Меню
Қашқадарё
Қашқадарё ҳудудида 1007 та сайлов участкаси тузилди
9 июль - муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни
Жорий йил 9 июль кунига белгиланган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёнида вилоятимиздаги 2 та шаҳар ва 14 та туман ҳудудлари доирасида жами 1007 та сайлов участкаси тузилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 13-Қашқадарё сайлов округида ташкил этилган брифингда маълум қилинди.
Округ сайлов комиссиясининг раиси Исоқ Аҳмедов сайловга тайёргарлик ишларининг бориши хусусида оммавий ахборот воситалари ходимларига маълумот берар экан, сайлов участкалари учун аҳоли вакилларига қулай бўлган бинолар танлаб олинганини таъкидлади. Жумладан, участкаларнинг 787 таси умумтаълим мактабларида, 58 таси касб-ҳунар коллежлари, лицей ва техникумларда, 48 таси маҳалла фуқаролар йиғинларида, 15 таси тиббиёт ва дам олиш масканлари, санаторийларда, 29 таси давлатга қарашли корхона ва ташкилотларда, 31 таси маданият ва спорт марказларида, 16 таси ҳарбий қисмлар ва озодликдан маҳрум этиш муассасаларида, 12 таси олий ўқув юртларида, 8 таси адлия ва давлат хизматлари марказларида, 3 таси тадбиркорлик субъектлари биноларида жойлашган.
Вилоят бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари аъзолари сони 9011 нафарни ташкил этади.
Брифингда қайд этилганидек, 9 июль куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига тўла амал қилган ҳолда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш бўйича ҳам алоҳида мезон тасдиқланган. Унга кўра, сайлов эълон қилинган кундан бошлаб, сайлов кунига 10 кун қолгунга қадар оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтишлари лозим бўлади.
13-Қашқадарё округ сайлов комиссиясининг матбуот маркази хабарига кўра, муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёни Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида белгиланган тартиб-тамойиллар асосида амалга оширилмоқда. Жумладан, марказий сайлов комиссиясининг қарори билан 13-Қашқадарё округ комиссияси ташкил этилди. Қарши шаҳри Мустақиллик шоҳкўчаси 35-уйдаги "Ўзбекнефтгаз" АЖ биносида жойлашган 13-Қашқадарё округ комиссияси таркибига сайловлар ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган 21 нафар фуқаро киритилган бўлиб, улардан 5 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.
Ўз мухбиримиз