қозоқ уни эса 130 мингдан бошланиб, 160 минг сўмгача. Нега қимматлигини сўрасангиз, "Бизнинг қўлимизда эмас-ку, мен бор-йўғи 500 сўм қўяман", дейди сотувчи.

Автомобиль транспорти агентлиги вилоят бошқармаси ёнидаги шохобчада эса маҳаллий "Дунё" унини 125, "Қашқадарёдонмаҳсулот" АЖ ёрлиғи ёпиштирилган "заготзерно" деганини 130, қозоқ унини эса 160-170 минг сўмгача оласиз. Эътироз билдирсангиз, эвазига "Ҳалиям бизда арзон, ана, "гез" томонга боринг, 200 минггача сотишаяпти", деган жавобни беришади.

"Гез" деганлари Қарши шаҳрининг Насаф кўчасидан "эски бозор" томон борадиган манзил бўлиб, дарҳақиқат, бу ердаги "ун бозори"да иш анча қизғин. "Энг арзон ва сифатли унлар фақат бизда" дея, реклама рақобати қоидалари бузилган каттагина эълон "қўр" тўкиб турганига қарамай, бу ердаги нархлар бошқа жойлардан деярли фарқ қилмайди. Бухоро унини 128 мингга, қозоқ унини шундан анчагина қиммат баҳода харид қилиш мумкин.

- Қозоғистондан вагон кирмаяпти, шунинг учун ун нархи қимматлашди, - дейди оилавий тадбиркор Абдулаҳад Бегматов. - Лекин янги йилдан кейин тушиб қолади. "Совместный" унни 127 мингдан сотаяпмиз, буғдойи қозоқники, тегирмон Тошкентники, буям ёмонмас. Тўғри, солиқдан келиб "Унни 87 минг 500 сўмдан сотамиз" деб хат ёздириб кетишди, лекин "Дунё" уни келаётгани йўқ, бўлса, сотаверамиз.

Қизиқ, қўшни давлатдан вагон кирмаётган бўлса, бунинг маҳаллий ун баҳосига қандай дахли бор? Кўтарилса, фақат қозоқники кўтарилиши керак эмасми? Яна бир томони, вагон "келмай", биргина вилоятни шунча қозоқ уни босиб кетган экан, агар келса, қанча бўларди?!

Аслида нарх мақбуллаштирилганини айрим олиб-сотарлар унни қиммат қилиш учун баҳона ўрнида ишлатмаяптими? Шу ўринда бир савол туғилади: агар, "Дунё" уни бўлганида 87 мингдан сотишармиди? Бирор шохобча йўқки, унда маҳаллий ун 115 минг сўмдан арзонроқ бўлса.

Ана шундайини - 115 минг сўмлик, Жомбойдан келтирилган нисбатан арзон унни "Ерқўрғон" бозорида топасиз.

- Лекин сифати яхшимас, тўғрисини айтиш керак-да, - дея огоҳлантиришни ҳам унутмайди сотувчи. - Ўрнига "Дунё"дан олинг, 123 минг.

- Ҳар куни 50 қоп атрофида ун ўтказаман, - дейди якка тартибдаги тадбиркор Баҳодир Элмуродов. - Ҳар қопига, маҳаллий ун бўладими, қозоқникими, 3 минг сўмдан қўямиз. Жомбойникини 112 дан олиб, 115 дан, "Дунё"ни 120 дан олиб, 123 дан сотамиз, 3 ой олдин 85 дан эди. Солиқ бор, 3 миллион сўм ижара тўлаймиз. Унча кўп ҳам қолмайди.

Хўш, чиндан ҳам тадбиркорга кўп қолмайдими? Шу бўйича бир ҳисоб-китоб қилиб кўрсак. Сентябрдан ун нархи ўзгариб, 1 килограмм 1-навли буғдой унининг улгуржи сотиш нархи 1400 сўм этиб белгиланган бўлса, 50 килолик 1 қоп ун 70 минг сўм бўлади. Сотувчи ҳам фойда кўриши кераклиги ҳисобга олиниб, 17 минг 500 сўмгача устига қўйиб сотишга рухсат берилган. Агар у бир кунда 50 қоп ун ўтказган тақдирда ҳам шунинг ўзидан қоладиган фойда 875 минг сўм бўлади. Бир кунга ёмон эмас, тўғрими?

