Меню
Қашқадарё
АСКАР ОТА-ОНАЛАРИНИ ШАРАФЛАЙМИЗ
14 январь - Ватан ҳимоячилари куни
Қарши шаҳрида 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни арафасида ўтказилган тадбир шундай номланди.
Вилоят ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда айни пайтда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бир гуруҳ аскарлар, уларнинг ота-оналари, яқинлари, ҳарбийлар ва ОАВ акиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда профессионал даражада шакллантирилган миллий армиямиз юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашнинг муҳим омили бўлаётганини таъкидладилар. Натижада ҳарбий хизматнинг мақоми юксалиб, фуқароларнинг мазкур соҳага бўлган қизиқиши янада ошди. Фарзанди муддатли ҳарбий хизматни ўташи ота-оналар учун фахр ва ифтихорга айланди.
- Ватанимиз тинчлигини ҳимоя қилаётган мард аскарларимиз сафида менинг ўғлим Умиджон Назаров ҳам борлигидан фахрланаман, – деди ҳаяжонланиб сўзга чиққан Косон тумани Қозоқли қишлоғилик Нарзия Турсунқулова. - У ёшлигидан ҳарбий хизматга бориш, Ватан ҳимоячиси бўлишни мақсад қилган эди. Бу йўлда йиллар давомида астойдил ўқиб-ўрганди, спорт билан шуғулланди. Ҳаракатлари бесамар кетгани йўқ. Ўтган йили барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, муддатли ҳарбий хизматга йўл олган эди. Айни пайтда Навоий вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида ўз йигитлик бурчини ўтамоқда. Ватан ҳимоячилари байрами арафасида Умиджон аъло даражада хизмат қилаётгани ҳақида ташаккурнома олганимда ўзимни дунёдаги энг бахтли она, деб ҳис қилдим.
Тадбир давомида юртимизнинг турли ҳудудларида хизмат қилаётган аксарлар билан улар ота-оналарининг онлайн мулоқоти ташкил этилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА