Меню

Қашқадарё

31.08.2024 5637

Асила Мирзаёрова – Паралимпия ўйинлари чемпиони

Қарши шаҳрилик пара спортчи Асила Мирзаёрова Парижда ўтказилаётган XVII ёзги Паралимпия ўйинларининг узунликка сакраш бўйича беллашувларида икки марта мусобақа рекордини янгилаб, олтин медалга сазовор бўлди.

2021 йилда Токиодаги Паралимпия ўйинларида кумуш медални қўлга киритган воҳадошимиз Францияда бундан-да юқори натижага эришди. Узунликка сакраш мусобақасида у биринчи уринишдаёқ 28 йилдан буён амалда бўлган Паралимпия рекорди (5 метр 7 сантиметр)ни 15 сантиметрга яхшилаб, фақат олтин медаль учун ҳаракат қилаётганини намойиш этди. Бешинчи уринишда эса Асила 5 метр 24 сантиметрга сакраб, ўзи ўрнатган рекордни ҳам янгилади ва иккинчи ўринни эгаллаган хитойлик пара спортчини 33 сантиметрга ортда қолдириб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Вилоят  ҳокими Муротжон Азимов Паралимпия ўйинлари чемпиони Асила Мирзаёрованинг хонадонида бўлиб, биринчилардан бўлиб унинг оила аъзолари ва яқинларини бу катта ютуқ билан табриклади. Мулоқот чоғида юртимизда Президент томонидан спортга қаратилган эътибор натижасида Ўзбекистон байроғи дунё ареналарида баланд кўтарилаётгани ва бу барчани қувонтираётгани таъкидлаб ўтилди.

Дарвоқе, Паралимпия ўйинларида Т11 (кўриш қобилияти бузилган пара спортчилар) тоифасида иштирок этаётган Асила Мирзаёрова тез кунларда пара атлетиканинг югуриш тури бўйича беллашувларида ҳам кучини синаб кўради.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!