Меню
Қашқадарё
ҚАШҚАДАРЁДАГИ ИЛК МИЛИЦИЯ РАҲБАРЛАРИ ТАҚДИРИ ҚАНДАЙ ЯКУН ТОПГАН?
31 август - Қатағон қурбонларини ёд этиш куни
Мустақиллик халқимизнинг асрий орзуси эди, деб айтамиз. Бунга кўплаб мисоллар бор. Жумладан, 1920-1930 йиллар давомида Қашқадарё воҳасида совет ҳокимияти ўрнатилишига қарши қуролли ҳаракатни амалга оширган курашчилар кўпчиликни ташкил этади. Улар сафида вилоятдаги илк милиция раҳбарлари ҳам борлиги эътиборга молик.
Улардан бири Иқболхўжа Баҳодирхўжа ўғли 1884 йил Қашқадарёнинг Командин аминлиги Лағмон қишлоғида таниқли эшон хонадонида дунёга келган. Иқболхўжа аввал қишлоқ мактабида, сўнг Қаршидаги мадрасада таҳсил олади. 1916-1917 йилларда Бухородаги мадрасада Баҳромхўжа Бадалхўжаев билан бирга Нусратулло муфти қўлида ўқийди. 1917 йил Амир Олимхон томонидан амирликни ҳимоя қилиш учун аҳолидан аскар йиғилганда, Иқболхўжа Баҳодирхўжаев ҳам аскарликка ёзилади. 1917-1920 йиллар давомида амирнинг шахсий қўриқчилари гуруҳида аввал "шербача", 1920 йилдан "навкар" унвонида хизмат қилади. 1920 йил кузида амирлик совет қизил аскарлари томонидан ағдарилиб, Амир Олимхон Афғонистон томонга чекинишга мажбур бўлади ва Иқболхўжа Баҳодирхўжаев қўшни давлат чегарасигача амирни ҳимоя қилиб бориб, сўнг ортига қайтади.
1920 йил сентябрдан амирлик ўрнида Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти ташкил этилиб, янги давлат вилоятлар, туманлар, кентлар ва қишлоқларга бўлиниб идора этилади. Инқилобий қўмиталар бош бўлган 15 вилоят, жумладан, Қашқадарё ҳудудида Қарши, Шаҳрисабз ва Ғузор вилоятлари эълон қилинади.
1920 йил сентябрдан амирлик ўрнида Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти ташкил этилиб, янги давлат вилоятлар, туманлар, кентлар ва қишлоқларга бўлиниб идора этилади. Инқилобий қўмиталар бош бўлган 15 вилоят, жумладан, Қашқадарё ҳудудида Қарши, Шаҳрисабз ва Ғузор вилоятлари эълон қилинади.
Совет ҳокимияти ўрнатилишига қарши кураш ифодаси ўлароқ, 1920 йилда Хўжаназар мирохур Иноятуллаев, Қултой қозоқ мирохур бошчилигида Жумабозор, Денов қишлоқлари аҳли ва Пандарон қишлоғи оқсоқоли Хушназар оқсоқол етакчилигидаги кишилар қизил армия ўқ-дори таъминотида муҳим ўрин тутган Шакаржўйдаги порох ишлаб чиқарувчи корхонага ҳужум қилишади. Натижада 11 рус муҳандиси ўлдирилади, 36 қоп порох ва милтиқлар олиб кетилади. Шундан сўнг воҳада қизил армиянинг хунрезликлари янада авж олиб кетади.
Шу орада 200 га яқин кишидан иборат Қашқадарё вилояти милицияси бошлиғи этиб Дониёрбек тайинланади. Айнан Дониёрбек Алиев вилоят ички ишлар бўлимининг биринчи бошлиғи саналади. XIX аср охирларида Қаршида туғилган Дониёрбек бир неча йиллар давомида Ҳожи Абдулазиз мулло Боқихўжаев билан шерикликда шаҳарда тегирмонлар қурган ва уларни ишлатиб келган.
Бухоро Жумҳурияти раҳбари Файзулла Хўжаев томонидан Қаршига ҳарбий нозир лавозимига тайинланган Нуриддин Расулев эса Иқболхўжа Баҳодирхўжаевни милицияга ишга олади ва орадан 4 ой ўтиб у Қамаши тумани милиция бошлиғи этиб тайинланади.
1920 йил қишида Қўрғонча қишлоғида Қашқадарё воҳаси ЧК (фавқулодда ҳайъат) раиси Баҳромхўжа Бадалхўжаевнинг уйида зиёфат ташкил этилади. Унда Қашқадарё вилояти инқилобий қўмитаси раиси ўринбосари Саидаҳмад Муҳаммадхўжаев, ҳарбий нозир Нуриддин Расулев, милиция бошлиғи Жўра Жалолов, маориф мудири Аҳмаджон Абдураҳмонов, сув хўжалиги мудири Мирзо Наврўз Пўлатов ва бошқалар иштирок этадилар. Зиёфатда Бухородан келган ҳукумат вакили Аҳмаджон Абусаидов сўзга чиқиб, Бухоро Жумҳуриятида ҳукумат жадидлар қўлидан қизил армия қўлига ўтиб кетиши арафасида турганини айтади. "Биз амирдан ҳокимиятни қўлга олдик, бироқ энди уни мустаҳкамлашимиз лозим. Унинг тўла мустақиллигини ўз қўлимизга олиш учун барчамиз ягона куч бўлиб жипслашувимиз лозим", дейди.
