Меню

Қашқадарё

22.08.2017 1961

ҚАШҚАДАРЁ: ТАРАҚҚИЁТ, САНОАТ ВА АГРОСАЛОҲИЯТ

Бу ҳақда Халқаро пресс-клубнинг  19 август куни вилоятимизда ўтган сайёр анжумани вақтида айтилди.

“Қашқадарё: тараққиёт, саноат ва агросалоҳият” мавзусидаги анжуманда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ва бошқалар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби 26 йиллик мустақил тараққиёт йилларида Қашқадарё вилоятининг ҳам ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳаётида улкан ўзгаришлар содир бўлгани, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси эса мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларини тараққиётнинг янги босқичига кўтаришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлашди.

Бугунги кунда республикада қазиб олинаётган газнинг 64 фоизи,        нефтнинг 67, газ конденсатининг 87,4 фоизи вилоят ҳиссасига тўғри келади. “Муборакнефтгаз”, Муборак газни қайта ишлаш заводи, “Шўртаннефтгаз” ва Шўртан газ-кимё мажмуаси каби заводларда айни дамда 30 мингдан зиёд киши меҳнат қилмоқда. 2020 йилда тугалланиши кўзда тутилган янги мега-лойиҳалар инновацион нефть-кимё соҳасига йўл очиши шубҳасиз.

Анжуманда истеъмол бозорини тўлдириш ва вилоят экспорт салоҳиятини янада ошириш имкониятлари ҳақида ҳам сўз юритилди. Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш масаласига эътибор қаратилди. Вилоятда 60 минг гектар майдонда такрорий экин, жумладан, дуккакли ўсимликлар: асосан, мош, ловия, нўхат экилди. Бу маҳсулотларни Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон каби давлатларга экспорт қилиш мўлжалланган.

Қашқадарё улкан салоҳиятли вилоят. Ҳудудда 420 минг тонна пахта, 1,5 миллион тонна ғалла етиштирилади. Лекин шу вақтгача етиштирилган пахтанинг бор-йўғи 6 фоизи қайта ишланар, ҳудуднинг ўзида ип-калава,     текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконияти деярли йўқ эди.

Жорий йилнинг 24-25 февраль кунлари Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида янгидан барпо этиладиган 6 та текстиль корхонаси лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Айни пайтда Хитойнинг “LT-textile” компанияси билан ҳамкорликда янги корхона қуриб фойдаланишга топширилди. Мутахассислар фикрича, шу йилнинг охирига қадар вилоятда етиштирилаётган пахтанинг 40 фоизини ўзимизда қайта ишлашга эришилади. 2018 йилда эса бу кўрсаткич 60 фоизга етказилиши режалаштирилган.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари вилоятимизда бўлганида иккита масалага алоҳида тўхталганди: соғлиқни сақлаш соҳасини яхшилаш ва инсонларнинг хотиржамлигини таъминлаш. Бутун дунёда кузатилаётгани каби бизда ҳам қандли диабет ва бошқа эндокринологик дардлар кўпаймоқда. Вилоятимизда эса шу вақтгача эндокринология шифохонаси йўқ эди. Юқумли касалликларни даволаш ва уларнинг олдини олиш борасида ҳам ишлар ўлда-жўлда, эски шифохона 1940-йилларда барпо этилган, кўриниши ўта аянчли, лабораториялари абгор аҳволда эди. Юрак касалликлари шифохонаси ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Вилоятда юрак касалликлари билан боғлиқ 130 мингдан зиёд бемор рўйхатга олинган бўлса, уларнинг 60 минги доимий текширувдан ўтиб    туриши керак, 300 нафари махсус стенд ўрнатилишига, агар бунга шу дард билан оғриган болаларни ҳам қўшадиган бўлсак, 4 минг нафарга яқин инсон операцияга муҳтож.

Шундан келиб чиққан ҳолда Президентимиз ташаббуси билан 120 ўринли эндокринология маркази, шунингдек, кардиохирургия маркази ва юқумли касалликлар шифохонасини янгидан қуриш учун 150 миллиард сўм  маблағ ажратилди. Кардиохирургия марказига Германиядан 3 миллион долларлик турли асбоб-ускуналар келтирилмоқда.

“Шу пайтгача бутун вилоятда 90 та тез тиббий ёрдам машиналари хизмат кўрсатган, уларнинг битта чақирувига 400 сўм пул ажратилган бўлса, айни пайтда бундай машиналар сони 209 тага етказилди, улар тўлиқ ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминланди. Чақирув учун тўлов ҳозир 1600 сўм, сентябрдан бошлаб ҳар бир чақирувга 2400 сўмдан берилиши белгилаб қўйилди”, деди вилоят ҳокими.

Анжуманда туризм имкониятларидан самарали фойдаланиш тажрибаси ва уни янада бойитиш бўйича ҳам сўз борди. Вилоятнинг сайёҳлик инфратузилмаси ва сервис хизматидаги камчиликлар ундан тўла фойдаланиш имкониятини бермаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шунга мувофиқ жорий йилда 12 тарихий-маданий объектни қайта тиклаш ва яхшилаш, туризм инфраструктурасини ривожлантириш, меҳмонхоналар, ресторанлар, сувенирлар дўконларини ташкил қилиш, маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бир қаторда калом илмининг буюк дарғаларидан бири Абул Мўъийн ан-Насафий асарларини тадқиқ этиш, у зот абадий қўним топган манзилни обод этиш, ақида мактабини барпо этиш ишлари қизғин кечмоқда.

Шунингдек, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси  Президентининг вилоят, туман ва шаҳарларимиздаги Халқ қабулхоналари мурожаатлар билан ишлаш, муаммо ва ташвишларига ечим топишда юксак самаралар бераётгани, сайёр қабулларда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларга тезкорликда ечим топилаётгани қайд этилди.

Аҳоли томонидан телефон ва ижтимоий тармоқлар орқали билдирилган таълим, бандлик, йўлларни таъмирлаш, янги қатновларни йўлга қўйиш, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ, жойларда одамлар учун янада қулайликлар яратишга оид ва бошқа таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Б.САЙФИЕВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!