Меню

Қашқадарё

03.11.2022 8068

ҚАШҚАДАРЁ КЕНГ МИҚЁСЛИ ЎЗГАРИШЛАР ОҒУШИДА

Тараққиёт манзиллари

Муротжон АЗИМОВ,

Қашқадарё вилояти ҳокими

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда инсон қадрини улуғлаш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳар бир соҳада олиб борилмоқда. Ҳудудларда янгиланишлар давом эттирилиб, одамларнинг турмуш тарзи янада яхшиланмоқда. Ўзгаришлар ҳар бир шаҳар марказидан тортиб энг чекка қишлоқларгача кириб бормоқда.

Жорий йилнинг 25 октябрь куни Президентимиз раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий­иқтисодий ривожлантириш чора­тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Мажлисда давлатимиз раҳбари топшириғига биноан, вилоятимиз учун тарихий ўзгаришларга асос бўладиган бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Аниқ натижалар кўзга ташланяпти

Президентимизнинг юртимиз ижтимоий­иқтисодий салоҳиятини оширишга қаратилган қарор ва фармонлари ижроси бугун вилоятда ўз аксини топмоқда. Хусусан, тадбиркорлик муҳити яхшилангани ҳисобига жорий йилнинг ўтган 9 ойида 12 минг 500 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, улар сони 74 минг 400 тага етди. Тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш учун жами 2,4 триллион сўм, шундан "Оилавий тадбиркорлик" дастури бўйича 22 минг нафар талабгорга 561 миллиард сўм кредит ажратилди.

Маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари фаолият бошлаганидан сўнг кўплаб иқтисодий кўрсаткичларимизда аниқ натижалар кўзга ташлана бошлади. Яъни аҳоли бандлиги, норасмий иш ўринларини расмийлаштириш, ўзини ўзи банд қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш, ноқонуний тадбиркорлик субъектларини қонунийлаштириш шулар жумласидан.

Президентимизнинг видеоселектордаги кўрсатмаларига асосан, келгуси йилда ҳам бу имкониятлардан кенг кўламда фойдаланамиз. Хусусан, маҳаллабай ишлаш орқали 15 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектини ташкил қиламиз. Ҳоким ёрдамчилари томонидан қиймати 2,5 триллион сўмлик 11 мингта лойиҳа пакети шакллантирилган, оилавий тадбиркорлик бўйича 800 миллиард сўм кредит, 29 миллиард сўм субсидия берилади. Тадбиркорлар учун 123 та давлат объекти, 350 гектар ер майдони аукционга чиқарилади.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, Касби туманидаги Қамаши маҳалласи тажрибаси бўйича барча туманларда "Обод маҳалла марказлари" ташкил қилинмоқда. Айни пайтда Қарши тумани Хониён маҳалласидаги эски маданият саройи тўлиқ таъмирланиб, "Обод маҳалла маркази"га айлантирилмоқда. Бу ерда мономарказ, маданият саройи, ҳунармандлик ва 15 дан ортиқ савдо ва сервис объектини қамраб олган яхлит мажмуа бўлади. Ҳозир қурилиш ишлари бошланган. Бундан ташқари, 3700 та хонадон оқова сув билан таъминланмоқда.

Вилоят истеъмол бозорида парранда ва балиқ гўшти билан таъминланиш даражаси паст. Шундан келиб чиқиб, ташаббускорлар кўмагида Кўкдала туманида 70 гектар майдонда паррандачилик кластери ташкил этилмоқда. Бу ерда ҳар бири 25 сотихдан 10 минг парранда боқишга мўлжалланган комплекс қурилади. Лойиҳага зарур инфратузилма (сув, йўл, газ ва электр энергияси) учун маҳаллий бюджетдан 10 миллиард сўм ажратилади.

Қарши шаҳрида йирик бизнес маркази қурилади. 120 минг квадрат метр майдонли савдо комплекси, конгресс ҳолл, 4 юлдузли меҳмонхона, 12 та ресторан, дунёдаги 10 та бренднинг (кийим-кечак) фирма дўконлари, 3 қаватли автотураргоҳ, кўнгилочар масканлар бунёд этилади.

