Меню
Қашқадарё
ҚАШҚАДАРЁ 2024-2025 ЙИЛЛАРДА: МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАР ВА УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАР
Қарор ва шарҳ
Қашқадарёда 2024-2025 йилларда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми тегишлича - 5,8 фоизга ва 6 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми - 8 фоизга ва 8,5 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажми - 4,5 фоизга ва 5 фоизга, бозор хизматлари ҳажми - 14 фоизга ва 15 фоизга ўсиши мақсад қилинган.
Шу ва бошқа асосий мақсадли кўрсаткичлар мамлакатимиз Президентининг ўтган йил 14 декабрдаги "Қашқадарё вилоятини 2024-2025 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгилаб берилган. Бугун муштарийларимизни мазкур ҳужжатнинг қисқача шарҳи билан таништирамиз.
Жорий йилда 550 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади
Қашқадарё вилоятини 2024-2025 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичларига мувофиқ, воҳамизда 2024 йилда 550 минг ва 2025 йилда 600 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланиши назарда тутилган. Шунингдек, 2024 йилда республика бюджетидан 100 миллиард сўм ажратиш ҳисобига вилоятимиз ҳудудида 90 километр, 2024-2026 йилларда халқаро молия институтлари ва хорижий давлатлар маблағлари ҳисобидан 316 километр, жами 406 километр каналлар бетонлаштирилади. Бундан ташқари, яқин икки йил ичида воҳамиздаги суғориладиган ер майдонларини лазерли текислаш натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда унумдорликни 20 фоизга ошириш режалаштирилган.
Умумий фойдаланишдаги ва ички автомобиль йўлларини таъмирлаш учун 2024 йилда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан 220 миллиард сўм ажратилиб, 2024-2026 йилларда халқаро молия ташкилотларидан 122,5 миллион АҚШ доллари жалб қилинади. Шунинг эвазига жами 364 километр (шундан 189 километр умумий фойдаланишдаги ва 175 километр ички) автомобиль йўлларининг ҳолати тубдан яхшиланади.
Шу билан бирга жорий йилда республика бюджетидан 52 миллиард сўм ажратиш ҳамда халқаро молия ташкилотларидан 31 миллион АҚШ долларини жалб қилиш ҳисобига жами 321 километр ичимлик сув тармоқлари ва 18 та сув иншоотини қуриш орқали ичимлик сув таъминоти қамрови 73,6 фоизга етказилади.
Маълумки, Президент ташаббуси билан 2024 йил Қашқадарё вилоятида "Мактаб таълими ва тиббиёт йили" деб эълон қилинган. Қарорда мазкур ташаббус расман тасдиқланиб, бу борада зарур чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси қўйилган. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 390 миллиард сўм ажратиш ҳисобига 64 та умумтаълим мактабида қурилиш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилади.
Туризм йўналишида режалаштирилаётган лойиҳаларни молиялаштириш учун вилоятга 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция маблағларини жалб этиш ҳисобига жорий йилнинг ўзида 4 миллион нафар маҳаллий ҳамда 500 минг нафар хорижий турист ташрифини ташкил этиш мўлжал қилинган.
