Меню

Қашқадарё

24.01.2020 1887

ҚАШҚАДАРЁ САНОАТИДА 5,6 ФОИЗЛИК ПАСАЙИШ

нима сабабдан юзага келди?

Долзарб статистика

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2019 йилда Қашқадарёда саноат ишлаб чиқаришининг физик ҳажми индекси олдинги йилга нисбатан 94,4 фоизни ташкил қилган, яъни вилоятимизда бу муҳим тармоқда 2018 йил билан таққослаганда 5,6 фоизлик пасайиш кузатилган. Ўтган йил якуни бўйича воҳамизда мазкур соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 20 триллион 552 миллиард сўмга етганлигини инобатга олсак, бундай ортга чекиниш вилоят ва бутун республика иқтисодиётига қанчага тушганлигини англаш қийин эмас.

Қашқадарёда индустриал соҳада ўтган йил якунига кўра қайд этилган пасайиш даражаси нақадар салбий кўрсаткич эканлигини тушуниш учун вилоятимиз миқёсида 2012 йилдан буён саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми умуман камаймагани, аксинча, ҳар йили камида 4-5 фоиз, айрим пайтларда эса 6-7 фоизлик ўсиш қайд этилганини эслашнинг ўзи кифоя. Ҳатто 2012 йилда тармоқда маҳсулот ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг олдинги йилга нисбатан камайиши кузатилганда ҳам пасайиш даражаси (дастлабки маълумотларга кўра) бор-йўғи 0,8 фоизни ташкил этганди. Қолаверса, охирги ўн йилликда вилоятимиз саноати учун энг ёмон келган, деб ҳисобланган 2010 йилда ҳам мазкур соҳада ўша пайтдаги ҳисоб-китобларга кўра 3,2 фоизлик пасайиш қайд этилганди. Аммо орадан тўққиз йил ўтиб, ушбу аксилрекорд янгиланди...

Бундай ҳолат биргина Қашқадарё эмас, балки юртимизнинг айрим бошқа вилоятларида ҳам рўй бергандир, деб тахмин қилишингиз табиий. Бироқ Давлат статистика қўмитаси тақдим этаётган маълумотларга қараганда, 2019 йил якуни бўйича Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида (Қашқадарёдан ташқари) саноат ишлаб чиқаришининг физик ҳажми индекси 100 фоиздан юқори бўлган, яъни иқтисодиётнинг мазкур тармоғида ўсиш кузатилган. Масалан, Андижон вилоятида ушбу кўрсаткич 114,7 фоиз, Наманган ва Хоразм вилоятларида тегишли равишда 114 ва 111,7 фоиз, Тошкент шаҳрида эса 111,1 фоизга етган. Саноатдаги ўсиш суръати бўйича етакчилар сафидан жой ололмай, ортда қолган ҳудудлар рўйхатига кирган Навоий вилоятида 104,5 фоизлик, Сирдарё вилоятида эса 102,4 фоизлик кўрсаткич қайд қилинган. Биргина Қашқадарё саноат соҳасида 2019 йилда бир қадам олға юриш ўрнига икки қадам орқага чекинган.

"Бунинг асосий сабаблари нимада?" деган саволга вилоят статистика бошқармаси тақдим этган маълумотлардан жавоб излаймиз. Уларга кўра, Қашқадарёда жами саноат ишлаб чиқариши ҳажмидаги энг катта улуш (2019 йил якунига кўра 43,8 фоиз) тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш секторига тўғри келади. Бу сектордаги кўпгина корхоналар эса олдинги йилга нисбатан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кескин камайтириб юборган. Хусусан, табиий газ ҳажми 33 миллиард 691,2 миллион куб метрдан 32 миллиард 426,8 куб метргача (3,8 фоизга), газ конденсати 1 миллион 414,4 минг тоннадан 1 миллион 403,4 минг тоннагача (0,8 фоизга), нефть 565 минг тоннадан 529,8 минг тоннагача (6,2 фоизга), қум 173,4 минг тоннадан 146,7 минг тоннагача (15,4 фоизга), шағал 195,8 минг тоннадан 165,9 минг тоннагача (15,2 фоизга), чақиқ тош 148 минг тоннадан 116,3 тоннагача (21,5 фоизга) камайган.

Қашқадарё индустриясининг яна бир муҳим сектори - қайта ишлаш саноати ҳиссасига 2019 йилдаги жами саноат ишлаб чиқариши ҳажмининг 43,2 фоизи тўғри келди ва бу ерда ҳам маҳсулотларнинг кўпгина турлари бўйича 2018 йилга нисбатан сезиларли даражада пасайиш кузатилди. Хусусан, вилоятимизда йирик саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган пахта толаси ҳажми 118 минг 422 тоннадан 46 минг 999 тоннагача (60,3 фоизга), ўсимлик ёғи 23 минг 242,5 тоннадан 9 минг 342,1 тоннагача (59,2 фоизга), пластмасса қувурлари 4739 тоннадан 4495 тоннагача (5,1 фоизга), алкоголли ичимликлар  2 миллион 888 минг литрдан  2 миллион 678,1 минг литргача (7,3 фоизга), полиэтилен 135,1 минг тоннадан 134,7 минг тоннагача (0,3 фоизга) камайган.