Саёҳат учун жозибали таклиф

Йиғилишда давлатимиз раҳбари вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш борасида ҳам қатор вазифалар ва топшириқлар берди. 2023 йилда 1 миллион 750 минг (хорижий 150 минг) сайёҳни жалб этиш мақсад қилинди.

Қашқадарё иккинчи туристик ҳалқада жойлашган бўлиб, Самарқанд ва Бухорога ташриф буюрган хорижий сайёҳларни жалб қилишнинг ўзиданоқ ушбу режани бемалол бажаришимиз мумкин.

Транспорт билан таъминланганлик даражасини ошириш мақсадида Самарқанд ва Бухоро йўналишида автобус ва тезюрар поезд қатновини йўлга қўйиш масаласи кўтарилди ва давлатимиз раҳбари томонидан бу таклиф маъқулланди. Ишлар амалга оширилгач, Самарқандга келадиган 200 минг хорижий сайёҳни жалб қилиш имконияти яратилади.

Бухоро йўналишида А380 йўлини таъмирласак, камида 50 минг хорижий сайёҳни жалб қилишимиз мумкин.

Вилоятда сайёҳларнинг қолиш муддати қисқа. Шу сабабли, "Саҳродан музликкача" туризм   магистрали доирасида 2 та туристик кластер, 22 та туризм маҳалласи ва 7 та туризм тематик қишлоғи ташкил қилиб, хизматларни кўпайтиришга урғу бердик. Туристик зонада меҳмонхоналар, кафе, ресторан ва замонавий осма дор йўллар қуриш кўзда тутилган.

Мазкур масалада Италия, Франция, Австрия ва Хитой компаниялари билан музокаралар ўтказилди. Яқин кунларда Хитой компанияси, Франциянинг "Пома" компанияси вакиллари билан инвестиция киритиш масаласини муҳокама қилиб оламиз. Натижада чет эллик сайёҳлар сонини уч баробар, маҳаллий сайёҳлар сонини икки баробар ошириш, экспорт салоҳиятимизни 10 миллион доллардан 100 миллион долларгача етказиш, 14 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш имконияти пайдо бўлади.

Саноат янада ривожланади

Вилоят саноатини ривожлантириш ҳам муҳим вазифаларимиздан бири. Боиси, бугунги кунда мазкур соҳада 45 минг нафарга яқин фуқаро ишлайди. Воҳамиздаги мавжуд йирик саноат корхоналари билан кафолатли харид механизми жорий қилинмоқда. Бу йўналишда қиймати 640 миллиард сўмлик 65 та лойиҳа шакллантирилди. Шу билан бирга, саноат зоналари салоҳиятидан фойдаланиш учун вилоятимизда имкониятлар кенг. Жумладан, Шаҳрисабз шаҳридаги бўш турган объектларда 50 та лойиҳа асосида янги кичик саноат зоналарини ташкил этишни вазифа қилиб олдик. Норуда қазилмаларни ўзлаштириш ҳисобига 22 та конни аукционга чиқариш ва уларнинг сотилиши натижасида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва қўшимча қийматини белгилаш бўйича топшириқ берилди.

Тўқимачилик ҳам вилоятимизда энг яхши ривожланаётган соҳалардан бири. Пахтани қайта ишлашни бугунги кунда 32 фоиздан 56 фоизга чиқаришимиз керак. Бунинг учун 12 та лойиҳа ишга туширилади. Натижада 3 ярим мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.

Электротехника ҳамда қурилиш саноатини ривожлантириш ҳам олдимизда турган муҳим вазифалар сирасига киради. Давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, Қарши эркин иқтисодий зонасида 310 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилади. Пировардида, ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6 триллиондан    9 триллион сўмга, аҳоли жон бошига эса 4,4 миллион сўмдан 6,3 миллион сўмга етказилади. Жумладан, бугунги кунда "Solаr" электротехника    кластери ташкил этилди.

Келгуси йилда фойдаланишдан чиқарилган 18 минг гектар ерни 22 мингта лотга бўлиб фойдаланишга киритиш, 10 минг 500 гектар ерни аҳолига тарқатиш режалаштирилган. Ҳар бир фермер ва деҳқон хўжаликлари далаларининг четида 7 миллион 200 мингта тут ва ток кўчати экилади. Бу эса аҳолининг қўшимча даромад топишига, ипакчилик ва озиқ-овқат саноати ривожига хизмат қилади.