13 та кондан фойдаланиш ҳуқуқлари аукционга чиқарилади
Қарор матнида қайд этилганидек, уни қабул қилишдан мақсад "Қашқадарё вилоятининг мавжуд ижтимоий-иқтисодий, шу жумладан, ишлаб чиқариш ва инвестиция салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ҳудудда муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларини барқарор ривожлантириш, шу асосда аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш"дир. Шундан келиб чиқиб, мазкур ҳужжатга мувофиқ вилоятда 2024-2025 йилларда аҳоли бандлигини таъминлашнинг режа кўрсаткичлари (ҳудудлар, соҳалар ва йиллар кесимида) ва суғориладиган ер майдонларини лазерли текислашнинг режа кўрсаткичлари (ҳудудлар ва йиллар кесимида) ҳамда Қашқадарё вилоятидаги норуда фойдали қазилма конлари жойлашган ер майдонларига бўлган ҳуқуқларни аукцион савдоларига чиқариш графиги тасдиқланди. Мазкур график бўйича жорий йилнинг биринчи чорагида аукционга 5 та фойдали қазилма кони, жумладан, Нишон туманидаги Бўйноқсой (чинни хомашёси учун кварц), Китоб туманидаги Қайнар-II кони 2-участкаси (оҳак учун оҳактош) ва Севаз (табиий пардозбоп тошлар учун мармар) ҳамда Миришкор туманидаги Зеварда ва Қорабулоқ (минерал туз хомашёси) жойлашган ерларга бўлган ҳуқуқлар савдога чиқарилади. Йилнинг иккинчи чорагида эса яна 8 та кон, жумладан, Нишон туманидаги Нишон (қурилиш ишлари учун қум) ҳамда Чироқчи туманидаги Қалкама, Қамаши туманидаги Қамаши-I, Қарши туманидаги Манғит ва Қарши-V, Косон туманидаги Нигуз, Ғузор туманидаги Ғузор ва Китоб туманидаги Хайрабод-1 (барчаси - ғишт-черепица хомашёси учун лёссимон жинслар) конларига навбат келади.
Ҳужжатга биноан, шунингдек, Қашқадарё вилоятини 2024-2025 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш юзасидан республика ишчи гуруҳи таркиби ҳамда воҳамиз шаҳар ва туманларига (шаҳарларига) бириктирилган вазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбар ходимлари рўйхати ҳам тасдиқланган. Қарорда белгиланган вазифаларга қараганда, бу раҳбар ходимлар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириб, экспорт салоҳиятини оширишади, мавжуд захира ва имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда аҳолининг доимий даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлашади, янги иш ўринларини ташкил этишади. Бундан ташқари, уларнинг зиммасига ҳудудни комплекс ривожлантириш мақсадида қабул қилинган фармон, қарор ва топшириқлар ижросининг ўз вақтида ва сифатли таъминланишини ташкиллаштириш ва белгиланган вазифаларни амалга ошириш жараёнида вужудга келган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул вазирлик ва идоралар билан бирга зарур чораларни кўриб бориш функциялари ҳам юклатилган.
Саноатни ривожлантириш лойиҳа офиси тузилади
Президент қарорига мувофиқ вилоятимиз ҳокимлиги ҳузурида 10 та штат бирлигидан иборат Саноатни ривожлантириш лойиҳа офиси очилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда вилоятимиз ҳокимлиги таклифига асосан ташкил этиладиган мазкур тузилманинг фаолияти Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ҳудудий тузилмалари штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобига йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан лойиҳа офисига бир қатор вазифалар юклатилган экан, уларни бажариш чоғида янги тузилма саноат соҳасида фойдаланилмаётган захираларни аниқлаш ва уларни сафарбар этишни назарда тутувчи Саноатнинг жадал ривожланиши концепциясини ишлаб чиқиб, вилоятнинг ҳар бир ҳудудини ўзаро узвий ҳолда ривожлантириш орқали вилоятни республикада саноати ривожланган ҳудудга айлантириш чораларини кўради. Айни пайтда замонавий конструкторлик ва тажриба бюроларига эга бўлган "Илдам ривожланувчи инновацион саноат зоналари"ни барпо этиб, инновацион ва юқори технологияли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этади.
