Меню

Қашқадарё

16.03.2023 5793

Қашқадарёга хорижий сайёҳлар энг кўп қаерлардан келди?

Натижа ва режа

Жаҳон иқтисодиётида туризм сердаромад соҳалардан бирига айланиб улгургани ортидан мамлакатлар бу борадаги мавжуд имкониятларини ҳисобга олиб, шу йўналишга кўпроқ инвестиция киритаётгани сир эмас. Хусусан, Ўзбекистонда ички туризмни ривожлантириш, ўлкага кўпроқ хорижий туристларни жалб этиш мақсадида катта ишлар қилинмоқда. Бинобарин, юртимизда жозибадор туризм ва сайёҳлик йўналишлари бисёр.

Айтиш жоиз, халқимизнинг бой тарихий ўтмиши, уни ўзида акс эттириб турган қадимий меъморий обидалари, ўзига хос турмуш тарзи, маданияти, табиатида бир вақтнинг ўзида тўрт фасл намоён бўлиб туриши каби жиҳатлар ҳар қандай хорижий сайёҳда диёримизга сафар қилиш иштиёқини уйғотиши муқаррар. Шунга ҳамоҳанг, мамлакатимизда туристлар учун қулай инфратузилмани яратиш, янги-янги саёҳат йўналишларини таклиф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.    

Ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида сафар учун юртимизни танлаётган хорижий сайёҳлар сони йилдан-йилга ортиб бориши баробарида ички туризм ҳам жадал ривожланмоқда. Жумладан, Ўзбекистоннинг соҳани ривожлантириш учун ўзига хос салоҳияти бор ҳудудларидан бири сифатида кўриладиган Қашқадарёга ўтган йили 45 минг нафар хорижий турист, 1 миллион 433 минг нафар маҳаллий сайёҳ келганини мисол тариқасида кўрсатиб ўтиш мумкин.

2022 йилги сафар харитасига воҳа манзилларини ҳам қўшган чет эллик туристлар таркибига эътибор қаратсак, 10 минг 900 нафар россиялик, 7 минг 300 нафар туркиялик, 5 минг 600 нафар франциялик фуқаро Қашқадарёда бўлганини кўриш мумкин. Шунингдек, ҳудудга Хитойдан 5 минг 200 нафар, Ҳиндистондан 4 минг 900 нафар, Германиядан 4 минг 100 нафар, Исроилдан 2 минг 800 нафар, АҚШдан 1 минг 900 нафар, Буюк Британиядан 1 минг 300 нафар, Эрондан 1 минг нафар турист келиб, турли манзилларни саёҳат қилган.     

Маҳаллий сайёҳлар вилоятимизга кўпроқ зиёрат (49 минг нафар), эко (42 минг нафар) ва гастрономик (35 минг нафар) туризм мақсадларида келган.          

Жорий йилда эса Қашқадарёга хориждан 150 минг нафар турист келиши кутилаётган бўлса, 1 миллион 600 минг нафар маҳаллий сайёҳга хизмат кўрсатиш режа қилинган. Улардан муайян қисми турли халқаро фестиваллар, хусусан, зиёрат, этно спорт, маданият, ҳунармандчилик, гастрономик тадбирлар уюштириш орқали ҳудудга жалб қилинади. Шу кунларда юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётган баҳор байрами - Наврўзи олам ҳам бунинг учун ажойиб имконият бўлиб, миллий қадриятларимизга қизиқиши ва ҳурмати баланд бўлган кўплаб хорижий сайёҳлар уни қашқадарёликлар билан бирга сайил қилаётир.

Нўмон РАЙИМҚУЛОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!