Меню

Қашқадарё

24.06.2019 2278

АСИЛБЕК ВА ҲАБИБУЛЛО - “ЁШ ИЖРОЧИЛАР” РЕСПУБЛИКА ТАНЛОВИ ҒОЛИБИ

 

Ушбу тадбир ҳар икки йилда бир марта ўқувчи-ёшларни мусиқа санъатининг юксак намуналари асосида тарбиялаш, ўзаро тажриба алмашиш, ижрочилик маҳоратини ошириш, иқтидорли ёшларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида анъавий тарзда ўтказиб келинмоқда.

Бу йил ҳам танловга қизиқиш ҳар қачонгидан юқори бўлди, дейиш мумкин. Республика босқичида ўн кун давомида кўплаб истеъдодли ёшлар “Анъанавий чолғу”, “Театр санъати”, “Эстрада-вокал”, “Фольклор”, “Хореография”, “Дамли ва зарбли чолғулар (академик йўналиш)”, “Эстрада ижрочилиги”, “Анъанавий хонандалик”, “Академик хонандалик”, “Торли чолғулар”, “Фортепиано” йўналишлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди.

Қарши ихтисослаштирилган санъат мактабининг иқтидорли ўқувчилари ҳам мазкур танловда фаол иштирок этишди. Барча йўналишларда  жами 45 нафар нафар ёш қатнашиб, ҳакамлар ва санъат ихлосмандларининг эътирофига сазовор бўлишди. Эътиборлиси, якунда икки нафар ўқувчи ўз йўналишида тенгсиз деб топилган бўлса, яна 15 нафари танловда юқори ўринларни эгаллашди.

 

 

 

- Танбур чалишни ўрганганимга энди икки йил бўлди, - дейди “Анъанавий чолғу” йўналишида биринчи ўрин эгаси Асилбек Наимов. – Ўтган даврда устозларим кўмагида маҳоратимни оширдим, ўз устимда тинмай ишладим. Бу эса нуфузли танловда менга жуда қўл келди. Севимли мусиқа асбобимда мақом, сараҳбори дугоҳ, Турғун Алиматовнинг “Роҳат” сингари куйларини маромида ижро этишга ҳаракат қилдим. 3 тур натижаларига кўра, энг яхши деб топишди. Шу билан Ўзбекистон давлат  консерваториясида имтиёзли асосда ўқишга кириш имкониятига эга бўлдим.

 

 

Қайд этиш жоиз, Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби кўплаб истеъдодли ёшларни тарбиялаб бераяпти. Айни пайтда ушбу таълим муассасасида 600 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олади. Бу ерда уларга фортепиано, торли, пуфлама ва зарбли, халқ ва анъанавий, эстрада чолғучилиги, анъанавий, академик ва эстрада хонандалиги, хор дирижёрлиги, театр ва тасвирий санъат, рақс сингари кўплаб йўналишлар бўйича таълим берилмоқда.

М.ШУҲРАТОВ

Суратда: “Ёш ижрочилар” республика танлови ғолиб ва совриндорлари.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!