Меню
Қашқадарё
“АСР ВАБОСИ”ГА ҚАРШИ КУЧЛИ ИММУНИТЕТ КЕРАК!
Хўш, бунда кимни айблаш керак?! Мўмай фойда умидида бўлган, қилт этмай ажал уруғини тарқатаётган гиёҳфурушларними ёки уларни сотиб олиб, ўткинчи ҳузур-ҳаловат топишни ўйлайдиган кишиларними? Таассуфки, ўзга юртларда гиёҳвандлик ўсимликларини етиштириб, айланма йўллар билан давлатимиз чегараларини бузиб, мазкур наркотик моддаларни мамлакатимизга олиб ўтишга уриниш ҳоллари учраб туради. Бу разолатли иш билан шуғулланаётган, мумай пул топиш йўлида одамийликни унутган манфур кишиларга увол, гуноҳ деган сўзлар умуман бегона назаримизда.
Шу ўринда бир мулоҳаза кишини ўйга толдиради. Хўш, нега бундай аянчли ҳолатлар аҳён-аҳён бўлса-да, учраб турибди? Юртимизда наркотик савдоси “юриб туриш”идан ким манфаатдор? Аввало, мамлакатимиздаги тинчликни кўролмайдиган, юртни парокандаликка буришни кўзлаётган ғаламислар эмасми? Улар ҳар нега тайёр, оғу оғушида бўлган манқуртларни кўпайтиришни ва алалоқибат ўз ниятига етишишни истайди. Унутмаслик керакки, бизнинг бепарволигимиз уларнинг фойдасига ишлайди.
Она Ватанини, ота-онасини, фарзандлари ва яқинларини севган инсон, ёвуз ниятли ғаламисларнинг ваъдаларига алданиб, юртга оғу олиб кирмайди. Бир сўз билан айтганда, “аср вабоси” дея тилга олинаётган гиёҳвандликка қарши бирга курашишимиз, унинг илдиз отишига йўл қўймаслигимиз, ҳар биримиз доимо ҳушёр ва сергаклигимизни оширишимиз лозим.
Т.НИЁЗОВ