Меню

Қашқадарё

25.07.2024 5809

Қашқадарё 6 ойда жаҳоннинг 70 дан ортиқ мамлакати билан 600 миллион долларлик савдо қилган

Долзарб статистика

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида қашқадарёлик ишбилармонлар 70 дан ортиқ хорижий мамлакатлар вакиллари билан савдо алоқаларини амалга оширишди. Натижада  вилоятимизнинг шу даврдаги ташқи савдо айланмаси ҳажми    608,4 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Вилоят статистика бошқармаси эълон қилган дастлабки маълумотларга кўра, Қашқадарёда ташқи иқтисодий фаолиятнинг асосий кўрсаткичи ўтган йилнинг январь-июнь ойларидаги тегишли рақам (296,4 миллион доллар)га нисбатан 2,1 бараварга ошган. Воҳамизнинг олти ойлик ташқи савдо айланмаси ҳажмининг катта қисми Хитой Халқ Республикаси (206,9 миллион доллар ёки умумий ҳажмининг 34 фоизи), АҚШ (66,9 миллион доллар ёки 11 фоиз), Туркия (54,9 миллион доллар ёки 9 фоиз), Россия Федерацияси (53,4 миллион доллар ёки 8,8 фоиз) ва Нидерландия (35,4 миллион доллар ёки 5,8 фоиз) ҳиссасига тўғри келмоқда.

Биринчи ярим йилликда Қашқадарё маҳсулотлари дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатига сотилиб, экспорт ҳажми 2023 йилнинг тегишли даври билан таққослаганда 1,4 баравар кўпайган ва 275,6 миллион долларга етган. Чет элга йўналтирилган товар ва хизматларимизнинг энг катта харидорлари АҚШ (64,9 миллион доллар ёки вилоят жами экспортининг 23,5 фоизи), Туркия (45,2 миллион доллар ёки 16,4 фоиз), Россия Федерацияси (42,1 миллион доллар ёки 15,3 фоиз), Бирлашган Араб Амирликлари (22,2 миллион доллар ёки 8,1 фоиз) ва Покистон (14,5 миллион доллар ёки 5,3 фоиз) компанияларидир. Экспорт таркибида, айниқса, тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда минерал ёқилғилар улуши каттадир.

Шу йил январь-июнь ойлари давомида импорт борасида ҳам 50 дан ортиқ хорижий мамлакатлар компаниялари билан ҳамкорлик қилиниб, чет элдан 332,9 миллион долларлик маҳсулотлар сотиб олинган. Ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 3,3 баравар ўсиш кузатилган ва бу асосан катта миқдорда машина ва асбоб-ускуналар олиб келиниши натижасида қайд этилган. Йил бошидан буён воҳамизга хориждан олиб келинган маҳсулотларнинг катта қисми Хитой (194,4 миллион доллар ёки вилоят жами импортининг 58,4 фоизи), Нидерландия (35,3 миллион доллар ёки 10,6 фоиз), Германия (18,9 миллион доллар ёки 5,7 фоиз), Эквадор (16,1 миллион доллар ёки 4,8 фоиз) ва Россия Федерацияси (11,3 миллион доллар ёки 3,4 фоиз) каби мамлакатлардан импорт қилинган.

Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятимиз ташқи савдо айланмаси сальдоси (яъни экспорт ва импорт ўртасидаги тафовут) манфий бўлиб, - 57,3 миллион долларни ташкил этган.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!