Меню
Қашқадарё
ҚАШҚАДАРЁДА НЕЧТА МОНОПОЛ КОРХОНА БОР?
Назорат ва натижа
Қарши шаҳрида фаолият юритаётган "Насаф олтингугурт кимё" масъулияти чекланган жамияти - монопол корхона хизматидан жабр кўрган субъектлардан бири. Корхона раҳбарининг маълум қилишича, буғдой экспортини амалга ошириш чоғида "Қарши минтақавий темир йўл узели" УК томонидан ташиш учун белгиланган имтиёзлар жамиятга нисбатан қўлланилмаяпти. Бу борада бошқа ҳамкор топай деса, имкони йўқ. Бошқа турдаги транспортдан фойдаланиш эса ундан ҳам қимматга тушиши тайин.
Монопол корхоналар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик, бузилган ҳолларда тегишли чоралар кўриш - вилоят монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси вазифаларидан бири. Ташкилотга юқорида баён қилинган ҳолат бўйича мурожаат қилинган.
Маълумотларга кўра, вилоятимизда 6 та субъект 5 турдаги хизматлар бўйича табиий монопол сифатида давлат реестрида турибди. "Қарши минтақавий темир йўл узели" УКнинг Қарши электр таъминоти корхонаси (ECH-5), "Иссиқлик манбаи", "Сувоқова", "Муборакнефтгаз-сувтаъминот", "Талимаржон иссиқлик электр станцияси" ҳамда "Қарши халқаро аэропорти" унитар корхоналари шулар жумласидан.
Мазкур корхоналар аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш, уни узатиш, сув қувурлари ва канализация ҳамда аэропорт хизматлари бўйича табиий монополия кўринишига эга. Аммо бу улар ўзлари истаган тартибда иш кўриши мумкин дегани эмас. Ушбу субъектлар фаолияти "Табиий монополиялар тўғрисида"ги Қонун ҳамда бошқа бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Шунга кўра, буғдой ва ун маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарга темир йўл тарифлари бўйича маълум имтиёзлар берилган. Аммо "Насаф олтингугурт кимё" МЧЖнинг темир йўл транспорти орқали хорижга жўнатган 800 тонна буғдойи учун хизмат ҳақи олишда мавжуд тарифга 0,55 коэффициент қўлланилмай қолган. Натижада, мижоздан 54 миллион сўмдан кўпроқ маблағ ошиқча ундирилган.
Мурожаатни ўрганиш давомида темир йўл корхонаси томонидан "Насаф олтингугурт кимё" МЧЖга кўрсатилган ташиш хизмати ҳақи тегишли имтиёз қўлланилиб, қайта-ҳисоб китоб қилинди.
Бу монопол корхоналар томонидан йўл қўйилган биргина ҳолат эмас. Касби туманидаги "Киновидео" МЧЖ масъуллари томонидан вилоят монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармасига йўлланган мурожаатни ўрганишда ҳам бунга дуч келинди. Гап шундаки, туман электр таъминоти корхонаси томонидан 2017 йилнинг 1 август ҳолатида субъектда аслида фойданилмаган 31501 кВт/соат ёки 10 миллион 365 минг сўмлик товар учун қарздорлик нотўғри ҳисобланган. Тадбиркор бу борада таъминот корхонаси масъулларига қилинган шикоятлар натижа бермаганини билдирган.
Ўрганиш жараёнида ушбу қарздорлик Касби тумани электр таъминоти корхонасининг собиқ ходими Ўктам Бўронов томонидан ПК "Электр ҳисоб" дастурига асоссиз киритилгани тан олиниб, истеъмолчи билан қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Шунингдек, вилоят монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси томонидан "Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг 2018 йил ва 2019 йил январь-май ойлари давомида қум ва чақиқ тош ишлаб чиқариш субъектларига электр энергияси етказиб бериш ҳолати ўрганилганда, тарифларни асоссиз ошириш натижасида 32 та хўжалик юритувчи корхона ҳисобидан 648 миллион 617 минг 600 сўм ортиқча даромад олингани аниқланди.
Ушбу қонунбузилиш ҳолатлари махсус комиссия томонидан кўриб чиқилди ҳамда "Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари" АЖ томонидан ушбу маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ортиқча олинган тўловлар тўлиқ эгаларига қайтарилди.
М.ХАМРАЕВ,
вилоят монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи