Меню

Қашқадарё

24.12.2024 2301

Қашқадарёда илк марта давлат хизматчилари ўртасида китобхонлик танлови ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қашқадарё вилояти филиали ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида “Энг фаол китобхон давлат фуқаролик хизматчиси” танлови вилоят босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш, шунингдек, 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисидаги фармонида ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини кенг оммалаштириш, жамиятда китобхонликни ривожлантириш каби муҳим вазифалар белгиланган.

“Энг фаол китобхон давлат фуқаролик хизматчиси” танлови мазкур вазифалар ижросига қаратилгани, миллий ва бой адабий меросимизга бўлган ҳурматни янада ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Икки босқичда ташкил этилган танловда давлат хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”, “Темур тузуклари”, Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри”, Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохонов қаламига мансуб “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори”, АҚШ 26-президенти, тинчлик соҳасида Нобель мукофоти лауреати Теодор Рузвельт ҳикматларидан иборат “Лидерлик қонунлари” асарлари бўйича билимларини синовдан ўтказишди. Дастлаб корхона ва ташкилотларда сараланган ғолиблар вилоят босқичида асарга шарҳ ва тезкор савол-жавоб шартлари асосида ўзаро беллашди.

Якуний натижаларга кўра, вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ҳузуридаги Қарши шаҳри “Ишга марҳамат” мономаркази бўлим бошлиғи Саодат Ғафурова 1-ўринни эгаллади. Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бош мутахассиси Маъмуржон Ғавсиев 2- ва Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали врач-радиологи Шуҳрат Маҳмудов 3-ўринни қўлга киритишди.

Ғолиб ва фаол иштирокчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Б.САЙФИЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!