Меню
Қашқадарё
АСОСИЙ КАПИТАЛГА ИНВЕСТИЦИЯЛАР ҲАЖМИ
воҳамизнинг қайси ҳудудларида кескин ўсиб, қайсиларида сезиларли даражада камайиб кетган?
Долзарб статистика
Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятимизнинг аксарият ҳудудларида асосий капиталга инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан турли даражада ошган бир пайтда тўртта туманда мазкур кўрсаткичнинг 3,7-31,4 фоизга камайиши кузатилган.
Аввал хабар берганимиздек, шу йил январь-март ойларида вилоятимизда асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 8 триллион 675,3 миллиард сўмни ташкил қилиб, 2023 йилнинг дастлабки уч ойида қайд этилган рақамга нисбатан ўсиш суръати рекорд даража - 259,8 фоизга етган.
Муҳими - асосий воситаларни яратиш ва қайта ишлаб чиқаришга йўналтирилган харажатлар йиғиндисини акс эттирувчи мазкур кўрсаткич вилоятимизнинг кўпгина шаҳар ва туманларида сезиларли даражада ўсган.
Вилоят статистика бошқармасининг инвестициялар ва қурилиш статистикаси бўлими томонидан тайёрлаган таҳлилий шарҳда кўрсатилишича, шу йил январь-март ойларида асосий капиталга инвестициялар ҳажми Қарши шаҳрида 542,8 миллиард сўм (ўсиш суръати - 107,1 фоиз), Косон туманида 193,8 миллиард сўм (120,9 фоиз), Қарши туманида 228,5 миллиард сўм (134,2 фоиз), Миришкор туманида 59,9 миллиард сўм (144,3 фоиз), Чироқчи туманида 176,4 миллиард сўм (175,1 фоиз)ни ташкил этган.
Яна бир қатор ҳудудларда, масалан, Яккабоғ туманида (ҳажми - 299,9 миллиард сўм; ўсиш суръати - 200,8 фоиз), Шаҳрисабз туманида (209,6 миллиард сўм; 211,2 фоиз), Шаҳрисабз шаҳрида (168 миллиард сўм; 216,9 фоиз), Қамаши туманида (187 миллиард сўм; 221,6 фоиз), Ғузор туманида (1 триллион 257,1 миллиард сўм; 257,1 фоиз), Муборак туманида (2 триллион 136,4 миллиард сўм, 288,3 фоиз) асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг ўтган йилнинг айнан шу даврига нисбатан 2-2,9 баробар кўпайишига эришилган.
Энг юқори (13,8 марталик) ўсиш эса жорий йилнинг дастлабки уч ойида асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 2 триллион 788,1 миллиард сўмга тенг бўлган Нишон туманида қайд этилган. Мутахассислар буни ҳудудда Талимаржон иссиқлик электр станциясининг навбатдаги иккита буғ-газ қурилмаси ҳамда бошқа бир қатор энергетик объектлар барпо этилиши билан изоҳламоқда.
Минг афсуски, шу йилнинг биринчи чорагида вилоятимизнинг айрим ҳудудларида асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг сезиларли даражада камайишига ҳам йўл қўйилган. Масалан, Китоб туманида (ҳажми - 168,1 миллиард сўм; ўсиш суръати - 96,3 фоиз) ҳудуд иқтисодиёти учун муҳим аҳамият касб этадиган мазкур кўрсаткич 3,7 фоизга пасайган бўлса, Касби туманида (173,6 миллиард сўм; 77,5 фоиз) 22,5 фоизга, Деҳқонобод туманида (49,6 миллиард сўм; 71,7 фоиз) 28,3 фоизга, Кўкдала туманида (36,5 миллиард сўм; 68,6 фоиз) 31,4 фоизга қулаган.
Вилоят статистика бошқармаси мутахассисларининг ёзишича, 2024 йил январь-март ойларида асосий капиталга ўзлаштирилган инвестицияларнинг технологик таркибида 5 триллион 226 миллиард сўм, яъни жами инвестицияларнинг 60,2 фоизи машина, ускуна ва инвентарларга киритилган инвестициялар ҳиссасига тўғри келади. Қурилиш-монтаж ишларига 2 триллион 738 миллиард сўм (жами инвестициялардаги улуши 31,6 фоизи) ва бошқа харажатларга 710,9 миллиард сўм (8,2 фоиз) йўналтирилган.
Ўз мухбиримиз