Меню

Қашқадарё

03.03.2022 1545

Аслида ўрнатилмаган насос станцияси, ошириб кўрсатилган коэффициент, ортиқча тўланган субсидия

Сир эмас, минтақада тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги, боз устига, унга бўлган эҳтиёжнинг муттасил ўсиб бораётгани қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини кескин оширишни талаб этмоқда. Илғор тажрибалар эса бундай шароитда экинларни суғориш учун сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш мақбул усул эканини кўрсатмоқда. 

Эътиборли жиҳати, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида бу борадаги ишлар жадал кетаяпти. Масалан, Президентнинг 2020 йил 11 декабрдаги "Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан биргина ўтган йил давомида республикамиз экин ерларининг 430 минг гектарида сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш тадбирлари амалга оширилди. Бу, шубҳасиз, аввало ресурс тақчиллиги муаммосини юмшатишга хизмат қилса, кейинги ўринларда ишлаб чиқариш сарф-харажатларини қисқартириш, ҳосилдорлик ва унинг сифати, ер унумдорлигини оширишда ҳам яхши самара беради.

Бундан ташқари, мамлакатимизда бу ишга бош қўшаётган қишлоқ хўжалиги корхоналарини давлат йўли билан молиявий қўллаб-қувватлаш тизими амал қилади. Унга мувофиқ, фаолиятида сувни тежайдиган технологияларни жорий қилган субъектларга уларнинг шу мақсад учун сарф қилган маблағлари бир қисми субсидия тарзида қоплаб берилади.

Аслида экин ерларини суғоришни сувни тежайдиган технологиялар асосида йўлга қўйган деҳқон бундан аввало ўзи наф кўради. Демак, бу ишга кўзбўямачилик билан ёндашишдан кўриладиган зарар ҳам биринчи навбатда ўзининг гарданига тушади. Давлат ҳар қандай асосда ажратадиган пулнинг эса ҳисоб-китоби бор, сўрови муқаррар.

Мана, Китоб туманидаги "Панжи кишмишзори" ишлаб чиқариш кооперацияси ва тузилма аъзоларига 100 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизимини ишга туширгани учун тегишли масъул ташкилотлар хулосалари асосида жами 1 миллиард 120 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилган эди. Субъект фаолияти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси масъуллари томонидан тегишли комиссия иштирокида ўрганилганда эса кўрсатилган экин майдонларида сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ишлари субсидия ажратиш учун тақдим қилинган ҳужжатларда акс эттирилганидан яхшигина фарқ қилиши ошкор бўлди.

Бу ҳақда таҳририятга маълум қилган "Ўзагроинспекция" вилоят бошқармаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими катта инспектори Бобир Исроиловнинг қайд этишича, субъект ҳужжатларда кўрсатган насос станцияси аслида ўрнатилмагани, сувни тежайдиган технологиялар сифатлилик даражасини белгиловчи коэффициентни ошириб кўрсатишга йўл қўйилгани ҳолда "Панжи кишмишзори" ишлаб чиқариш кооперациясига 200 миллион сўм миқдордаги субсидия маблағлари ортиқча тўлаб юборилган.

Айтилишича, ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура  органларига юборилган.

Аввалроқ "Ўзагроинспекция" вилоят бошқармаси ўтган йилда Қашқадарёдаги 51 та фермер хўжалиги ва кластер корхоналари 546 гектар майдонда сувни тежайдиган технологияларни амалда жорий этмаган ёки сифатлилик даражасини белгиловчи коэффициентни ошириб кўрсатгани ҳолда уларга жами 4 миллиард 318 миллион сўм субсидия маблағлари асоссиз ажратилгани аниқланганини маълум қилганди.  

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!