Меню
Қашқадарё
ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ РИВОЖИГА КУЧЛИ ТУРТКИ БЕРИШ, БУ ЕРДА ЯШАЁТГАН АҲОЛИ УЧУН МУНОСИБ ИШ ЎРИНЛАРИ ВА ТУРМУШ ШАРОИТИНИ ЯРАТИШ - БОШ МАҚСАД
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев жойлардаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида вилоятимизда бўлди. Давлат раҳбари сафар давомида Қашқадарё ва қашқадарёликлар, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида яқин истиқболда амалга оширилиши кўзда тутилаётган муҳим режалар ҳақида ҳам тўхталиб, жумладан, қуйидагиларни айтди:
Қашқадарё - қадимий ва табаррук замин, мард ва бағрикенг, меҳнаткаш ва лафзи ҳалол, ғурури баланд инсонлар юртидир. Бу воҳа ўзининг ноёб табиий бойликлари, улкан саноат салоҳияти билан юртимизнинг бугунги ижтимоий-иқтисодий ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келаётгани эл-юртимизга яхши маълум.
2700 йиллик тарихга эга Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарлари билан бутун халқимиз фахрланади. Ўрта асрларда Насаф, яъни бугунги Қарши Ислом цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшгани учун "Мадина" деган олий мақомга сазовор бўлган.
Бундай юксак мақомга Ислом оламида фақат 8 та шаҳар лойиқ кўрилган."Илм ва дин қуббаси" номини олган Шаҳрисабздаги Оқсарой, Дорус-саодат, Дорут-тиловат каби меъморий обидалар, Темурийлар Ренессанси даврининг буюк намуналари сифатида беқиёс аҳамиятга эга.
Испания Қироллигидан Амир Темур бобомиз ҳузурига элчи бўлиб келган Клавихонинг: "Парижнинг энг нозик дидли зодагонлари ҳам Оқсаройни кўрганида ҳайратдан лол қолар эди", деган сўзлари ҳам фикримизни тасдиқлайди.
* * *
Яқинда Шаҳрисабзда "Амир Темур - дунё олимлари ва адиблари нигоҳида" деб номланган халқаро конференцияни юқори даражада ўтказдик. Ўйлайманки, ушбу анжуманни ҳар икки йилда ўтказиб борсак, ўринли бўлади.
Бу борада дунё миқёсидаги тадқиқотларни умумлаштириб, янги изланишларга йўл очадиган "Темурийлар даври Ренессанси" илмий-маърифий марказини ташкил этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, Яккабоғ туманидаги Соҳибқирон Амир Темур туғилган Хўжа Илғор қишлоғини ободонлаштириб, замонавий инфратузилмалар яратсак, улуғ аждодларимиз олдидаги фарзандлик бурчимизни бажарган бўлар эди.
* * *
Вилоятда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича муҳит тўлиқ шаклланмаган. Шу боис, бугунги кунда вилоятда 150 мингдан зиёд аҳоли ишсиз. Келгуси беш йилда 280 мингга яқин ёшлар меҳнат бозорига кириб келиши ҳам иш ўринларига эҳтиёжни оширади. Шунинг учун, бугун Сизлар билан келгусида Қашқадарё вилояти ривожига кучли туртки бериш, бу ерда яшаётган аҳолига муносиб иш ўринлари ва турмуш шароитини яратиб бериш бўйича энг муҳим вазифалар ҳақида фикрлашиб олсак, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлади. Шу мақсадда тайёрланган беш йиллик дастуримизнинг энг асосий мақсади 400 мингта иш ўрни яратишга қаратилади. Бу борада, энг аввало, тадбиркорлик муҳитини шакллантириш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш керак.
* * *
Келгуси беш йилда саноат тармоқларида қарийб 10 миллиард долларлик 2 мингдан зиёд катта-кичик лойиҳалар амалга оширилади ва 150 мингта янги иш ўринлари яратилади.
