Меню

Қашқадарё

11.01.2024 5717

АСКАР ОНАЛАРИ ШАРАФЛАНДИ

Мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 32 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрамига бағишлаб, “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” шиори остида турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилаяпти.

Ана шундай тадбирлардан бири Қарши шаҳрида вилоят ҳокимлиги, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳамкорлигида ташкил этилди.

“Аскар оналарини шарафлаймиз!” деб номланган ушбу учрашувда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг оналари, ҳарбий хизматчилар, жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар. 

- Аскар оналарини шарафлашга бағишланган ушбу тадбир яхши анъанага айланиб бормоқда, – дейди Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тарбиявий ва мафкуравий ишлар бошқармаси хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи  мутахассиси Тамара Маманова. – Зеро. бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаётган Ватанимиз посбонларининг оналарини ҳар қанча қадрласак, эъзозласак, арзийди.

Бир неча ойдан бери армияда хизмат қилиб, қадди-қомати келишиб қолган аскар ўғлонлари билан фахрланган оналарнинг дил сўзлари, ҳарбийликда юриб, кўп нарсанинг қадрини англаб етган йигитларнинг миннатдорлиги тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

- Ватанимиз тинчлигини ҳимоя қилаётган мард аскарларимиз сафида менинг ўғлим Бахриддинжоннинг ҳам борлигидан фахрланаман, – деди ҳаяжонланиб сўзга чиққан Қарши туманилик Марҳабо Рашидова. - Фарзандим сингари қўрқмас, паҳлавон ва соғлом йигитларимиз бор экан, биз, оналар, кечалари тинч ухлаб, тонглари яхши кайфиятда уйғонамиз.

Тадбир ташкилотчилари аскарлар ва уларнинг оналарини байрам билан табриклаш баробарида уларга эсдалик совғаларини топширишди. Ватан, тинчлик, ёшлик ва эзгуликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар эса байрам кайфиятига кайфият қўшди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!