Меню
Қашқадарё
АСОСИЙ САВОЛЛАР ОЧИҚ ҚОЛАЁТГАНДА, ТЕГИШЛИ МУТАСАДДИЛАР ИШТИРОКИДАГИ ТАДБИР БОШҚА КУНГА ҚОЛДИРИЛДИ
"Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати доирасида вилоятда бугунги кунга қадар 73 минг 519 та хонадонга 24 миллиард 690 миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам етказиб берилган.
Бу ҳақда вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган, давлат органлари ва ташкилотлари Қашқадарё вилоятидаги бўлим ва бошқармалари раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари ижросига оид брифинг ва матбуот анжуманлари ўтказиш режасига мувофиқ, 11 июнь куни Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ташкил этилган вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Қайд этилишича, 2020 йилда вилоятдаги 29 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш режалаштирилган бўлса, ишга жойлаштирилиши белгиланган 36 минг 636 нафар ёшлардан шу йил июнига қадар 11 минг 930 нафари доимий иш ўрнига эга бўлди.
Касбга ўқитиш бўйича талабгорлар эса тикувчилик, сартарошлик, пазандалик, ҳунармандчилик каби йўналишларни маъқул кўришган.
Бу йил аҳоли томорқаларидан жами 1 миллион 132 минг тонна маҳсулот олиш кўзда тутилгани ҳам эътиборга молик.
* * *
Куннинг иккинчи ярмида вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умид Раҳимов Президентнинг 2019 йил 6 сентябрдаги фармони доирасида амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берди.
Таъкидландики, фармонга асосан вилоятдаги 6 та академик лицей олий таълим муассасалари тасарруфига ўтказилди, 3 та коллеж мактаб-интернатларга айлантирилди, 2 та коллеж ўрнида олий ўқув юрти иш бошлади, 34 таси бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган касб-ҳунар мактабларига, 11 таси олий таълим муассасалари ҳузуридаги техникумларга айлантирилди. Оптималлаштириш жараёнида аниқ натижа берадиган мақсадлар кўзда тутилмоқда.
* * *
2020 йил 10 июнь ҳолатида вилоятда 495 та ташувчи корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар тасарруфида лицензияга эга жами 8286 та транспорт воситаси мавжуд. Карантин шароитидан келиб чиқиб, март ойи охирида жамоат транспорти, йўналишсиз такси фаолияти вақтинча тўхтатилгани йўловчи ташувчи корхоналар фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатди.
Уларни қўллаб-қувватлаш учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилди? Бугун йўлкира нархи ошиб кетмаслиги учун нималар қилинмоқда, "яшил" ҳудудда қайтадан фаолият бошлаган автобусларда карантин қоидаларига риоя қилинаяптими? Бу каби саволларга вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Шерзод Норбобоев атрофлича тушунтириш берди.
* * *
Қайд этиш лозим, 11 июнга мўлжалланган тадбирлар режасида юқоридаги идоралар билан бирга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари иштироки ҳам кутилаётганди. Ваҳоланки, 10 июнь куни Қашқадарёда аҳоли орасида коронавирус юқтиргани айтилаётган бемор айнан қайси ҳудуддан экани ҳақидаги савол очиқ қолаётганди. Бошқарма бу бўйича расмий муносабат билдиргани йўқ. Фақат кўча-кўйда турли миш-мишлар юрибди. Шундай экан, кеча бошқалар келмаса ҳам айнан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари қатнашишлари зарур эди.
Айтишларича, Республика ишчи гуруҳи айни пайтда вилоятда сайёр қабуллар ўтказаётгани боис бошқарма раҳбарияти белгиланган брифингда қатнаша олмади.
Ваҳоланки, кечаги брифингда вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Долли Аллаев ўрнига "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ижрочи директори Нурали Маҳматов, вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўрнига унинг ўринбосари Умид Раҳимов тадбирга келди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти ҳам шундай йўл тутиши мумкин эди ва шу кеча-кундузда ниҳоятда муҳим бўлиб турган саволлар жавобсиз қолмасди.
НАСРИДДИН
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.