Меню

Қашқадарё

11.05.2023 4665

Қашқадарёда қанча электр энергияси иқтисод қилинади? Табиий газ-чи?

Маҳаллий Кенгашларда

Вилоятимизда ҳар бир истеъмолчи бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш орқали электр энергияси сарфини 11,2 фоизга, табиий газ истеъмолини эса 23,2 фоизга камайтириб, бир йилда 424,9 миллион киловатт-соат электр қувват ва 199,9 миллион куб метр “зангори ёнилғи” иқтисод қилиш режалаштирилган.

Мазкур рақамлар халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан жорий йил 10 май куни қабул қилинган “Вилоят аҳолиси ва ижтимоий соҳа объектларини 2023 йилда энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган.

Ҳужжат матнида қайд этилишича, унинг мақсади энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва улардан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш, шунингдек, 2023 йил учун вилоятдаги ҳар бир маҳалланинг электр ва газ хўжалигини 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш, объектларда қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш коллекторлари ўрнатиш ҳамда иқтисод қилинган энергия ресурсларини истеъмолчиларга, биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтиришдан иборатдир.

Қарор билан тасдиқланган яна бир қатор режаларга мувофиқ, вилоятимизда 2 минг 90 та ижтимоий соҳа объектининг иссиқлик тизими давлат хусусий шериклик асосида модернизация қилинади, 44 та иссиқхона хўжалиги табиий газдан кўмир ёнилғисига ўтказилади. Электр энергиясини узатишдаги технологик йўқотишларни камайтириш ва энергия тежамкорлиги борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар натижасида 79,5 миллион киловатт-соатга яқин энергия иқтисод қилиш имкони туғилади. Ўз навбатида вилоятимиз шаҳар ва туманларида жойлашган аҳоли хонадонларининг газ таъминоти тизимини икки босқичли тизимга ўтказиш жараёнида 585 та газ тақсимлаш пункти (ГТП) демонтаж қилиниб, катта технологик йўқотишларнинг олди олинади ва бир йилда 964 минг куб метр табиий газ тежалади. Юридик шахслар бўлган истеъмолчиларга умумий қуввати 46,1 мегаваттга тенг қуёш панеллари ва умумий сиғими 34,8 минг литрга тенг қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилади, 246 та муассасада энергиятежамкор иситиш қозонларидан ташқари барча газ жиҳозлари суюлтирилган газга ўтказилади.

Аҳоли яшайдиган 1 минг 364 та хонадонда эса умумий қуввати 7,4 мегаваттга яқин қуёш панеллари ва умумий сиғими 69,9 минг литрга тенг гелиоколлекторлар ўрнатилиб, бир йилда 8,2 миллион киловатт-соат тежалиши учун замин яратилади.

Қарорда, шунингдек, вилоятдаги кўча ёритиш қурилмаларининг 50 фоизини жорий йил якунига қадар, қолган 50 фоизини 2024 йил 1 июнга қадар қуёш панеллари ёрдамида ёритилиши ва айнан шу санадан бошлаб кўча ёритиш тизимининг электр тармоқларидан тўлиқ узилишини таъминлаш, жорий йил 1 сентябргача эса “Иссиқлик электр станциялари” АЖга қарашли “Талимаржон ИЭС” АЖ ва “Муборак ИЭМ” корхонаси томонидан табиий газ ҳисобига тайёрланадиган иссиқ сув шаклидаги иссиқлик энергияси билан таъминланаётган иссиқхона хўжаликларини кўмирга ўтказиш чоралари ҳам белгиланган. Айни пайтда тегишли органларга энергия самарадорлиги “B” ва ундан қуйи тоифадаги энергия сарфловчи маиший электр мосламаларини вилоят ҳудудига олиб кирилиши ва сотилишининг олдини олиш юзасидан мунтазам равишда назорат тадбирларини олиб бориш топширилди.

Депутатлар томонидан маъқулланган ҳужжатга мувофиқ, электр энергияси ва табиий газдан оқилона фойдаланиш, қуёш фотоэлектр станциялари ва гелиоколлекторларни эксплуатация қилиш бўйича қўлланма ҳамда куз-қиш мавсумигача  электр узатиш тармоқлари, трансформатор, газ қувурларини мукаммал ва жорий таъмирлаш, реконструкция қилиш, юқори босимли газ тақсимлаш пунктларида эса таъмирлаш ва телеметрия тизимини жорий этиш режалари ҳам тасдиқланган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!