Аммо ун сотувчилар бунга ҳам қаноат қилмай, шу пулнинг устига қўшимча яна 40 минг сўмдан "миндириб" олишган ва шунинг ўзиёқ ҳар қоп ундан 50-60 мингдан "туғаяпти". 50 қопдан қоладигани эса 3 миллион сўмнинг нари-берисида! Яна бир кунда!

Тадбиркор ижарага тўлайман деган 3 миллион сўм бир қарашда ваҳимали туюлади, аммо у бир ойда топиши мумкин бўлган 80-90 миллион сўм пул ҳам ҳазилакам эмас.

Тўғри, ҳеч ким зарарига ишламайди, бироқ фойда ҳалол, қонуний йўл билан олинганига нима етсин?!

Ўрганишларимиз вилоятнинг барча ҳудудида ун нархи бир хилда эканини кўрсатмоқда. Мисол учун, Қарши туманида "Дунё" уни 128-130 минг сўм атрофида бўлса, Миришкорда, хусусан, туман марказидаги "Шоҳрух", "Маржона" савдо мажмуаларида 125-135 минг сўм оралиғида пулланаяпти, қозоқ уни эса 160 дан 190 минггача. Хуллас, ҳамма жойда “хўроз” бир хил қичқираяпти. Мазкур жараённи назорат қилиши керак бўлган идоралар эса негадир жим, гўё маҳаллаларга олиб бориб тарқатилаётган 87 минг сўмлик ун ҳаммага етиб ортаяптию, бировнинг унга      танқислиги йўқ.

"Дунё-М" акциядорлик жамияти масъуллари 10 туманда чакана кўчма савдо дўконлари ташкил қилингани, вилоят ва туман дислокациясига асосан чекка ҳудудларгача 87 минг 500 сўмдан ун сотилаётгани, ҳокимият белгилаб берган тақсимотдан бир килоям ортиқча сотишга ҳақлари йўқлигини маълум қилишди.

Агар мутасаддининг айтганлари тўғри бўлса, унда "ун бозор"ларига "Дунё" унлари қай тариқа бориб қолаяпти? Демак, унни арзонига олган нон ишлаб чиқарувчи бозорга олиб чиқиб, қимматига сотаяпти, ё жамиятдагиларнинг ўзлари бозорга чиқараяпти. Нима бўлганда ҳам энг кўп ютқазаётган - истеъмолчи, чунки у эски шаклдаги "ўйин"ларни, янги кўринишдаги ғирромликни деб 30-40 минг сўм ортиқча харажат қилишга мажбур бўлаяпти.

Ваҳоланки Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 сентябрдаги йиғилишида берилган топшириққа асосан Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси супермаркетлар, йирик савдо марказлари, бозорлар ва шохобчаларда маҳаллий 1-навли уннинг чакана нархлари асоссиз шаклланишининг олдини олиш чораларини кўриши керак. Ўз навбатида Давлат рақобат қўмитаси ҳам ушбу жараёнда томошабин бўлиб турмаслиги даркор. Улар ўз вазифаларини қай даражада уддалашаётганини суриштириб ўтиришга ҳожат йўқ: кўчадаги нарх ҳаммасини айтиб турибди.

Ун нархининг асоссиз кўтарилганига ҳам айнан шу - назоратнинг йўқлиги асосий сабаб. Бу сабабнинг оқибатини аслида бир ярим минг сўмлик нон 2 минг сўм бўлиб дастурхонимизга кираётганидагина ҳис қилаяпмиз. Аммо токайгача бу хўжасизликка жим қараб туриб бўлади? Шунчаки хат ёздирган,  шикоятлар бўлса, ишонч телефонига чиқинглар, деган билан иш битмайди. Амалий ҳаракатга ўтиш, нархлар бўйича рейд ўтказилиб, тегишли чоралар кўрилиши даркор. Ё   сотувчилар айтганидек, янги йилдан кейин ун арзон бўлиб қолармикан? Билмадик, билмадик...

Б.ЎКТАМ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!