Шу ўринда тан олиш керакки, ўтган йили қайта ишлаш саноати секторидаги корхоналарнинг айрим маҳсулотлари ҳажми бўйича сезиларли даражадаги ўсиш қайд этилган. Масалан, ип-калава бўйича ўсиш суръати 18,9 фоиз, калий хлориди бўйича эса 9,2 фоизни ташкил қилган. Бироқ баъзи бир саноат объектларида кузатилган юксалиш "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарда қазиб ва ишлаб чиқариш ҳажмининг камайиши, шунингдек, хом ашё тақчиллиги туфайли пахта тозалаш ва ёғ-мой заводларида юзага келган тўхташлар ўрнини қоплай олмади. 

Боз устига саноатнинг қолган секторлари - электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш ҳамда сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни утилизация қилишда ишлаб чиқаришнинг физик ҳажми индекси олдинги йилга нисбатан тегишли равишда 99,3 ва 72,3 фоизни ташкил қилиб, 0,7 ва 27,7 фоизлик пасайиш кузатилди.

Нефть-газ саноати, шунингдек, "Ўзпахтасаноат" ва "Ўзёғмойсаноат" тизимидаги корхоналарда айрим объектив ва субъектив сабабларга кўра кескин пасайиш кузатилган бир пайтда истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали вазиятни ижобий томонга ўзгартириш мумкин эди. Бироқ вилоятимизда истеъмол товарларининг жами саноат ишлаб чиқаришидаги улуши (2019 йил якунига кўра 19,6 фоиз) шу қадар пастки, бу турдаги маҳсулотлар ҳажмининг ўтган йили ҳатто 12,3 фоизга ўсиши ҳам тармоқдаги умумий вазиятга жиддий таъсир қила олмади. Таққос учун: республикада истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг жами саноатдаги улуши 33,7 фоизни ташкил қилади. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми бўйича эса Қашқадарё 1 миллион 237,7 минг сўмлик кўрсаткич билан республика ҳудудлари ўртасида охиридан учинчи ўринда турибди.

Вилоятимизда кичик бизнес корхоналарининг ҳам саноатдаги улуши анча паст - 2019 йил якунига кўра 23,2 фоизга (республика бўйича эса 34,9 фоиз) тенг бўлгани боис ушбу секторнинг бироз фаоллашуви соҳада кескин бурилишни вужудга келтиролмади. Индустриал гигантлардаги пасайиш фонида кичик саноатнинг жадал суръатларда ўсиши ҳам умумий ҳисобда деярли билинмай қолмоқда.

Вилоятимиз шаҳар ва туманларининг аксариятида 2019 йил якуни бўйича саноат ишлаб чиқаришининг физик ҳажми индекси 2018 йил билан таққослаганда 100 фоиздан ошган бўлса-да, мазкур кўрсаткичнинг кўплаб йирик корхоналар жойлашган Муборак (84,5 фоиз), Ғузор (94,7 фоиз) ва Косон (96,5 фоиз), шунингдек, Касби (67,2 фоиз) ва Қамаши (90,2 фоиз) туманларида анча паст бўлгани вилоят кўрсаткичига сезиларли даражада таъсир қилди.

Зеро воҳамиз саноат маҳсулотлари умумий ҳажмида энг катта улуш Муборак (31,6 фоиз) ва Ғузор (21,8 фоиз) туманлари, Қарши шаҳри (12,8 фоиз), Нишон (11,6 фоиз), Қарши (3,7 фоиз), Косон (3,1 фоиз) ва Деҳқонобод (2,7 фоиз) туманлари ҳиссасига тўғри келади. Қолган 8 та шаҳар ва туманнинг мазкур тармоқдаги умумий салмоғи эса 13 фоизга ҳам етмайди.

Дарвоқе, 2019 йилда Ўзбекистон бўйича ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмида Қашқадарёнинг улуши 6,2 фоизни ташкил этди. Ваҳоланки, бундан етти йил олдин мазкур кўрсаткич қарийб 11 фоизга тенг эди. Бу рақамнинг ҳам кескин пасайишига биргина ўтган йилги ортга чекиниш эмас, балки вилоятимизда узоқ вақт давомида, ҳатто саноатда ўсиш кузатилган йилларда ҳам қулай имкониятларнинг қўлдан бой берилгани сабаб бўлган.

Ботир ТЕМИРОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!