Мазкур тадбирлар амалга оширилиши учун вилоятимиз ҳокимлиги зарур тажрибага эга бўлган нуфузли халқаро консалтинг компаниясини жалб қилади. Ушбу компания, ўз навбатида, "Илдам ривожланувчи инновацион саноат зонаси"ни ташкил этиш концепцияси ёки мастер-режасини ишлаб чиқади. Бу мақсадлар учун республика бюджетидан 10 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Қарорда аниқ кўрсатиб берилган тартиб-тамойилга кўра, биринчи босқичда (яъни олти ойгача бўлган муддатда) лойиҳа офиси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда халқаро консалтинг компанияси билан биргаликда хомашё ва меҳнат ресурслари, атрофдаги ҳудудларда жойлашган йирик саноат корхоналари ва саноат зоналари билан кооперация алоқаларини ривожлантириш имкониятлари ҳамда бошқа омиллардан келиб чиқиб, белгиланган ҳудудлар доирасида ишлаб чиқариш корхоналарининг мақбул жойлашувини белгилаш бўйича таклифларни ишлаб чиқади. Шу билан бирга бу тузилма мутахассислари "яшил", инновацион ва рақамли технологияларга ҳамда юқори қўшилган қиймат яратишга асосланган товарларнинг истиқболдаги бозор конъюнктураси асосида ишлаб чиқариш йўналишлари ва маҳсулот турлари бўйича таклифларни шакллантиради.
Иккинчи босқичда (яъни бир йилгача бўлган вақт ичида) тегишли вазирликлар иштирокида ҳудудларнинг ривожланишига туртки берувчи, илғор илмий ишланмалар ва инновацион технологияларга асосланган юқори қўшилган қиймат яратувчи салоҳиятли инвестиция лойиҳа таклифлари рўйхати тузилади. Шундан сўнг бу лойиҳаларнинг мақбул жойлашувини таъминлашни инобатга олган ҳолда ер майдонларини алоҳида ва йирик лотларга ажратиш орқали мулк ва ижара ҳуқуқи асосида очиқ аукцион савдоларига чиқариш бўйича таклифлар тайёрланади. Инвесторлар орасида қизиқишни кучайтириш мақсадида ҳар бир ҳудудга таниқли хорижий компаниялар (брендлар)ни жалб қилиш чоралари кўрилади.
Якуний босқичда (яъни икки йилгача бўлган даврда) эса келгуси 5 йилда вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини камида 2 баробарга ошириш ва 2024-2025 йилларда камида 400 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 30 та йирик (асосий фармацевтика маҳсулотлари, электротехника маҳсулотлари) ва катта (кимё маҳсулотлари, электр ускуналари) бизнес лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда экспорт салоҳиятини 3-4 баробарга оширишнинг иқтисодий асослари тайёрланади. Мазкур тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
150 минг гектарда тупроқнинг агрокимёвий таҳлили харитаси ишлаб чиқилади
Президент имзолаган ҳужжатда уч ой муддатда яна бир қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, ҳукуматга киритиш топшириғи акс этган. Мазкур қарорда вилоятимиз сув хўжалиги ташкилотлари ҳисобидаги 406 километр суғориш тармоқларини манзилли дастур асосида босқичма-босқич бетонлаштириш ишларини амалга ошириш ва уларнинг молиялаштириш манбаи этиб 2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасидаги маблағлар ҳамда Хитой Халқ Республикасининг имтиёзли кредит маблағлари белгиланиши назарда тутилиши зарур.
Қамаши ва Ғузор туманларидаги 25 минг гектар суғориладиган ер майдонларининг сув таъминотини яхшилаш мақсадида Пахтаобод каналини модернизация қилишга Жаҳон банкидан зарур маблағларни жалб қилиш бўйича тегишли музокаралар ва тадбирларни амалга ошириш учун ҳам Сув хўжалиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликлари, вилоятимиз ҳокимлигига уч ой муддат берилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига эса вилоятимиз ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда қишлоқ хўжалиги ерларида тупроқнинг озуқа моддалари билан таъминланганлик даражасини аниқлаш мақсадида 2024 йилда қўшимча равишда 10 та мобиль лаборатория фаолиятини ташкил қилиб, 150 минг гектарда тупроқнинг агрокимёвий таҳлили харитасини ишлаб чиқиш ва унинг ердан фойдаланувчиларга етказиб берилишини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Сирасини айтганда, давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 14 декабрдаги қарори Қашқадарё вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Президент ва ҳукумат томонидан аввал қабул қилинган бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда воҳамизнинг яқин икки йил ичидаги юксалишининг асосий йўналишлари белгиланган ва аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этадиган кўплаб чора-тадбирлар жамланган.
Темур НИЗОМОВ тайёрлади.