Меню

Қашқадарё

29.08.2024 874

Қашқадарёлик ўқувчилар - халқаро фан олимпиадалари совриндорлари

Иқтидорли ёшлар - юрт келажаги

Бу йил қашқадарёлик мактаб ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида 1 та олтин, 2 та кумуш, 13 та бронза, жами 16 та медални қўлга киритишди.

Бу ҳақда вилоят ҳокими Муротжон Азимов III Устозлар миллий форумида воҳамиз педагоглари ва соҳа масъулларига йўллаган мурожаатида маълум қилди.

- Албатта, бу улкан тарихий кўрсаткич, - деди вилоятимиз раҳбари. - Вилоят мактаб таълимида бир йилда ҳеч қачон бунчалик кўп сонли медалларга эришилмаган. Айниқса, Китоб туманидаги 96-сонли мактаб ўқувчиси Мадина Суюнованинг математика фанидан халқаро олимпиадаларда 6 та медалга сазовор бўлганидан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Шу ўринда айтиш жоизки, 2023 йилда Президент қарорига асосан Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган Мадина Суюнова жорий йилнинг январь ойида Қозоғистонда ўтказилган халқаро Жаутиков олимпиадасида олтин медалга сазовор бўлиб, мартда Россия Федерациясининг Адигея Республикасида ташкил этилган 9-Кавказ ва апрель-май ойларида Болгарияда бўлиб ўтган 41-Болқон халқаро математика олимпиадаларида бронза медаллари билан мукофотланган. Худди шундай натижани китоблик мактаб ўқувчиси июнь-июль ойларида Хитой Халқ Республикасида уюштирилган 2-халқаро математика ёзги оромгоҳи доирасидаги олимпиада, июлда Буюк Британияда ўтказилган 65-халқаро математика олимпиадаси ҳамда масофавий режимда ташкил қилинган Осиё-Тинч океани математика олимпиадасида қайд этган.

- Ҳам халқаро олимпиадалар ғолиб ва совриндори, ҳам Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси сифатида мамлакатимиздаги олий таълим муассасаси - Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети математика факультетига имтиҳонсиз қабул қилиндим, - дейди Мадина. - Энди талабалар ўртасида ўтказиладиган нуфузли халқаро математика олимпиадаларида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, медалларим коллекциясини янада бойитиш ва энг муҳими, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиш, мустақил Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини яна кўп маротаба исботлаш ниятидаман.

Шунингдек, бу йилги халқаро фан олимпиадаларининг қашқадарёлик совриндорлари рўйхатидан Қарши шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернатининг 9-синф ўқувчиси Тўлқин Жайловов (65-Халқаро математика олимпиадасининг кумуш медали соҳиби), Миришкор туманидаги 21-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Бехрузбек Элмуродов (Халқаро Жаутиков олимпиадаси бронза медали), Қарши шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Жасурбек Ризоқулов (Хитойда ўтказилган Халқаро иқтисодиёт олимпиадаси бронза медали) ва бошқа иқтидорли ёшларимиз ўрин олишган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!