Меню

Қашқадарё

13.08.2021 900

Қашқадарёда ҳар йили "Ўзбекистон отлари" кўргазмаси, "Qarshi Open" ва "Kok-Saray Cup" халқаро турнирлари ўтказилади

Йилқичилик ва от спорти

Қашқадарёда жорий йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь ойида наслдор ва спорт отларини танлаш бўйича "Ўзбекистон отлари" номли кўргазма бўлиб ўтади.

Мамлакат Президентининг шу йил 5 августдаги "Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида қайд этилишича, мазкур кўргазмани ўтказишдан мақсад йилқичилик йўналишидаги наслчилик хўжаликларидаги селекция ишлари натижаларини баҳолаш, шунингдек, чавандозлар мактабларининг моддий-техника базасини янада яхшилашдир.

Шундан келиб чиқиб, қарорда вилоят ҳокимлиги зиммасига Туризм ва спорт   вазирлиги, Миллий гвардия, Ўзбекистон  йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерацияси ҳамда Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси билан биргаликда "Ўзбекистон отлари" номли кўргазмани юқори савияда ташкил қилиб, маҳаллий ва хорижий туристлар оқимини кўпайтириш чораларини кўриш вазифалари юклатилган.

Шу билан бирга мазкур қарорга биноан, республиканинг бошқа барча ҳудудлари сингари вилоятимизда ҳам от спорти турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби (чавандозлар мактаби) ва уларнинг туман (шаҳар) секциялари ташкил қилинади. Миллий гвардия тизимига кирадиган ва мактабдан ташқари спорт-таълим муассасаси ҳисобланадиган чавандозлар мактаблари ўз фаолиятини 2022 йил 1 мартдан бошлайди, уларнинг туман (шаҳар) секциялари эса давлат-хусусий шериклик асосида тузилади.

Вилоятимизда мазкур соҳада ташкил этилаётган кўп тармоқли спорт мажмуаси ҳам давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 2022 йил 1 мартга қадар барпо этилиб, фойдаланишга топширилиши зарур. Қўйилаётган талабга кўра, ушбу мажмуа от спортини ривожлантириш, наслли ва зотдор отларни кўпайтириш,  шунингдек, маҳаллий ва хорижий туристларнинг дам олишини ташкил қилиш учун зарур инфратузилма объектлари (ипподром, стадион, сузиш ҳавзаси, меҳмонхона, даволаш-соғломлаштириш мажмуаси, кафе, ветеринария дорихонаси, ўқув маркази, ветеринария клиникаси) дан иборат бўлади.

Яна бир муҳим янгилик: давлат раҳбари томонидан шу йил 5 августда қабул қилинган бошқа бир ҳужжат - "Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони 2025 йилгача ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида"ги қарорга асосан, шу йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда Қашқадарёда от спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) тури бўйича "Qarshi Open" ҳамда поло бўйича "Kok-Saray Cup" халқаро турнирларини ўтказиш белгиланган.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!