Меню
Қашқадарё
Қашқадарёда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш оммалашмоқда
Долзарб мавзу
Жорий йилда воҳамиздаги 3 минг 450 та аҳоли хонадонига жами 10,2 МВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилиши режалаштирилган. Хусусан, 64 нафар сектор раҳбари, 1 минг 232 нафар вилоят ва туман ташкилотлари раҳбари, 547 нафар йирик тадбиркор хонадонларига ўз маблағлари, "Темир дафтар"га киритилган 1 минг 607 та оила уйларига маҳаллий бюджет ҳисобидан шу турдаги муқобил энергия манбалари қурилмалари ўрнатилади.
Бу ҳақда вилоят ҳокими Муротжон Азимов воҳа аҳолиси ва тадбиркорларига қилган мурожаатида таъкидлаб ўтди.
Маълум қилинишича, 2022 йилда 20 миллиард сўм маблағ эвазига вилоятдаги 177 та объектда қуёш панеллари ҳамда 371 та объектда қуёш сув иситиш ускуналари ўрнатилган. Натижада умумфойдаланишдаги тармоқлардан олинадиган 8 миллион 700 кВт электр энергияси иқтисод қилиниб, муқобил энергия манбаларига эга субъектларнинг 3 миллиард 900 миллион сўм маблағини тежаш имконияти яратилган. Жумладан, 900 миллион сўмга вилоят ҳокимлиги биносида ўрнатилган қуввати 70 кВт/соатга тенг қуёш панеллари ҳам тез орада ўз самарадорлигини кўрсатган.
Сир эмас, бутун дунё миқёсида, хусусан, мамлакатимизда ҳам электр энергиясига бўлган талаб кескин ўсиб бормоқда. Биргина вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, сўнгги беш йилда хонадонлар сони 160 мингтага кўпайди, корхоналар сони 29 мингтадан 42 мингтага етди. Уларнинг умумфойдаланишдаги электр тармоқларига уланиши ўз-ўзидан қувват ишлаб чиқаришга бўлган талабни кескин ошириб юборди. Бу ҳолат истеъмол даражаси кескин кўтариладиган куз-қиш ойларида тақчилликка сабаб бўлаётганини ҳам ҳеч ким инкор этмайди ва вазиятни юмшатишнинг энг мақбул йўли қайта тикланувчи ҳамда экологик тоза муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш эканлигини дунё тажрибаси яққол кўрсатиб турибди.
Статистик маълумотларга кўра, жорий йилда жаҳонда ишлаб чиқариладиган қуёш энергияси 1 миллион МВтдан ошиши кутилмоқда. Бу борада Хитой, АҚШ, Япония, Германия ва Ҳиндистон каби давлатлар етакчи. Ваҳоланки, японларда ўртача 167 кун, немисларда эса 136 кун қуёшли бўлади. Бизда эса қуёш йилнинг камида 300 кунида нур сочиб туради. Ана шундай табиий-иқлим шароитида қуёшдан электр энергияси олиш даражаси бизда умумий ишлаб чиқариш ҳажмига нисбатан жуда паст қолаётгани ва ҳозирда истеъмолнинг катта қисмини қоплаб келаётган иссиқлик электр станциялари учун сарфланадиган ёқилғи захиралари абадий эмаслиги бу йўналишда ҳам илдам қадамлар ташлаш вақти келганини кўрсатиб турибди.
Шунга мувофиқ, вилоят ҳокимининг қайд этишича, жорий йилда ҳудуддаги объектларда умумий ишлаб чиқариш ҳажми 69,3 МВт бўлган кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатиш орқали бир йилда қўшимча 77,4 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинган.
Яъни, бунда юқорида айтилган 3 минг 450 та аҳоли хонадонидан ташқари, 495 та ижтимоий соҳа ва бошқа бюджет ташкилотлари, устав фондида 51 фоиздан ортиқ давлат улуши мавжуд 495 та корхона, 3 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари объектларида қуёш панеллари ўрнатилиши кўзда тутилган.
Бунинг учун зарур бўладиган маблағлар бюджет, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари, тижорат банклари кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади ҳамда ишларни ташкил этиш учун аниқ масъуллар бириктирилган.
"Албатта, шу ўринда айтиб ўтишим керакки, жисмоний шахсларга республикада ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш имконияти яратилган. Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг қийматини тўлиқ тўлаган ҳолда уларни харид қилган ва ўрнатган истеъмолчиларга харид харажатларининг бир қисми компенсация қилинади. Истеъмолчилар қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларини тўғридан-тўғри маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар, етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш хизматларини кўрсатувчи корхоналар, маҳаллий чакана савдо объектларидан, шу жумладан, электрон тижорат воситалари орқали сотиб олинганда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади ёки якуний чакана нархдан компенсация миқдори чегириб ташланади.
Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари хариди учун кам фоизли кредитлар ажратилиши, уларни ўрнатганларга муайян солиқ имтиёзлари ҳам берилиши назарда тутилган бўлиб, жисмоний ва юридик шахслар ўз эҳтиёжлари учун ўрнатган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясининг эҳтиёждан ортиқчасини "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ва давлат томонидан электр энергиясини харид қилувчи функцияси (ваколати) берилган орган кафолатланган тарзда харид қилади", дея эслатади Муротжон Азимов ўзининг воҳа аҳолиси ва тадбиркорларига қилган мурожаатида ҳамда барчани ана шу имкониятлардан фойдаланиб, уй-жойи, фаолият объектларини муқобил энергия манбаси асосида электр билан таъминлашни йўлга қўйиш ташаббускори бўлишга, ўз эҳтиёжидан ортганини сотиб даромад олишга, пировардида, мамлакатда электр энергияси таъминоти барқарорлигини оширишга ҳисса қўшишга даъват этган.
Ўз мухбиримиз