Меню
Қашқадарё
Қашқадарёда 500 нафар ёш вилоят ҳокимининг гранти ҳисобидан хорижий тил ва ахборот технологияларини ўрганади
2023 йил - Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши воҳамизда "Хорижий тил билан ITга йўл" лойиҳаси амалга оширилишини маъқуллади. Унинг доирасида 500 нафар йигит ва қизнинг 6 ой давомида ўқув курсларида инглиз тилини ўрганиш харажатлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Кенгаш қарори билан тасдиқланган лойиҳа концепциясига кўра, "Хорижий тил билан ITга йўл" вилоят ҳокими грантини ташкил этишдан кўзланган мақсад вилоятда таълим сифатини янада ошириш, ёшларни хорижий тилларни ўрганишга янада кенгроқ жалб этиш орқали IT (Information technology - Ахборот технологиялари) соҳасида хорижий тил малакасига эга бўлган ёш мутахассисларни кўпайтиришдир.
- Тадбир ҳар йили мактаблар, профессионал таълим муассасалари ва олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ўқувчи ва талабалар ўртасида махсус синов материаллари асосида ўтказилади, - дейилади концепцияда. - Вилоят миқёсида 500 нафар ёш махсус тест синовлари орқали аниқлаб олинади. "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва ижтимоий реестерга кирган оилалар фарзандларига алоҳида имтиёз берилади. Жорий йилда квота ўринлари Қарши шаҳри учун 300 нафар, Шаҳрисабз шаҳри учун 100 нафар ва Китоб тумани учун 100 нафар этиб белгиланади.
"Хорижий тил билан ITга йўл" тадбирини ташкил этиш бўйича вилоят комиссияси тузилиб, унинг таркибига вилоят ҳокимлиги, олий таълим, фан ва инновациялар вилоят бошқармаси, Қашқадарёдаги олий таълим муассасалари, Рақамлаштириш вазирлиги ҳудудий бошқармаси, IT-парк ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят масъуллари киритилди.
Тадбирни вилоят маҳаллий бюджетида шаклланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан молиялаштириш назарда тутилган экан, 900 миллион сўм тегишли туман ва шаҳар ҳокимликларига ўтказиб берилади. Онлайн рўйхатда ўтган иштирокчилар орасидан ғолиблар саралаб олингач, уларга 6 ой давомида ўқув курсларида инглиз тилини ўрганиш харажатларини қоплаб бериш бўйича ваучерлар тақдим этилади. Бунда ўқувчиларнинг ҳар ой якуни билан ўзлаштириш даражасига қараб тегишли туман ва шаҳар ҳокимлиги томонидан ўқиш харажатлари қопланади. Қониқарсиз ўзлаштирган ўқувчиларга ўқиш харажатлари қоплаб берилмайди ҳамда ваучерлар бекор қилинади.
Тадбир ғолибларини IT мутахассислигига йўналтириш мақсадида тегишли туман ва шаҳарларда жойлашган инглиз тили ўқув курсларида ахборот технологиялари соҳаси бўйича махсус методикадан фойдаланиш талаб этилади.
Лойиҳа ташаббускорларининг мўлжали бўйича "Хорижий тил билан ITга йўл" тадбирини ўтказиш орқали вилоятимизда хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш ва сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, инглиз тилини ўргатиш орқали ахборот техноогиялари соҳасига қизиқувчи ёш мутахассисларни шакллантириш, янги иқтидорларни аниқлаш, истиқболли стартап лойиҳаларни шакллантиришга эришилади. Айни пайтда вилоятда маълумотлар базаси (Data Analyst, Data Scientist, Data Engineer) билан ишловчи муҳандислар ва халқаро хизматлар экспорти билан шуғулланувчи компаниялар сони ортиши учун замин яратилади. Қолаверса, иқтидорли ёшлар нафақат ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассис сифатида етишади, балки халқаро сертификат олиш ва хорижнинг нуфузли олийгоҳларига кириш имкониятини қўлга киритадилар.
Ўз мухбиримиз