Меню
Қашқадарё
ҚАШҚАДАРЁДА ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА НЕЧТА ТАДБИРКОРГА ҚАНЧА СОЛИҚ ИМТИЁЗИ БЕРИЛДИ?
Брифинг
Президентнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2020 йилнинг 1 апрелидан 1 октябригача бўлган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилди.
Натижада биргина вилоятимизнинг ўзида 15 минг 751 нафар якка тартибдаги тадбиркор ихтиёрида 17 миллиард сўм маблағ қолиши кутилмоқда.
Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган навбатдаги брифингда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фахриддин Муҳаммадиев маълумот берди.
Бундан ташқари, умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголли маҳсулотларни чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар белгиланган миқдоридан 25 фоизга камайтирилиши натижасида 450 субъект ихтиёрида 531 миллион сўм, қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоизга пасайтирилиши эвазига эса 8 минг 500 субъект ихтиёрида 276 миллион сўм маблағ қолиши кутилмоқда.
Шунингдек, Президентнинг 2020 йил 3 апрелдаги фармонига асосан туризм соҳасида меҳмонхона хизматини кўрсатувчи субъектлар жорий йилнинг 1 апрелидан 31 декабрига қадар ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкка солинадиган солиқларидан озод қилинди, ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 12 фоиз ўрнига 1 фоиз тўлашлари белгиланди, - дейди Фахриддин Муҳаммадиев. –Натижада вилоят бўйича 37 та хўжалик юритувчи субъект ихтиёрида 796 миллион сўм маблағ қолиши ҳисоблаб чиқилди.
Фахриддин Муҳаммадиевнинг таъкидлашича, 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланган фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларига нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилган.
Қолаверса, карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган ЯТТлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни тўлашмайди. Натижада 5 минг 595 нафар тадбиркорнинг 4,7 миллиард сўмлик солиқларини ҳисоблаш тўхтатилган.
Брифингда шунингдек, пандемия шароитида жисмоний ва юридик шахсларга қўлланилаётган бошқа солиқ имтиёзлари, тўлаш кечиктириладиган, муддати узайтирилган солиқ турлари ҳақида кенг маълумот берилди.
Ж.БОЙМУРОДОВ