Меню

Қашқадарё

28.07.2022 5680

ҚАШҚАДАРЁДА СУДЛАР ТОМОНИДАН 6 ОЙДА 1923 ТА ЖИНОЯТ ИШИ КЎРИЛГАН

Матбуот анжумани

Вилоятимизда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2022 йилнинг 6 ойида 2594 шахсга нисбатан 1923 та жиноят иши кўрилган.  Иши кўриб тамомланган шахсларнинг 2080 нафари ёки 80,1 фоизи бўйича айблов ҳукми чиқарилган, 5 нафари ёки 0,2 фоизи оқланган, 504 нафари ёки 19,4 фоизининг иши ҳаракатдан тугатилган, 481 нафари ёки 18,5 фоизининг иши ярашув асосида тугатилган.  Шунингдек,  18 нафар,  шундан биринчи инстанцияда 5 шахсга нисбатан 5 та иш бўйича оқлов ҳукми чиқарилган. Апелляция инстанциясида 13 шахс оқланган. 129 та иш бўйича 196 та асоссиз айблов судланувчиларнинг зиммасидан чиқарилган. 31 нафар реабилитация этилган шахсга давлат ҳисобидан 490 миллион 283 минг 800 сўм моддий зарар ундириш белгиланган.

Мазкур рақамларни бугун Қарши шаҳридаги “Журналистлар уйи”да  Қашқадарё вилояти судларининг 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомидаги фаолияти таҳлили ҳамда соҳага оид муҳим ва долзарб масалаларига бағишланган матбуот анжуманида Қашқадарё вилояти суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов маълум қилди.

– Оқлов ҳукми чиқарилган жиноят ишларининг аксарият қисми 2021 йилга қадар юритилган жиноят ишларидир, – дейди вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов. – Шуни айтиб ўтиш керакки, айрим оқлов ҳукми чиқарилган жиноят ишлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борган терговчи ва ишни судда кўришда раислик қилган судьянинг ўз устида ишламай, қонунларни ўрганмаётгани, малака ва кўникмасини ошириб бормаётгани сабабли жиноят иши шошма-шошарлик билан тергов қилингани ва судда кўрилганидан, жиноят содир этганликда гумонланаётган, айбланаётган ёки судланаётган шахснинг қонунда белгиланган ҳуқуқ ва манфаатларига ҳар доим ҳам эътиборли бўлинмаганидан дарак беради. Амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасида ҳақиқатни, яъни жиноят юз берганини ва уни ким содир этганини аниқлаш суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судларга юклатилган. 23-моддасида эса айбсизлик презумпцияси, яъни шахснинг айбдорлигига оид барча шубҳалар, шубҳани бартараф этиш имконияти тугаган бўлса, шахснинг фойдасига ҳал қилиниши, қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам унинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги белгиланган. Қонуннинг ушбу талабларига риоя этмаслик, айбсиз шахснинг асоссиз айбланишига олиб боради. Шунинг учун, оқлов ҳукми фақат қонунга асосланган ҳолда ҳалоллик, холислик ва беғаразлик билан чиқарилиши керак. 

Матбуот анжуманида вилоятда айрим жиноятлар, масалан, қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш, номусга тегиш, босқинчилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ўғирлик, порахўрлик, транспорт воситаларини олиб қочиш, безорилик  ва гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан ўсганлиги ҳам таҳлил қилинди.

Шунингдек,  матбуот анжуманида маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар, фуқаролик ишлари бўйича судлар, иқтисодий судлар, вилоят маъмурий суди томонидан олиб борилган ишлар ҳам аниқ мисоллар билан таҳлил қилиб берилди.

Таъкидландики, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 2169 та фуқаролик иши кўрилиб, шундан 1215 таси қаноатлантирилган, 125 та иш бўйича тарафлар ярашганлиги муносабати билан иш юритиш тугатилган, 651 та даъво рад қилиниб, 178 та даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган.

- Вилоят иқтисодий судлари томонидан 2022 йилнинг биринчи ярмида 7390 та (ўтган йилнинг шу даврида 7289 та) иқтисодий иш мазмунан ҳал этилган, - дейди Абдуқаюм Маҳкамов. -  Пудрат шартномаси, фьючерс шартномаси, банкрот деб эътироф этиш бўйича даъво аризалари кўпайган бўлса, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш, кредит, контрактация шартномалари, банклардаги ҳисобварақалар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш юзасидан кўрилган ишлар ҳажми сезиларли даражада камайди. Даъвогарлар фойдасига жами 636 миллиард 681 миллион (ўтган йилнинг мос даврида: 384 миллиард  118 миллион) сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинди. Тадбиркорлик субъектларига ўз ҳудудларидан чиқмаган ҳолда қулайликлар яратиш мақсадида 227 та (164 та) суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилиб, уларнинг тахминан 101 миллион 155 минг сўмга яқин пул маблағлари тежаб қолинди.

Матбуот анжумани қизғин савол-жавоблар асосида ўтди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!