Меню

Қашқадарё

30.06.2020 1708

ҚАШҚАДАРЁ ГИЛАМЧИЛИГИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ

Қарор ва шарҳ

Президентнинг 2020 йил 26 июндаги тегишли қарори билан мамлакатимизда миллий ҳунармандчиликнинг қўлда гилам тўқиш турини ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланди.

Қарорда таъкидланганидек, тарихий анъаналаримизни ўзида мужассам этган, ота-боболаримиздан қадимий мерос бўлиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий гиламчилигимизни ривожлантириш ҳам ички, ҳам ташқи бозор учун рақобатбардош маҳсулотлар ассортиментини кўпайтириш, янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Қарорда гилам учун сифатли хом ашё - жун етиштириш салмоғини оширишдан тортиб, қўлда гилам тўқиш бўйича тадбиркорлик ташаббусларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тайёр маҳсулотни реализация қилиш билан боғлиқ қатор вазифалар белгиланган.

Жумладан, сифатли хом ашё етиштириш салмоғини ошириш мақсадида "меринос" зотли қўй ҳамда "ангор" зотли эчкиларни кўпайтириш учун Наманган вилоятидан 1000 гектар, Тошкент, Жиззах, Самарқанд вилоятларидан 2 минг гектардан ҳамда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан 3 минг гектардан яйлов ер майдонлари ажратилади.

Шунингдек, хом ашё етиштирувчи хўжаликларга ишлаб чиқарувчиларга сотган "меринос" зотли қўй ҳамда "ангор" зотли эчки жунининг ҳар бир килограмми учун икки минг сўмдан субсиялар ажратилади. Бунда субсидия бериш "Ўзбекчорванасл" агентлиги томонидан амалга оширилади.

Маълумки, мамлакатимизнинг турли ҳудудлари, хусусан, вилоятимизда ҳам қўлда гилам тўқиш соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо айни вақтда уларнинг аксарияти фақат маҳаллий бозор билан чекланиб қолаётган, маҳсулотини ташқи бозорда намойиш этиш, реализация қилишда қийинчиликларга дуч келаётган эди.

Қарорда бу жиҳатга ҳам эътибор қаратилиб, ҳунарманлар ва тадбиркорлар томонидан қўлда тўқилган гиламларнинг кўргазмаларини ўтказиш, савдо расталарини ташкил этиш бўйича амалга ошириладиган ишлар белгиланди.

Жумладан, 2021 йилдан бошлаб Тошкент шаҳрида ҳар икки йилда бир маротаба қўлда тўқилган гиламлар халқаро фестивали ўтказилади.

Шунингдек, тегишли мутасаддиларга жорий йил якунига қадар Самарқанд, Бухоро, Хива ҳамда Шаҳрисабз шаҳарларидаги туристлар ташриф буюрадиган маданий мерос объектлари ҳудудларида қўлда тўқилган гиламлар кўргазма-савдо расталари (дўконлари)ни ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилган.

Бундан ташқари, қарорда қўлда тўқилган гиламларнинг экспортини амалга оширувчилар, зарур дастгоҳларни харид қилаётганлар, қўлда гилам тўқиш ва хом ашё етиштириш билан боғлиқ лойиҳаларни йўлга қўювчиларга давлат томонидан турли имтиёзлар берилиши, субсидиялар ажратилиши кўзда тутилганки, буларнинг бари мамлакатимизда ушбу соҳани кенг ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ж.ҚИЛИЧОВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!