Меню

Қашқадарё

27.10.2020 1342

Қашқадарё кинологлари – биринчи

Қарши шаҳрида жорий йилнинг 21-23 октябрь кунлари ИИВ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш тизимидаги кинология хизмати ходимлари ўртасида кўпкураш мусобақасининг республика босқичи бўлиб ўтди. Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, ИИВ тизимидаги қоровул қўшинлари бош бошқармаси ҳарбий хизматчилардан иборат 15 та жамоа таркибида 60 нафар кинолог ходим хизмат итлари билан қатнашди.

“Насаф” марказий ўйингоҳида бўлиб ўтган мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Ички ишлар вазирлиги патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Отабек Шарипов сўзга чиқиб, кейинги йилларда соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар, янгиланишлар жиноятларнинг олдини олиш ва рўй берганларини фош этишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 сентябрдаги қарорига мувофиқ кинология хизматининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, кинологларни замонавий техника, махсус ва алоқа воситалари билан таъминлаш, фаолиятни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Беллашувлар вилоят ИИБ кинология хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими питомнигида ўтказилди. “Умумий курс”, “Тўсиқларни ошиб ўтиш”, “Биатлон”, “Шахс танлаш”, “Из олиш”, “Буюм танлаш”, гиёҳванд ва портловчи моддаларни қидириб топиш каби йўналишларда кинологлар бириктирилган хизмат итлари билан бор маҳоратларини ишга солишди.

Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида 1-ўрин Қашқадарё вилояти ИИБ жамоасига насиб этди. Ғолиб жамоага 1-даражали диплом, мусобақа кўчма кубоги ва “Дамас” автомашинаси тантанали равишда топширилди. 2-ўринни эгаллаган – Тошкент шаҳар ИИББ ва Андижон вилояти ИИБ жамоалари компьютер жамланмаси билан, 3-ўринни банд этган ИИВ қоровул қўшинлари бош бошқармаси ва Жиззах вилояти ИИБ жамоалари эса рангли телевизор билан мукофотланди.

Шунингдек, мусобақада номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!