Меню
Қашқадарё
ҚАШҚАДАРЁДА ҚАРИЙБ 1 ТРИЛЛИОН СЎМЛИК КРЕДИТЛАРНИНГ ТЎЛОВ МУДДАТИ УЗАЙТИРИЛДИ
Коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида қарздорларнинг кредит тўловлари билан боғлиқ таваккалчиликларини юмшатиш мақсадида вилоятимизда 134,6 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг қарийб 1 триллион сўмлик кредитлари тўлов муддати узайтирилди.
Жорий йил 15 июндаги ҳолатни акс эттирадиган мазкур рақамларни республика Марказий банки вилоят бош бошқармаси бошлиғи Файзулла Ражабов Қарши шаҳридаги “Журналистлар уйи”да ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида ошкор қилди.
-Президентнинг шу йил 27 апрелдаги фармонига асосан, - деди Ф.Ражабов, - ижобий кредит тарихига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун бериладиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 75 фоизидан ошмаган, бироқ 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда кафиллик ҳамда Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдорлаги фоиз ставкаси билан ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этилиши белгиланган. Шу йил 1 июнь ҳолатида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан вилоятимиздаги 952 та тадбиркорлик субъектига 166,6 миллиард сўмлик компенсация ва кафиллик тақдим этилган.
Журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи соҳада мавжуд бир қатор муаммолар, хусусан, пластик карточкаларидаги маблағни нолегал тарзда нақдлаштириш билан шуғулланувчи шахслар фаолияти, имтиёзли кредит ресурслари тақчиллиги ва бошқа масалалар юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
-Масалан, вилоятда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича ҳозирги вақтда мавжуд ресурсларимиз 28 миллиард сўмни, талаб эса 132 миллиард сўмни ташкил қилади, - дея мисол келтирди Ф.Ражабов. - Ўз-ўзидан тақчиллик, эътироз келиб чиқади-да...
Анжуманда айтилганидек, бугунги кунда вилоятимизда 17 та тижорат банкининг 60 та филиали фаолият кўрсатиб, 72 та минибанк, 164 та амалиёт кассаси, 57 та валюта айирбошлаш шохобчаси, 40 та банк хизмати маркази ташкил этилган.
Ўз мухбиримиз