Меню
Қашқадарё
ҚАШҚАДАРЁДА ИЛК МУЗЕЙ-ҚЎРИҚХОНА ИШ БОШЛАЙДИ
Ҳужжатда таъкидланишича, "Шаҳрисабз" давлат музей-қўриқхонаси Амир Темур номидаги Шаҳрисабз шаҳар моддий маданият тарихи музейи негизида ташкил этилмоқда. У икки ой муддатда юқори малакали, ташаббускор, музейлар ҳамда маданий мерос масалалари бўйича зарур билим ва тажрибага эга кадрлар билан таъминланиши зарур. Маданият вазирлиги зиммасига вилоят ҳокимлиги билан биргаликда бу борадаги топшириқни бажариш юклатилган.
Қолаверса, қарорга асосан ушбу музей-қўриқхонага моддий маданий мероснинг бир қанча кўчмас мулк объектлари "ноль" ижара ставкаси бўйича бириктирилмоқда. Жумладан, унинг қаровига Шаҳрисабз шаҳридаги 7 та тарихий обида ва ёдгорлик ўтказилмоқда. Чубин мадрасаси, Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қалъаси, Чорсу савдо гумбази шулар сирасига киради. Шаҳрисабз тарихий майдонидаги Малик Аждар ва Кунчиқар масжидлари, қадимги ҳаммом археологик топилмаси ҳамда Абдушукур Оғолик масжидининг масжид биноси янги муассаса тасарруфига топширилмоқда. Бу объектлар мулкдори Қашқадарё вилояти маданий мерос бошқармаси саналади.
Қарорда келтирилишича, бу чора-тадбирлар тегишли моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, атрофидаги тарихий муҳит билан бирга асраш ва улардан оқилона фойдаланиш мақсадида амалга оширилмоқда.
МИРЖАҲОН