Меню

Қашқадарё

11.01.2018 1815

АСКАР ДЎСТИМГА САЛОМ!

Бу ҳақда Ботирнинг болаликдан қадрдон дўсти, мактабда ҳам, коллежда ҳам бирга ўқиган, бир партада ёнма-ён ўтирган ўртоғи Акбар Тўйчиев у билан бўлиб ўтган  телемулоқотда гапириб берди.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган “Менинг дўстим – Ватан ҳимоячиси!” деб номланган телемулоқот Тошкент шаҳри ва вилоятида ўз йигитлик бурчини ўтаётган қашқадарёлик муддатли ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг дўстлари, оила аъзолари ўртасида самимий дийдорни, соғинган қалблар ўртасидаги мулоқотни таъминлаб берди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, шу йилдан жойларда “Менинг дўстим – Ватан ҳимоячиси!” номли телемулоқотлар ташкил этилаётгани муддатли ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ота-оналари, дўстларига бир олам дийдор қувончини улашиш баробарида, ёшлар ўртасида ҳарбий соҳага бўлган ҳурмат ва қизиқишни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Қарши шаҳрида ўтказилган бу галги телемулоқотда ҳам ҳарбий хизматчиларнинг яқин дўстлари, ота-оналари аскарларнинг муддатли ҳарбий хизматни киши ҳавас қиладиган шароитларда, намунали адо этаётганидан хабардор бўлишди. Уларга яқинлари, маҳалла-кўй ва тенгдошларининг саломи етказилиб,  Ватан олдидаги бурчини шараф билан адо этиш тилаги билдирилди.

- Ўғлим Сардор Сайфиев отасига ҳавас қилиб, ҳарбий хизматчи бўлишга аҳд қилган, - дейди Қарши шаҳрилик Холида Эрназарова. - Астойдил ҳаракат қилиб, барча синовлардан муваффақиятли ўтиб,  муддатли ҳарбий хизматга борди. Бугун экран орқали ўғлим билан дийдорлашиб, унинг соғ-саломатлигидан, хизматни аъло даражада ўтаётганидан бохабар бўлдим, бундан кўксим тоғдек кўтарилди. Ўғлимнинг яқин дўстлари билан суҳбатини, дийдорлашувини кўриб, қувончим янада ошди.

Телемулоқотда, шунингдек, вилоятимизда йигитлик бурчини ўтаётган тошкентлик йигитларнинг ўз яқинлари, дўстлари билан онлайн мулоқоти ҳам ташкил этилди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Суратда: тадбирдан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!