Меню

Қашқадарё

02.07.2021 3092

ҚАШҚАДАРЁДА ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАР КЎПАЙИШИГА НИМА САБАБ БЎЛАЯПТИ?

Оила - маънавият ва ахлоқ бешиги

      Оилавий ажримлар сонининг кўплиги жиҳатидан вилоятда юқори ўринлардан бирини эгаллаган Чироқчи туманидаги Оқ олтин маҳалласида 2954 нафар аҳоли истиқомат қилса, шундан 1497 нафари хотин-қизлардир. Жорий йилда шу маҳалладаги 40 нафарга яқин қиз бола 11-синфни тугатди. Ажабланарлиси, уларнинг ярмидан кўпи мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ унаштириб қўйилган. Биттаси эса ҳатто мактабни тугатмасдан турмушга узатилди. Бу ёш оила аъзолари бир йил ўтгач, фарзанд кўриб, ота-она бўлиши мумкин, аммо ўзлари эндигина вояга етган бу ёшлар ота-оналикнинг нақадар масъулиятли ва машаққатли иш эканини тасаввур қила олаяптими? 

- Ҳудудимизда 70-умумий ўрта таълим мактаби бор, - дейди Оқ олтин маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари Отақул Абдалов. - Тан олиш керакки, маҳалламизда мактаб-оила-маҳалла ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилмаганди. Юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бир неча йиллардан буён мактаб раҳбариятига оғзаки ҳам, ёзма ҳам мурожаат қилдик. Лекин умуман натижаси бўлмаяпти. Масалан, бир қизнинг ҳали 11-синфни тугатмасдан турмушга чиқаётгани ҳақида хабар топиб, тўйни тўхтатиш учун биринчи навбатда мактаб маъмуриятига мурожаат қилдик. Лекин натижаси бўлмади. Шундан сўнг маҳалла фаоллари билан қиз ва йигитнинг хонадонига бордик. Лекин тўйни тўхтата олмадик. Агар мактаб раҳбарияти маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш тутганида эди, бу ҳолатнинг олдини олиш мумкин эди. Бироқ, афсуски,  шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаётган ота-оналарнинг ўзлари ҳам фарзандларини балоғатга етмасдан турмушга бериб юборган ҳолатлар бўлган. Ёшларимиз онгига ҳам мактабни тугатибоқ турмушга чиқиш ёки уйланиш сингиб кетган. Шу сабабли улар ўқишга ҳам қизиқишмайди. Касб-ҳунар ўрганиш, олий маълумотли бўлишни хаёлига ҳам келтирмайди. Айримлари шунчалик боқиманда бўлиб қолишганки, ишлашни ҳам хоҳлашмайди. Натижада оила қурган бундай ёшлар рўзғор тебратишни ҳам эплолмай қолаяпти. Оқибатда оилавий келишмовчиликлар келиб чиқаяпти. Ҳайриятки, ўтган ойда республика ва вилоятдан комиссия келиб маҳалламизни ўрганди. Бу каби ҳолатларга йўл қўйган мактаб раҳбарияти тўлиқ ишдан олинди. Маҳалла раисининг хотин-қизлар бўйича ўринбосари ҳам ишдан четлатилди. Ўйлайманки, келгусида таълим  муассасасининг  янги раҳбарияти маҳалла билан ҳамкорликда бу каби хатоликларга йўл қўймайди.

Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимизда мингдан зиёд ажрим қайд этилган бўлса, уларнинг асосий қисми ёш оилалар ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бу рақам 200 тага кўпайгани кишини ташвишга солади.

- Яқинда қабулимга 23 ёшли жувон 3 нафар боласини етаклаб, ёрдам сўраб келди, - дейди вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Комила Каромова. - Суриштирсам 18 ёшида турмушга чиққан. Фарзандли бўлгач, ажрашган. Кейин иккинчи марта турмуш қурган, яна бир нафар фарзандли бўлган ва иккинчи эри билан ҳам ажрашган. Кейин учинчи марта турмушга чиққан ва ундан ҳам бир нафар фарзанд кўриб ажрашган. Ундан "Нега турмушга бунчалик енгил қарадинг?", деб сўрасам, "Бу менинг ишим. Сиз шахсий ҳаётимга аралашманг!", дейди. "Онанг, ўқитувчинг, қўни-қўшниларинг ҳаётингга аралашишларига қаршилик қилганинг сабабли ҳам бугун сен мана шу аҳволга тушдинг", дея унга танбеҳ бердим. Бироқ гапим унга қанчалик таъсир қилди, билмайман.

Қайд этилишича, 2020 йилда пандемия сабаб суд тизими фаолияти чекланганлиги боис ажрашиш учун аризалар тўпланиб қолган ва натижада жорий йил аввалида ажримлар сони ошган. Буни айниқса, Чироқчи, Яккабоғ, Китоб, Қарши тумани ва Қарши шаҳри мисолида яққол кўриш мумкин. Ажримларнинг асосий келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, 500 га яқини ўзаро келишмовчилик, 217 таси фарзандсизлик, 92 таси узоқ вақт бирга яшамаслик, қолгани эса бошқа сабаблар туфайли рўй берганлиги аён бўлади.

- Айрим ота-оналар қизларининг рўзғорига аралашиб, оддийгина келишмовчилик, ажралиб кетишга  арзимайдиган ҳолатларни рўкач қилиб, куёвнинг   уйидан қизларини олдига солиб олиб чиқиб кетаяптилар, - дейди Комила Каромова. - Натижада қизларининг турмуши бузилишига, уларнинг бахтсизлик ботқоғига тушиб қолишига сабабчи бўлиб қолаяптилар. Балки вақти келиб улар ўз камчиликларини тушуниб етар, лекин, афсуски, унда анча кеч бўлади. 

Шунингдек, оилаларни ўрганиш натижасида яна бир нарса аён бўлаяптики, тарбиядаги оқсоқликлар сабабли баъзи аёллар турмуш ўртоқлари хорижга  ишлашга кетганида, ўзларини "озод қуш" деб билиб, ҳиёнат кўчасига кирмоқда, айримлари Telegram ва Facebook тармоқлари орқали ўзларига маъшуқ топиб, ҳеч бир одоб ва аҳлоқ меъёрларига тўғри келмайдиган ишлар, гуноҳга қўл уришмоқда. Айрим калтабин аёлларни тартибга чақирганимизда эса "эримдан алимент ўндириб, хоҳлагандай яшайвераман, сизлар оилавий ишимизга аралашманглар", деган танбеҳларни ҳам эшитишга тўғри келмоқда.

Ёшлар янги ҳаётга қадам қўяр экан, "Мен оила қуришга тайёрманми? Оилам мустаҳкам бўлиши учун нималар қилишим керак?" деган саволларни ўзига берса, мустақил ҳаётга юзаки қарамасдан, масъулият билан ёндашсагина, оилаларда пайдо бўладиган баъзи бир нохуш ҳолатларнинг олди олинади. Ва жамиятнинг ажралмас бир бўғини бўлмиш муқаддас даргоҳ - оилага путур етмайди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!