2023 йилда вилоятда умумий қиймати 1,9 миллиард долларлик 174 та истиқболли йирик    инвестиция лойиҳаси шакллантирилган бўлиб, уларни амалга ошириш истагида бўлган салоҳиятли хорижий ташаббускорларни аниқлаш бўйича чет элдаги дипломатик ваколатхоналаримиз билан ҳамкорлик қилинмоқда.

Сув таъминоти - асосий масала

Вилоятимиздаги долзарб масалалардан бири - сув таъминоти. Шу боис, биринчи навбатда, воҳада ичимлик ҳамда оқова сув билан таъминлаш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Келгусида 14 минг километр канал, 4 та насос станцияси, 10 километрдан ортиқ коллектор кластерларга ажратиб берилади. Шунингдек, 30 та тик қудуқ қазилиб, 9 минг 300 хонадондаги 744 гектар томорқа сув билан таъминланади. Умуман, бу соҳага жами 73 миллиард сўм йўналтирилади.

Жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 500 километр қувур тортилиши натижасида 55 маҳаллага ичимлик сув кириб борди. Келгусида яна 60 маҳалланинг сувга бўлган эҳтиёжи қондирилади.

Видеоселектор йиғилишида Президентимиз Косон ва Муборак туманларида ичимлик сув таъминотини яхшилаш борасидаги лойиҳаларни тезлаштириш, Қарши шаҳридаги канализация тизимини реконструкция қилиш бўйича ҳам тегишли вазирлик ва идораларга топшириқ берди.

Уй-жой билан таъминлаш даражаси ошади 

Кейинги йилларда вилоятда уй-жой билан таъминлаш даражасини ошириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу борада йиғилишда ҳам алоҳида топшириқ олдик. Албатта, аҳолининг яшаш шароити яхшиланса, одамлар кайфияти кўтарилади. Жорий йилнинг ҳозирги даврига қадар 1512 хонадонли 55 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Шунингдек, айни пайтда Косон ва   Яккабоғ туманларидаги Янги Ўзбекистон массивларида 1116 хонадонли 55 та кўп қаватли уй қурилмоқда. 1349 та хонадонга эга 36 кўп қаватли уй йил якунига қадар қуриб битказилади. Давлатимиз раҳбари йиғилиш давомида Қарши ва Китоб туманида Янги Ўзбекистон массивларини ташкил этиш ва Косон, Яккабоғ, Кўкдала ҳамда Ғузор туманларидаги Янги Ўзбекистон массивларида кўп қаватли уйлар қурилиши суръатини ошириш бўйича кўрсатма берди. Бу массивлар атрофида 3 та мактаб, 4 та болалар боғчаси, 3 та тиббиёт муассасасини жойлаштириш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Финляндия модели жорий этилади

Йиғилишда таълим сифатига жиддий ўзгартиришлар киритиш ҳақида сўз борди. Келгусида Финляндия модели асосида туман ва шаҳарлардаги мактабларда пилот лойиҳа сифатида таълим жараёнини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Бугунги кунда вилоятда 1217 мактаб мавжуд бўлиб, миллий рейтингда 13-ўринда турибмиз. Бу кўрсаткич қониқарсиз, албатта. Келгусида юқоридаги режалар амалга ошиши натижасида рейтингдаги ўрнимиз юқорилашига эришамиз.

2017 йил бошида вилоятда атиги 317 мактабгача таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугун улар сони 2866 тага етди. Аммо бу ҳали етарли дегани эмас. Қилинадиган ишлар талайгина. Йиғилиш доирасида боғчаларнинг моддийтехник таъминотини ошириш, таълим сифатини яхшилаш бўйича топшириқ олдик. Шунингдек, вилоятимизда қатор соҳаларда қилиниши лозим бўлган вазифалар берилди. Бу асосида бугунги кунда мақсадли режалар ишлаб чиқдик.

Вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор воҳамиз тараққиётида янги даврни бошлаб бериши шубҳасиз. Боиси, Президентимиз топшириқлари асосида келгусида кўпгина соҳада улкан ўзгаришлар ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Бу эса Янги Ўзбекистонда янги    Қашқадарёнинг замонавий қиёфасини яратади.

("Янги Ўзбекистон" газетасининг 2022 йил 28 октябрь сонидан олинди).

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!