Хусусан, янги кимё кластери ташкил этилиб, жами 2,7 миллиард доллар бўлган 12 та лойиҳа амалга оширилади. Нишон, Касби, Миришкор ва Яккабоғ туманларида тўқимачилик корхоналари очилади. Қурилиш материаллари тармоғида 740 миллион долларлик 430 та, озиқ-овқат саноатида 320 миллион долларлик 185 та лойиҳа бажарилади.
* * *
Қашқадарёдаги машҳур Ғилон қишлоғини ҳаммамиз яхши биламиз. Маълумотларга қараганда, мана шу қишлоқда кейинги беш йилда биронта ҳам оилавий ажрим қайд этилмаган. Биз буни қишлоқ аҳлининг ўзаро ҳамжиҳатлиги, маҳалла фаоллари, айниқса, нуронийларимизнинг жонкуярлиги натижаси деб биламиз. Бундай ижобий тажрибани бутун эл-юртимизга ибрат қилиб кўрсатсак, албатта арзийди.
* * *
Яна бир масала - Чироқчи тумани ҳудуди 2,8 минг квадрат километр бўлиб, вилоятнинг салкам ярим миллион аҳолиси ушбу туманда яшайди. Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларга кўра, одамлар ўзининг кундалик муаммоларини ҳал қилиш, давлат идораларига бориш учун 2-3 соатлаб вақт сарфлайди.
Шунингдек, туман ичида жамоат транспорти ривожланмагани оқибатида одамлар марказга келиш учун бир нечта транспортдан фойдаланиши, бунга 50 минг сўмгача харажат қилишга мажбур. Шу билан бирга, ўз пайтида туман Чироқчи ва Кўкдала ҳудудларига бўлинган эди. Шу боис, кўплаб аҳолининг мурожаатларини инобатга олиб, ушбу туман негизида Чироқчи ва Кўкдала туманларини ташкил этсак, нима дейсизлар?
Бундан ташқари, Шаҳрисабз тумани маркази ҳалигача Шаҳрисабз шаҳрида қолиб кетди. Бу туманнинг ривожланишини чекламоқда. Шуни инобатга олиб, Шаҳрисабз тумани марказини Чоршанба шаҳарчасига кўчириб, уни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилиш таклиф этилади.
* * *
Энг муҳим йўналиш - аҳоли саломатлиги, айниқса, оналар ва болаларимиз соғлиғини муҳофаза қилиш ҳисобланади.
Авваламбор, бу борада мамлакатимизда илк бор Қашқадарёда мутлақо янги тизим - "Она ва бола тиббиёт кластери"ни ташкил этишни таклиф қиламан. Бунда вилоятдаги болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, перинатал, скрининг ва репродуктив саломатлик марказлари ҳамда туғруқ комплекси бирлаштирилади.
Лўнда қилиб айтганда, қизларимизни оналикка тайёрлашдан бошлаб, боланинг туғилиши ва 18 ёшга етгунча кўрсатиладиган барча тиббий хизматлар бир жойда ташкил этилади.
* * *
Яна бир масала - Қашқадарёга келиб, футбол ҳақида гапирмаслик мутлақо мумкин эмас. Вилоятда бугунги кунда олий лигада иштирок этадиган "Насаф", "Шўртан", "Машъал" ҳамда Осиё ва Европада таниш бўлган аёлларнинг "Севинч" профессионал футбол клублари фаолият юритмоқда. Ушбу клублар тарбияланувчилари Отабек Шукуров ва Азизжон Ғаниев бугунги кунда Ўзбекистонимиз нуфузини бутун дунёга тарқатмоқда.
Шуни ҳисобга олиб, вилоятда футболни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича катта ишларни амалга оширамиз. Жумладан, Шаҳрисабз шаҳрида болалар ва ўсмирлар футбол маҳорати мактаби ташкил этилиб, унда 154 нафар иқтидорли ёш футболчи тайёрланади. Қарши шаҳридаги болалар ва ўсмирлар футбол маҳорати мактаби учун замонавий спорт базаси барпо этилади. Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи туманларидаги стадионлар тўлиқ таъмирланади. Ёшлар футбол билан мунтазам шуғулланиши учун спорт мактаблари, футбол маҳорат мактаблари, футбол академиялари, умумтаълим мактаблари сифатли спорт инвентарлари билан жиҳозланади.