Меню
Қашқадарё
Қашқадарёда бу йилги туризм мавсуми ранг-баранг фестивалдан бошланди
Қарши шаҳрида вилоят мусиқали драма театри олдидаги майдонда Қашқадарёда туризм мавсуми очилиши муносабати билан фестиваль ўтказилди.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ижроси доирасида уюштирилган бу фестивалда воҳамиз ва хусусан Қарши шаҳри, Шаҳрисабз, Китоб, Қамаши ва Касби туманлари туристик салоҳиятининг тақдимотлари ташкил этилди.
Ранг-баранг стендлар ва панноларда мазкур ҳудудларнинг диққатга сазовор жойлари ва сайёҳлик фирмаларининг таклифлари акс эттирилиб, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва қадимий ашёлар намойиш қилинди. Фольклор-этнографик ансамблларнинг чиқишлари ҳамда ёшлар иштирокидаги танловлар ва флешмоблар эса тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.
Шу ўринда эслатиш жоизки, 2023-2025 йилларда Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режасига мувофиқ воҳамиздаги бир қатор аҳоли пунктларида, жумладан, Шаҳрисабз туманидаги Мираки, Сувтушар ва Сарчашма, Китоб туманидаги Қайнар ва Башир, Қамаши туманидаги Бештерак, Чироқчи туманидаги Қалқама ва Миришкор туманидаги Жейнов қишлоқларида туризм соҳасини тараққий эттириб, Китоб туманида «Қайнар» ва Шаҳрисабз туманида «Мираки» туристик-рекреацион зоналарини ташкил этиш режалаштирилган.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар