Меню
Қашқадарё
Қашқадарёлик 64 нафар нуронийга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топширилди
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгашининг жорий йил 6 майдаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, вилоятимидан турли соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган кекса авлод вакилларидан 64 нафари I ва II даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Вилоят ҳокимлигида бу кўкрак нишонлари тантанали равишда ўз эгаларига топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар ва ёшлар иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Муротжон Азимов сўзга чиқиб, мамлакатимизда нуронийларга давлат ва жамият томонидан ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлаш, отахону онахонларимизнинг кўп йиллик хизматини муносиб тақдирлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳақида гапирди. Фахрийларнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар ривожи учун қўшаётган ҳиссаси ҳақида тўхталди.
Сўнгра 34 нафар нуронийга I, яна 30 нафарига эса II даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ҳамда бир йўла тўланадиган пул мукофотлари топширилди.
– Ҳар ким кексайганда умр бўйи қилган меҳнатлари роҳатини кўрсин экан, – дейди I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби, Шаҳрисабз туманидаги Шакартери маҳалла фуқаролар йиғини кексалар гуруҳи раҳбари Таваккал Нурбаев. – Нафақага чиққунга қадар ёш авлодга таълим бердим. 2015 йилдан буён эса маҳаллада фаолият юритаман. Ҳаётим мисолида айтишим мумкинки, элига сидқидилдан хизмат қилган ҳар бир инсон муносиб эътироф этиларкан. Бугун мен ҳам шундай эътирофга сазовор бўлганимдан бағоят мамнунман.
Шоҳиста БОЗОРОВА