Меню

Қашқадарё

24.01.2020 1120

ҚАШҚАДАРЁЛИК РАССОМЛАР ИЖОДИ ПОЙТАХТДА НАМОЙИШ ЭТИЛМОҚДА

Кўргазма

Пойтахтимиздаги Марказий кўргазмалар залида "Рассом ва табиат" республика кўргазмаси доирасида қашқадарёлик рангтасвир усталарининг ижодий ишлари экспозицияси очилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси ва бадиий кўргазмалар дирекцияси томонидан ташкил қилинган бу кўргазмада 27 нафар қашқадарёлик санъаткорнинг график, рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва кулолчиликка оид 150 дан ортиқ асари намойиш этилмоқда.

 Кўргазмада вилоятнинг сўлим манзаралари, меъморий ёдгорликлари, нуроний кексалар портретлари, воҳа аҳолисининг турмуш тарзи акс этган ранг-баранг картиналар ўрин олган.  Жумладан, Азамат Сатторовнинг "Сарчашма кўприги", "Тоғли қишлоқ", Шерали Примовнинг "Дара қишлоғи", Наби Пирназаровнинг "Сарчашмада қиш", Маҳмадали Пўлатовнинг "Жовузда куз", Баҳриддин Бегматовнинг "Сарчашмада биринчи қор", "Сарчашма оҳанглари" каби асарларида табиатнинг гўзал тасвири акс этган бўлса, уста-кулол Бахтиёр Усаров керамикаларидаги гириҳ ва ислимий нақшларда миллий қадриятларимиз намоён бўлади.

- Санъат турлари кўп, бироқ улар орасида тасвирий санъат ўзининг жозибадорлиги билан кишини мафтун этади, - дейди қашқадарёлик ёш ижодкор Жобир Исматиллаев. - У кишиларга эстетик завқ бағишлаб ва тафаккур тўлқинларини мавжлантириб, нафосат ва эзгулик тарғиботчиси бўлиб келмоқда. Бугунги кўргазмада буни яна бир бор ҳис этдим. Ҳар бир суратда Қашқадарёнинг бетакрор табиати, воҳа аҳлининг ҳаёти, турмуш тарзи, феъл-атвори акс эттирилган. Булар менга жуда таниш ва жуда қадрли ҳиссиётларни бахш этди.   

17 январь куни очилган кўргазма 3 февралга қадар давом этади.  

Жасур АБРАЕВ,

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!