Меню

Қашқадарё

27.09.2019 1754

ҚАШҚАДАРЁЛИК ИҚТИДОРЛИ ТАЛАБАЛАР - ДАВЛАТ СТИПЕНДИЯЛАРИ СОҲИБЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси давлат стипендиялари тайинланган ёшлар орасида вилоятимиздаги олий таълим муассасалари бакалавриатининг учинчи ва тўртинчи курсларида таҳсил олаётган талабалар ҳам бор.

Қарши давлат университети илмий ишлар ва инновация бўйича проректори Нодир Холмирзаевнинг таҳририятимизга маълум қилишича, ушбу олий ўқув юртида таълим олаётган уч нафар талаба Навоий, яна бир нафари  Улуғбек, тағин бир нафари Ислом Каримов номидаги давлат стипендияларига сазовор бўлишган.

- Жумладан, Қарши давлат университетининг хорижий тиллар факультетида "Хорижий тил ва адабиёт: инглиз тили" йўналиши бўйича таҳсил олаётган 3-курс талабаси Муштарий Юсупова ва 4-курс талабаси  Моҳира Жўраева ҳамда ўзбек филологияси факультети "Филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили" йўналиши 3-курс талабаси Шалола Раҳимова 2019/2020 ўқув йили давомида Навоий стипендиясини оладиган бўлишди, - деди Н.Холмирзаев. - Хорижий тиллар факультетида 3-курсда "Филология ва тилларни ўқитиш: француз тили" йўналиши бўйича ўқиётган яна бир иқтидорли талабамиз Гулноза Аъзамовага  Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси тайинланди. Табиий фанлар факультетида "Биология" йўналиши бўйича 4-курсда таълим олаётган Мухлиса Икромова Улуғбек номидаги давлат стипендиясига сазовор бўлди.

Шунингдек, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг бир йўла тўрт нафар иқтидорли талабаси яқинда бошланган ўқув йили мобайнида Беруний номидаги давлат стипендиясини олишга муваффақ бўлди. Бу Отамурод Хомиджонов ("Иссиқлик энергетикаси" йўналиши, 4-курс), Шахзод Бегамов ("Кимёвий технология (ишлаб чиқариш турлари бўйича)" йўналиши, 3-курс), Асила Абдуллаева ва Акмал Рустамов (иккаласи ҳам - "Технологик машиналар ва жиҳозлар" йўналиши, 3-курс).

- Бир вақтнинг ўзида иккита йўналиш - "Ёшларни ўқитишда оила, ўқув юрти ва жамоатчилик ҳамкорлиги" ҳамда "Тупроқни картошка экишга тайёрлайдиган энергия ресурслари тежовчи машинанинг ишчи органлари параметрларини асослаш" мавзуларида илмий ишлар олиб бораяпман, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти муҳандис-техника факультетининг 3-курсида "Касбий таълим: қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш" йўналишида таҳсил олиб, Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясига сазовор бўлган Ойдиной Самиджонова. - Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти номидаги давлат стипендиясига лойиқ кўрилганимдан жуда хурсандман ва энди янада кўпроқ изланиб, бундан-да юқорироқ марраларни забт этишга ҳаракат қиламан. Давлат стипендияси тайинланиши эса менга хорижий тилларни мукаммал ўзлаштириш ва илмий ишларим натижаларини чет элдаги нашрларда чоп эттириш борасида кенг имкониятлар очмоқда.

2019/2020 ўқув йили учун давлат стипендияси олишга эришган иқтидорли ёшлар орасида Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали талабаси ҳам бор. Ушбу олий ўқув юртида "Дастурий инжиниринг" йўналиши бўйича 3-босқичда таълим олаётган Ситорабону Ахматова Беруний номидаги давлат стипендиясига сазовор бўлди.

Давлат стипендиялари 1 сентябрдан бошлаб, бир йил муддатга, белгиланган миқдорга қатъий мувофиқ ҳолда тайинланади. Уларга сазовор бўлган талабаларга махсус гувоҳномалар берилади. Шунингдек, давлат стипендияларига сазовор бўлган талабалар бакалавриатни тугатганидан сўнг бир йил мобайнида, тегишли мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз, грант асосида қабул қилинадилар ҳамда магистратурада ўқишни давом эттириш учун хорижга юборилаётган ёшлар гуруҳлари таркибига киритилишда устунликка эга бўлиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!