Меню

Қашқадарё

30.05.2024 5605

ҚАШҚАДАРЁ АҲОЛИСИНИНГ 37,6 ФОИЗИ БОЛАЛАРДИР

Долзарб статистика

Статистик маълумотларга кўра, жорий йил 1 январь ҳолатида вилоятимизда болалар сони 1 миллион 337 минг 662 нафарни, яъни Қашқадарё аҳолиси умумий сони (3 миллион 560,6 минг нафар)нинг 37,6 фоизини ташкил этмоқда.

Маълумки, "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бўйича бола - бу ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахсдир. Шундан келиб чиқиб, вилоят статистика бошқармаси томонидан эълон қилинган "Ёш гуруҳлари бўйича доимий аҳоли сони"га доир очиқ маълумотларга мурожаат этсак, болалар воҳамиз аҳолисининг энг йирик гуруҳи эканлигига амин бўламиз. Зеро, вилоятимиз доимий аҳолисининг 1 миллион 337,6 нафардан ортиғи (37,6 фоизи) 0-17 ёшдаги болалар бўлса, 984,5 минг нафари (27,6 фоизи) 18-34 ёшда, 954,3 минг нафари (26,8 фоизи) 35-59 ёшда, 277,4 минг нафари (7,8 фоизи) 60-84 ёшда, яна қарийб 6,8 минг нафари (0,2 фоизи) эса 85 ёшда ва ундан каттадир.

Вилоятимизда яшовчи болаларнинг ёш гуруҳлари бўйича сонига келсак,  шу йил 1 январь ҳолатида 0-2 ёшдагилар 288,6 минг нафар (жами болаларнинг 21,6 фоизи), 3-5 ёшдагилар 248,8 минг нафар (18,6 фоиз), 6-7 ёшдагилар 148,5 минг нафар (11,1 фоиз), 8-15 ёшдагилар 540,6 минг нафар (40,4 фоиз), 16-17 ёшдагилар 111,2 минг нафар (8,3 фоиз)ни ташкил этган.

Вилоят статистика бошқармасининг демография ва меҳнат статистикаси бўлими тайёрлаган таҳлилий шарҳда қайд этилганидек, йилнинг дастлабки уч ойида Қашқадарёда 21,5 минг нафар чақалоқ туғилган, шундан 10,1 минг нафари қиз бўлса, 11,4 минг нафари ўғил боладир. Шу давр ичида энг кўп чақалоқ Косон (1990 нафар), Қамаши (1897), Чироқчи (1765) ва Қарши (1708) туманларида дунёга келган.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!