Меню

Қашқадарё

17.11.2020 1920

Қашқадарёдаги 655 та компьютер синфидаги жиҳозлар маънан эскирган

Қарши шаҳридаги 42-умумтаълим мактаби ахборот технологияларига ихтисослаштирилган мактабга айлантирилди. Халқ таълими вазирлиги томонидан ушбу мактабга Кореяда ишлаб чиқарилган 15 дона замонавий компьютер жамланмаси тақдим этилди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси хабар бермоқда.

Қайд этилишича, компьютер жамланмаларини топшириш маросимида Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов, Бош вазир маслаҳатчиси Олим Умаров ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев иштирок этди. Меҳмонлар мактабдаги шарт-шароитлар, ўқув жараёни билан танишиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.

Шу билан бирга, “Таълим муассасаларида ахборот технологиялари ва коммуникацияларидан фойдаланиш” мавзусида семинар-тренинг ҳам ташкил этилди.

Маълумот ўрнида айтиш ўринли, Халқ таълими вазирлиги вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ ўрганишларида маълум бўлишича, Қашқадарёда 1 минг 661 та компьютер синфи мавжуд бўлиб, уларнинг 1 минг 5 таси яроқли, 655 таси маънан эскирган ва 812 та мактабда компьютер синфига эҳтиёж бор.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!