Шундан сўнг мажлис иштирокчилари "Бухоро истиқлоли", яна ҳам аниқроғи, "Бухоро истиқлолининг ҳимоя қиличи" номли махфий ташкилот тузишади ва қўлларини Қуръони карим ҳамда револьверга қўйиб қасамёд қиладилар.
Қашқадарё воҳасида советларга қарши исён байроғи кўтарилди. Бу ҳаракатга ўша кунларда Ато Хўжаев раҳбарлик қилади. 1921 йилда Дониёрбек Усмонхўжа Пўлатхўжаев билан бирга Ҳисорга юриш қилиб, Шарқий Бухородаги амир таъсиридаги ҳокимиятга қарши курашга киришади.
Тахминан бир ойдан сўнг Дониёрбек 200 кишилик отряди билан Ғузорга, гўёки босмачиларга қарши курашиш учун боради. Бухородан Усмонхўжа Пўлатхўжаев етиб келиб, улар учрашишади. Дониёрбек барча одамлари билан истиқлолчилар томонига ўтиб, қўрбоши бўлади. Кейинчалик, 1926 йилда Шарқий Бухорода ўлдирилади. Усмонхўжа Пўлатхўжаев эса Афғонистонга ўтиб кетади.
1922 йил баҳорида Нуриддин Расулев ва 1921-1922 йилларда Қарши шаҳар милицияси бошлиғи бўлган Иқболхўжа Баҳодирхўжаев ўз ихтиёрида бўлган қуролли кучлар ва ҳарбий мактаблар ўқувчиларини олиб Косонга йўл олишади.
Қашқадарё воҳасида советларга қарши исён байроғи кўтарилди. Бу ҳаракатга ўша кунларда Ато Хўжаев раҳбарлик қилади. 1921 йилда Дониёрбек Усмонхўжа Пўлатхўжаев билан бирга Ҳисорга юриш қилиб, Шарқий Бухородаги амир таъсиридаги ҳокимиятга қарши курашга киришади.
Косон тумани Арабхона қишлоғидан Турди тўқсоба Эштўхтар ўғли Майманоқ тоғида қўл остидаги 600 йигити билан совет ҳокимиятига қарши курашишга қасамёд қилади. Бу ерда Косон милицияси бошлиғи Гул оқсоқол Норов, Баҳромхўжа бойвачча, Даврон оқсоқол ва Чимда мингга яқин одами бўлган Жаббор тўқсоба қизил армияга қарши ҳужумга ўтади. Вақф бўлими бошлиғи Мирзо Наврўз Пўлатов Баҳромбойвачча, Турди тўқсоба, Гул оқсоқол ва бошқа қўрбошиларга ёрдам кўрсатиб, совет ҳокимиятига қарши ташвиқот олиб боради, босмачилар гуруҳларни тузишда фаол иштирок этади. Ўн кунлик шиддатли амалиётлардан сўнг тиш-тирноғи билан қуролланган қизил армия аскарлари кўплаб маҳаллий йигитларни қириб ташлайди. Бухоро Жумҳурияти мислсиз қон тўкилишларининг олдини олиш учун ҳаммани зудлик билан қуролларни ташлаб чекинишга буюради.
Орадан 20 кун ўтиб Қаршига келган Иқболхўжа Баҳодирхўжаев Ғузор милицияси бошлиғи этиб тайинланади. Бироқ, советлар исён қатнашчиларини бирин-кетин йўқ қилишга киришади. Жумладан, Иқболхўжа Баҳодирхўжаев ҳам жисмонан маҳв этилади. Мамлакатда қизил армия аскарлари сони кундан-кунга ортиб боради. Советлар қизил армия ёрдамида барча жабҳаларда ўз назоратини мустаҳкамлаб ола бошлайди. Энг сўнгида 1924 йил Қашқадарёнинг обрўли кишиларидан бўлган Нуриддин оғалиқ эшон Аҳмадхонов ҳам "халққа япон винтовкаларини тарқатган", деган айблов билан отиб ташланади...
Умуман, Қашқадарё воҳаси Бухоро ҳукуматининг советларга қарши кураш жабҳасидаги энг йирик таянч маркази бўлган. Қизил армия Қашқадарё воҳасидаги ўз рақибига нисбатан янада қаттоллик кўрсатди. Муттасил қирғинбаротлар натижасида сон-саноқсиз миллат фидойилари шафқатсизларча йўқ қилинди. Энг даҳшатлиси, уларнинг воқеликлардан камгина хабардор бўлганлари ҳам тазйиққа олиниб йўқ қилинмагунича таъқиб тўхтатилмади.
Баҳром ИРЗАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи бош илмий ходими, тарих фанлари бґйича фалсафа доктори