Меню
Қашқадарё
ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ СУДЬЯЛАРИНИНГ ВОҲА АҲЛИГА МУРОЖААТИ
Ўтган йиллар давомида судни ҳокимиятнинг мустақил ва алоҳида тармоғи сифатида шакллантириш, уни ўтмишдаги жазолаш органидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилувчи ҳамда ишончли ҳимояловчи чинакам мустақил институтга айлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Мазкур ислоҳотлар замирида, аввало инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати ва манфаати ётади. Зеро, Конституция ва қонунларимизда белгилаб қўйилган фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, бузилган ҳуқуқларини одил судловни амалга ошириш орқали тиклаш, шу асосда қонун олдида барчанинг тенглигини таъминлаш ҳуқуқий ислоҳотлардан кўзланган бош мақсаддир.
Биз - Қашқадарё вилояти судьялари соҳадаги улкан ўзгаришлар ва туб бурилишларни, яратилаётган кенг имкониятларни ҳамда бизларга кўрсатилаётган ғамхўрликни ҳар сонияда юракдан ҳис этиб, қалбимизда Ватанга садоқат, миннатдорлик ва шукрона туйғулари жўш уриб яшамоқдамиз.
Суд ҳокимияти мустақиллигини амалда таъминлаш кўп жиҳатдан ўз касбини виждонан қадрлай оладиган, ҳар томонлама етук, юксак маънавий-ахлоқий савияга эга, ҳалол-пок, профессионал судья-кадрларга, хусусан, судьянинг жамият олдидаги бурч ва мажбуриятларини қанчалик англаши, шахс сифатида одоб-ахлоқи, ҳуқуқий билим ва маданияти билан узвий боғлиқ эканлигини англаш баробарида, ҳар биримиз зиммамиздаги улкан масъулиятни тўла ҳис этиб, шу эзгу мақсадларга хизмат қилишни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантирмоғимиз зарур, деб ҳисоблаймиз.
Юртимизнинг осойишталиги, фуқароларимизнинг тинч-тотув, фаровон ҳаёт кечириши мамлакатимизда одилона сиёсат юритилаётганидан далолат бериб турибди. Мамлакатимизда адолат принципларига асосланган сиёсат юритиш, инсон манфаатлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунларни қабул қилиш ва ижросини таъминлаш орқали ана шундай ютуқларга эришдик.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва кўрилган амалий тадбирлар мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди, суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ва аҳамиятини тубдан оширди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни мустаҳкамлаш устувор йўналишлардан бири этиб белгиланди.
Фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи - Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди, судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтаришнинг одил судлов мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган амалиётига чек қўйилди.
Судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тартиби тубдан такомиллаштирилиб, судьялар ҳамжамиятининг янги органи - Судьялар олий кенгаши таъсис этилди.
Судлар тизимининг амалдаги тузилмаси ва штат бирлиги қайта кўриб чиқилиб, улар судьяларнинг хизмат вазифаларини оқилона тақсимлаш имконини берадиган даражада, ҳозирги замон талабларини инобатга олган ҳолда такомиллаштирилди ва мақбуллаштирилди.
Бу ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши суд тизимида фаолият кўрсатаётган барча раҳбар ва масъул ходимларнинг ўз хизмат бурчини адолат мезонлари асосида садоқат ва масъулият билан бажаришида, ҳеч шубҳасиз, ҳал қилувчи ўрин тутади.
Айни кунларда барчамиз жорий йил 13 июнь куни мамлакатимиз суд ходимлари билан ўтказилган учрашувда муҳтарам Президентимизнинг тарихий аҳамиятга молик нутқи шукуҳи билан яшамоқдамиз, десак хато бўлмайди.
Давлатимиз раҳбари томонидан аниқ кўрсатиб ўтилган суд тизимидаги жиддий камчилик ва муаммоларни бартараф этиш ҳамда олдимизга қўйилган вазифаларни самарали ҳал қилиш учун ҳар биримиз ўз ишимизга бўлган муносабатни тубдан қайта кўриб чиқишимиз, шахсий масъулиятимизни кескин оширишимиз зарур.
Шу муносабат билан, Ҳаракатлар стратегияси ижросини самарали таъминлашда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг ўта муҳим аҳамияти ва долзарблигини тўлиқ англаган ҳолда, Қашқадарё вилояти судьялари қуйидагиларни ўзларининг энг асосий вазифалари, деб ҳисоблайдилар:
Биринчидан, биз - судьялар кундалик фаолиятимизда халқ билан бевосита мулоқот шаклларини кенгайтириш, бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини оширишнинг барча чораларини кўришимиз лозим.
Иккинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашимиз, халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлашимиз, судни том маънода "Адолат қўрғони"га айлантиришимиз зарур. Токи, нажот излаб келган ҳар бир фуқарода айнан судда адолат сўзсиз қарор топишига ҳеч қандай шубҳа-гумон қолмасин.
Учинчидан, судда ишларни қонунийлик, одиллик ва инсонпарварлик тамойилларига таянган ҳолда кўриш, энг асосийси - қабул қилган ҳар бир қароримиз қонуний, асосли ва адолатли бўлиши учун барча масъулиятни ўз зиммамизга олишимиз шарт. Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг "Куч - адолатда" деган теран маъноли сўзлари ҳар бир судья фаолиятида дастуриламалга айланиши керак.
Тўртинчидан, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган барча ислоҳотларни амалга оширишга ҳар биримиз жиддий масъулият ва ташаббускорлик билан ёндашишимиз, энг асосийси, қаерда ва қачон, қандай вазиятда бўлмасин, доимо мамлакатимиз тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашимиз зарур. Давлатимиз раҳбари айтганидек, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик кундалик фаолиятимизнинг мезони бўлиши лозим.
Бешинчидан, юртимизда одил судловни таъминлаш ва адолатни қарор топтиришга қодир, мустаҳкам иродали, ҳалол, юксак ахлоқий, маънавий ва касбий фазилатларга эга, "Онгида адолат, тилида ҳақиқат ва дилида поклик" бўлган судьялар таркибини шакл-лантириш учун барчамиз бирдек масъулмиз.
Олтинчидан, судьялик - бу машаққатли, шу билан бирга, шарафли касб ва юксак мақом эканини чуқур англаган ҳолда, судьялик шаънига доғ туширадиган ҳар бир ғайриқонуний хатти-ҳаракатга "фавқулодда ҳолат" сифатида қараб, бунга йўл қўйган ходимларга нисбатан муросасизлик муҳитини кучайтиришимиз, сафларимиз софлигини таъминлашимиз керак.
Еттинчидан, судьялар касбий тайёргарлигини ошириш, судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали иш юритиш тартибини соддалаштириш ва фуқаролар ўртасида оворагарчиликларнинг олдини олиш борасида кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришимиз даркор.
Саккизинчидан, суд амалиётини доимий таҳлил қилиб бориш асосида тизимли қонун бузилишларини аниқлашимиз ҳамда соҳадаги камчиликларни қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш йўли билан бартараф этишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни кўришимиз лозим.
Ана шундай аниқ мақсадлар асосида биз доимо Ватанимиз, халқимиз манфаатларини ўйлаб, зиммамиздаги юксак ва масъулиятли вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчимиз ва виждонимиз буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга ваъда берамиз.
Муқаддас қасамёдимизга ҳамиша содиқ қоламиз!
ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ СУДЬЯЛАРИ