Меню
Қашқадарё
Қашқадарёда ўтган йили юқумли касалликлар билан касалланиш кўрсаткичи 3 фоизга ошган
Пресс-тур
2023 йил давомида Қашқадарёда жами 49 минг 676 нафар киши (яъни ҳар 100 минг аҳолига 1 минг 426 нафар) юқумли касаллик билан касалланган. Касалланиш кўрсаткичи 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 2023 йилда 1 минг 527 нафар (3 фоиз)га ошган.
Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалида ташкил этилган пресс-тур доирасидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таъкидланганидек, 2023 йилда 2022 йилга нисбатан қизамиқ, ўткир ичак инфекцияси, ичак лямблиози, сарамас касалликлари ошди, шунингдек, жигар циррози, сурункали бруцеллёз ташхиси билан мурожаатлар кўпайди. Бунга аҳоли ўртасида вирусли гепатитларни эрта аниқлаш учун ўтказилаётган экспресс тест амалиёти ҳам таъсирини ўтказди. Ўткир вирусли гепатит “А”, “В”, “С” турлари, коронавирусли инфекция, ўткир респиратор касаллик, ўткир бруцеллёз, сувчечак, скарлатина, қутуриш, куйдирги, Қрим-Конго геморрагик иситмаси сингари касалликлар эса турли даражада камайган.
- Филиал ички лабораторияси сўнгги русумдаги замонавий биохимик, ИФА, клиник анализаторлар билан жиҳозланди, - дейди Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали бош шифокори Ҳамза Эрназаров. - Натижада 17 хил турдаги биохимик, 24 хил турдаги клиник ва ИФА усулида қондаги гепатит А, В, С вирусларининг маркёрларини аниқлаш йўлга қўйилди. Лаборатория бўлимининг замонавий диагностик аппаратлар билан жиҳозланиши ўтказилаётган таҳлиллар ишончлилигини оширди ва уларга кетадиган вақтни қисқартирди. Шунингдек, шифохонада С-реактив оқсил, Д-Димер, прокалцитонин, коагулограмма текширишлари ҳам ўтказилмоқда.
Мутасаддилар томонидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.